Бабаев Абдулазиз Фахритдиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Товламачиликнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатлари”, 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Жиноят-ижроия ҳуқуқи, 12.00.15 – Криминология” (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Yu756.
Илмий раҳбар: Салаев Нодирбек Сапарбаевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент Давлат Юридик университети DSc.07/2025.27.12.Yu.01.04
Расмий оппонентлар: Рустам Кабулов, юридик фанлар доктори, профессор; Пайзиев Дилшат Юлдашбаевич, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзгалар мулкини товламачилик йўли билан талон-торож қилганлик учун жавобгарлик белгиланган нормани ва товламачиликни олдини олишни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида қўлланилган “тамагирлик йўли билан” атамасини “товламачилик йўли билан” атамасига алмаштириш лозимлиги асосланган;
жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйиш, шунингдек жабрланувчини шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш орқали содир этилган товламачилик ҳолатларини Жиноят кодексининг 165-моддаси диспозициясига киритиш лозимлиги асослантирилган;
тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа маданий қимматга эга бўлган ашё ёки ҳужжатларни қонунга хилоф равишда эгаллаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ва мазкур жиноятнинг жавобгарликни оғирлаштирувчи қисмига “товламачилик йўли билан” квалификациявий белгини киритиш лозимлиги асосланган;
товламачиликда жабрланувчи қўрқув таъсири остида ҳаракат қилиши, эрки синдирилган бўлиши, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглиштирилган бўлиши лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Товламачиликнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳтларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйганлик, шунингдек жабрланувчини шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи таклиф Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи қисми таркибига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 12-сентябрдаги №3/08-170-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши товламачилик жиноятининг обектив томонини тўғри аниқлашга, жиноят содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо тайинлашни ва суд ҳукмларининг сифатини оширишга хизмат қилган;
тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа маданий қимматга эга бўлган ашё ёки ҳужжатларни қонунга хилоф равишда эгаллаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ва мазкур жиноятнинг жавобгарликни оғирлаштирувчи қисмига “товламачилик йўли билан” квалификациявий белгини киритишга доир таклиф Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тайёрланган янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасининг 278-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармасининг 2022-йил 14-июндаги 27/2-129-22-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилиниши тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа маданий қимматга эга бўлган ашё ёки ҳужжатларни қонунга хилоф равишда эгаллаш учун жавобгарликни дифференциация қилинишига ва ушбу предметларнинг жиноят-ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида қўлланилган “тамагирлик йўли билан” атамасини “товламачилик йўли билан” атамасига алмаштириш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тайёрланган янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳаси ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармасининг 2022-йил 14-июндаги 27/2-129-22-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилиниш Жиноят кодексида “тамагирлик”
ва “товламачилик” атамаларини фарқлашга ва жиноятларни тўғри ва аниқ квалификация қилишга хизмат қилган;
товламачиликдан фирибгарликни фарқлашга оид қуйидаги “Товламачиликда жабрланувчи қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади, эрки синдирилган бўлади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглиштирилган бўлади” мазмундаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори
26-банди учинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 19-августдаги 08/343-25-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши фирибгарликни товламачиликдан фарқлашга ва суд ҳукмларининг сифатини оширишга хизмат қилган.