Айрим ижтимоий тармоқлар ва ахборот платформаларида Олий аттестация комиссияси фаолияти, хусусан, илмий даражаларни тасдиқлаш жараёнлари юзасидан ҳақиқатга тўлиқ мос келмайдиган ҳамда асоссиз хулосалар билдирилмоқда.

Аввало таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони асосида Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Фармонга кўра 2027 йил 1 январга қадар Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация ҳимояси тўғрисида эълон берилган ва диссертация ҳимоясини ўтказган изланувчиларга илмий даражалар мазкур Фармон кучга киргунга қадар амалда бўлган тартибга мувофиқ берилиши белгиланган. Шу боис, аттестация жараёнларининг қонунийлиги, холислиги ва узлуксизлиги тўлиқ таъминланмоқда. Шунингдек, Олий аттестация комиссияси Раёсати таркибида ҳозирда ҳеч қандай ўзгариш амалга оширилмаган. Шу боис, илмий даражаларни тасдиқлаш жараёнини Раёсат таркиби билан боғлаш учун ҳеч қандай асос мавжуд эмас.
Илмий даражаларни тасдиқлаш жараёни тегишли низомлар асосида амалга оширилади. Ҳар бир аттестация иши белгиланган талабларга кўра меъёрий-техник ва илмий экспертизадан ўтказилади. Шу боис айрим ишларнинг кўриб чиқилиш муддати тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, аниқланган камчиликларни бартараф этиш зарурати ёки қўшимча ўрганиш талаб этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳолат муайян фан соҳасига нисбатан муносабат билан эмас, балки амалдаги тартиб-таомилларга риоя этилиши билан изоҳланади.
Ижтимоий-гуманитар фанларга нисбатан эътиборсизлик ёки камситиш мавжудлиги ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди. Олий аттестация комиссиясида барча фан тармоқлари бўйича аттестация жараёнлари ягона мезонлар ва тенг ҳуқуқлилик тамойили асосида амалга оширилади. Илмий тадқиқотларни баҳолашда фан йўналиши эмас, балки диссертациянинг илмий савияси, янгилиги, амалий аҳамияти ва амалдаги талабларга мувофиқлиги, белгиланган нашрларда эълон қилингани асосий мезон ҳисобланади.
Шунингдек, илмий даражаларни тасдиқлаш бўйича айрим даврлардаги статистик кўрсаткичларни бир ой кесимида солиштириб, жараёнлар тўхтаган ёки секинлашган, деган хулосага келиш ҳам тўғри эмас. Аттестация ишлари ҳар ойда турли ҳажмда келиб тушади, уларнинг мураккаблиги ва кўриб чиқиш босқичлари ҳам бир хил бўлмаслиги табиий. Шу сабабли алоҳида ойлар кесимидаги рақамлар умумий жараённи холис акс эттирмайди.
Олий аттестация комиссияси томонидан жараёнларни ноқонуний ҳаракатлар асосида тезлаштиришга уринишлар ҳақида огоҳлантирувчи ахборотларнинг эълон қилиниши, аттестация жараёнларининг очиқлиги, қонунийлиги ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат таъминланаётганининг амалий ифодасидир. Бу каби мурожаатлар барча манфаатдор шахсларни ноқонуний ҳаракатлардан огоҳлантириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Олий аттестация комиссияси илмий даражалар ва илмий унвонлар бериш тизимининг шаффофлиги, қонунийлиги ва сифатини таъминлашга устувор аҳамият қаратиб келмоқда. Бу жараёнда илмий жамоатчилик билан очиқ мулоқот ва конструктив ҳамкорликка ҳамиша тайёрдир.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан фақат ишончли ва расмий манбаларга таянган ҳолда хулоса чиқаришларини, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз.

ОАК Ахборот хизмати.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish