
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Олий аттестация комиссияси томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида диссертация ҳимояси жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Фармонга мувофиқ 2026 йил 1 августдан бошлаб диссертация ҳимояси билан боғлиқ барча жараёнлар ягона онлайн электрон платформа орқали амалга оширилиши белгиланган. Шу муносабат билан ахборот тизимини яратиш, уни давлат ахборот ресурслари билан интеграция қилиш, функционал имкониятларини синовдан ўтказиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ишлари деярли тўлиқ якунланиш арафасида.
Бунда ягона электрон платформанинг функционал имкониятларини бойитиш, фойдаланувчилар учун қулай ва самарали ишлашини таъминлаш, ҳужжатлар айланишини соддалаштириш ҳамда инсон омилини камайтиришга қаратилган илмий жамоатчилик томонидан билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янги электрон платформа орқали диссертация ва авторефератни электрон шаклда тақдим этиш; рецензентлар ва расмий оппонентларнинг хулосаларини электрон тарзда қабул қилиш; диссертация ҳимояси жараёнларини режалаштириш; илмий ишларни баҳолаш ва тегишли қарорларни расмийлаштириш каби барча асосий босқичлар рақамли муҳитда амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини баҳолашга оид рейтинг ягона автоматлаштирилган электрон ахборот порталида юритилади. Рейтинг мезонлари ҳамда баҳолаш натижалари интернет тармоғи орқали очиқ эълон қилиниши таъминланади.
Мазкур рақамли муҳит аттестация жараёнларида очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш, инсон омилини қисқартириш, муддатларни оптималлаштириш ҳамда илмий даражалар бериш тизимида замонавий рақамли бошқарув механизмларини жорий этишда муҳим қадам бўлмоқда.
Олий аттестация комиссияси томонидан платформани белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириш ҳамда ундан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича ташкилий ва техник ишлар изчил давом эттирилмоқда.
ОАК Ахборот хизмати