Олий аттестация комиссияси томонидан «Ижтимоий-гуманитар ихтисосликларда долзарб мавзуларни танлаш ва уларни шакллантириш масалалари» мавзусида овозли чат форматида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Миллий университети кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор Жамила Жумабаева маъруза билан иштирок этиб, ўзининг кўп йиллик илмий-педагогик ва амалий тажрибасига таянган ҳолда мазкур йўналишдаги муҳим масалалар юзасидан тақдимот қилди.
Онлайн семинар давомида ижтимоий-гуманитар соҳаларда диссертация мавзуларини танлаш мезонлари, илмий муаммони тўғри шакллантириш, тадқиқот мавзусининг долзарблиги ва илмий янгилигини асослаш, шунингдек, илмий изланишларни самарали режалаштириш бўйича амалий тавсия ва таклифлар берилди.

 
Тадбирда докторантлар, мустақил изланувчилар, ёш олимлар, илмий раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий даража берувчи илмий кенгашлар аъзолари иштирок этди. Иштирокчилар томонидан мазкур онлайн семинар диссертация мавзуларини илмий асосланган ҳолда танлаш ва шакллантириш юзасидан муҳим амалий аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Маърузадан сўнг иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги саволларига профессор Жамила Жумабаева томонидан батафсил жавоблар берилди, долзарб масалалар юзасидан фикр ва тавсиялар билдирилди.
Очиқ мулоқот якунида тингловчилардан келгусида қайси мавзулар бўйича амалий онлайн семинар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ экани юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдириш сўралди.


ОАК Ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish