Хакимова Камола Фарруҳ қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Проблемы обеспечения адвокатской тайны в организации деятельности адвокатских формирований”, 12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура ихтисослиги (юридик фанлар). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Yu1468.
Илмий раҳбар: Неъматов Жасур Аминжонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.04
Расмий оппонентлар: Абзалов Хуршида Мирзиятовна – юридик фанлар доктори, профессор; Хайриев Нодиржон Исроилович – юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади адвокатлик сири институтини ҳамда адвокатлик тузилмаларининг фаолиятида махфийликни таъминлаш муаммоларини комплекс таҳлил қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида адвокатлик сири кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
амалдаги қонунчиликда адвокатлик сири бузилишига оид жавобгарлик чоралари етарли даражада самарали эмаслиги сабабли адвокатлик сири бузилишини интизомий жавобгарлик нуқтаи назаридан бир марталик қўпол қоидабузарлик деб белгилаш зарурияти асослантирилган;
адвокатлик сирининг чегараларини аниқ белгилаш заруратидан келиб чиқиб, адвокат ишонч билдирувчи шахсга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида олган ҳар қандай ахборот адвокатлик сири сифатида ҳимоя қилиниши лозимлиги асослантирилган;
бюджет ҳисобини юритиш ва давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам ҳажмини маъмурий қайд этиш мақсадларини инобатга олган ҳолда, адвокат томонидан “Юридик ёрдам” давлат ахборот тизимига маълумот жойлаштирилиши ишонч билдирувчи шахс ва адвокат ўртасидаги ишончли муносабатлар моҳиятини ошкор қилишга қаратилмаганлиги, узатилаётган маълумотлар ҳисоб-маъмурий характерга эга бўлиб, фақат адвокатнинг амалга оширган фаолиятини молиялаштириш ва бюджет маблағларининг шаффоф сарфланишини таъминлаш учун зарур бўлган маълумотларни қайд этишга қаратилганлиги илмий асосда асослантирилган;
махфийликнинг судлов тизимини шакллантирувчи асосий омил эканини инобатга олган ҳолда, адвокатура ўз фаолиятини адвокатлик сирига қатъий риоя қилиш асосида амалга ошириши, ушбу сир эса адвокатлик фаолиятининг барча турларида, жумладан давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдамда ҳам ўз мажбурий кучини сақлайдиган фундаментал ва мутлақ тамойил сифатида эътироф этилиши лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши.
Тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
адвокатлик сири бузилишини бир марталик қўпол қоидабузарлик деб эътироф этиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги Низомга ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 24-декабрдаги 20/2-14164/8-сонли далолатномаси). Мазкур ўзгартиришнинг татбиқ этилиши адвокатларнинг касбий сирни сақлаш масъулиятини ошириш ва ишонч билдирувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
адвокат юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида олган ҳар қандай ахборотни (ҳужжатлар, тушунтиришлар, далиллар мазмунини ҳамда адвокатга мурожаат қилинганлиги фактини) адвокатлик сири деб эътироф этиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасининг 3-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2022-йил 23-ноябрдаги 8/10–0659-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф адвокатлик сири тушунчасини белгилашга ва адвокатлик сирига ҳужжатлар, тушунтиришлар, далиллар мазмуни ҳамда адвокатга мурожаат қилинганлиги ҳақидаги факт киришини тушунтиришга хизмат қилди;
адвокат томонидан “Юридик ёрдам” давлат ахборот тизимига маълумотлар киритилиши фақат ҳисоб-китоб ва маъмурий қайд этиш характерига эгалиги ва адвокатлик сири тамойилини бузмаслиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуни 15-моддасини ишлаб чиқишда қўлланилган (2025-йил 12-сентябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг № 9/дн-178-сонли далолатномаси). Ушбу таклифдан фойдаланиш юридик ёрдам тизимини адвокатлик сирини ошкор қилиш хавфисиз самарали бошқариш имконини берувчи ҳуқуқий позицияни шакллантиришга асос бўлди;
адвокатлик сири тамойилини мутлақ ва адвокатлик фаолиятининг барча турларида, жумладан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишда ҳам мажбурий кучга эга тамойил сифатида мустаҳкамлаш таклифи Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуни 4-моддасини тайёрлашда инобатга олинган (2025-йил 12-сентябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг № 9/дн-178-сонли далолатномаси). Ушбу таклифдан фойдаланиш адвокатлик сирини юридик ёрдам шакли ва манбаидан қатъи назар, мутлақ қадрият сифатида эътироф этиладиган яхлит ҳуқуқий тизимни шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish