Данияров Қуатбай Дауирхановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солишнинг молиявий механизмини такомиллаштириш (Қорақалпоғистон Республикаси мисолида)”, 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Iqt34.
Илмий раҳбар: Зайналов Жаҳонгир Расулович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Кузиева Наргиза Рамазоновна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Қурбанов Хайрилла Абдурасулович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон Республикаси мисолида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солишнинг молиявий механизмини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тижорат банклари кредитларининг асосий капиталга қилинган инвестицияларни молиялаштириш ҳажмидаги салмоғини кредитлашнинг лизинг, факторинг, форфейтинг шаклларини қўллаш орқали ошириш таклиф этилган;
кичик бизнес субъектларининг экспорт фаолиятини молиялаштириш жиҳатидан қулай ва мувофиқ бўлган молиявий ресурс турларини жалб қилиш ва жойлаштирилишини таъминлаш орқали экспортдаги улушини ошириш таклиф қилинган;
фермер хўжаликлари фаолиятини молиялаштириш ҳажмини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бонификация ва кафолат усулларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали ошириш асосланган;
фермерларнинг ташқи савдо фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида тўлов мажбуриятлари ва товарлар сифати юзасидан бериладиган кафолатлар ва ҳужжатлаштирилган аккредитивлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солишнинг молиявий механизмини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалари асосида:
тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини модернизациялаш жараёнини кредитлашнинг инновацион усулларини қўллаш орқали тижорат банклари кредитларининг асосий капиталга қилинган инвестицияларни молиялаштириш ҳажмидаги салмоғини ошириш таклифи Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жорий этилган (Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг 2019 йил 28 мартдаги 01/10-14/1–сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик субъектларининг асосий капиталга қилинган инвестицияларини молиялаштиришнинг умумий ҳажмида тижорат банклари кредитларининг салмоғи 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 1,9 фоизли пунктга ошганлиги кўзда тутилган;
кичик бизнес субъектларининг экспортини тартибга солишнинг молиявий механизмини такомиллаштириш орқали кичик бизнеснинг экспортдаги улушини ошириш таклифи Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жорий этилган (Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг 2019 йил 28 мартдаги 01/10-14/1–сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида Қорақалпоғистон Республикаси экспорти ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 1,1 фоизли пунктга ошиш имконияти яратилган;
фермер хўжаликлари фаолиятини молиялаштириш жараёнини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бонификация ва кафолат усулларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали фермер хўжаликлари фаолиятини молиялаштириш ҳажмиин ошириш таклифи Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан жорий этилган. (Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг 2019 йил 15 июлдаги 01/03-2002–сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилган молиявий маблағлар ҳажми 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 13,7 фоизга ошганлиги кўзда тутилган;
фермерларнинг ташқи савдо фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида тўлов мажбуриятлари ва товарлар сифати юзасидан бериладиган кафолатлар ва ҳужжатлаштирилган аккредитивлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш таклифи Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан жорий этилган (Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг 2019 йил 15 июлдаги 01/03-2002–сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолияти бўйича тўловлари ҳажми 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 17,3 фоизга ошишига эришган.