Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятини баҳолаш мақсадида тадқиқотчилар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижалари таҳлил қилинди. Сўровномада иштирок этган респондентлар илмий кенгашлар фаолияти, аттестация жараёнининг шаффофлиги, онлайн ҳимояларни ташкил этиш, коррупцияга қарши механизмлар самарадорлиги ҳамда жараёнларни такомиллаштириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Таҳлил натижалари
Таҳлил натижаларига кўра, респондентларнинг аксарияти илмий кенгашлар фаолиятини ижобий баҳолаган. Жумладан:
•    илмий кенгашларнинг тадқиқотчиларга муносабати ва аттестация жараёнининг шаффофлиги юқори баҳоланган;
•    коррупция ҳолатларига дуч келиш ҳолатлари жуда кам учраган ёки умуман қайд этилмаган;
•    коррупцияга қарши назорат механизмлари аксарият иштирокчилар томонидан самарали деб баҳоланган;
•    онлайн ҳимояларни ташкил этиш, бир марталик илмий кенгашлар фаолияти ва айрим ташкилий жараёнларни янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Очиқ саволлар бўйича берилган таклифлар таҳлили шуни кўрсатдики, иштирокчилар асосан жараёнларнинг очиқлиги ва рақамлаштирилишини кенгайтириш, ҳимоя жараёнларини соддалаштириш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илмий нашрлар бўйича амалий кўмакни кучайтириш зарурлигини таъкидлаганлар.
Таклифлар
Сўровнома натижаларидан келиб чиқиб, қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
1.    Илмий кенгашлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш, қабул қилинаётган қарорлар ҳамда жараёнлар тўғрисида ахборотларни мунтазам эълон қилиб бориш.
2.    Аттестация жараёнларини рақамлаштиришни кенгайтириш, ҳужжатларни электрон қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш.
3.    Онлайн ҳимояларни ташкил этиш сифати ва техник инфратузилмасини янада такомиллаштириш, иштирокчилар учун қулай ва барқарор платформалардан фойдаланиш.
4.    Коррупциянинг олдини олиш бўйича профилактик чораларни кучайтириш, мурожаатларни қабул қилишнинг аноним механизмларини такомиллаштириш ҳамда назорат тизимларини мунтазам баҳолаб бориш.
5.    Илмий кенгашлар фаолиятига оид норматив талаблар бўйича тадқиқотчилар учун тушунтириш семинарлари ва ўқув тадбирларини мунтазам ташкил этиш.
6.    Илмий мақолаларни нуфузли халқаро маълумотлар базаларида индексланувчи журналларда нашр этиш бўйича амалий маслаҳат ва методик кўмакни кучайтириш.
7.    Халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда хорижий илмий кенгашлар билан тажриба алмашиш механизмларини йўлга қўйиш.
8.    Илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича сўровномаларни мунтазам ўтказиб, натижалар асосида аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.
Хулоса
Сўровнома натижалари илмий кенгашлар фаолиятига нисбатан умумий ижобий баҳолар устунлигини кўрсатди. Шу билан бирга, рақамлаштириш, онлайн хизматларни такомиллаштириш, ташкилий жараёнларни соддалаштириш ва коррупцияга қарши профилактик механизмларни янада кучайтириш бўйича таклифларни амалга ошириш илмий кенгашлар фаолияти самарадорлиги ва очиқлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish