Хусанов Анвар Джумабаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Йўл-транспорт ҳодисаларини қайд этишнинг криминалистик таъминотини такомиллаштириш», 12.00.09–Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Yu172.
Илмий раҳбар: Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.I.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Пулатов Бахтиёр Халилович, юридик фанлар доктори, профессор; Тулаганова Гулчехра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: инновацион криминалистик технологиялар ёрдамида йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишнинг криминалистик таъминоти самарадорлигини ошириш йўлларини аниқлашга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жиноят-процессуал қонунчиликда йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишнинг криминалистик таъминоти чоғида экспертиза муассасасидан ташқаридаги экспертнинг мақомини ҳуқуқий мустаҳкамлаш лозимлиги исботланган;
замонавий инновацион технологиялар асосида жиноят содир этилган жойни кўздан кечириш вақтида йўл-транспорт ҳодисасининг қайд этилишини криминалистик таъминлашда трасологик криминалистик экспертиза ва тадқиқотлар, махсус турдаги автотехник ва бошқа турдаги экспертизаларни ўтказиш амалиётини жорий этиш зарурати илмий асосланган ҳамда унинг тартиб-таомиллари ва механизмлари ишлаб чиқилган;
сифатли ва мақбул далилларни тўплаш самарадорлигини ошириш учун қонун ҳужжатларида йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишни криминалистик таъминлашга имкон берувчи суд-транспорт-трасологик, суд-трасологик ва бошқа турдаги экспертизалар ўтказиш ҳуқуқини нодавлат ташкилотларга ҳам беришни назарда тутувчи нормаларни белгилаш зарурати илмий асосланган;
йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишнинг криминалистик таъминоти самарадорлигини ошириш учун мазкур тоифадаги ишлар бўйича анъанавий ва махсус турдаги экспертизаларни бирлаштириш асосида йўл-транспорт ҳодисаси механизмини комплекс тадқиқ этиш зарурлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни очиш ва тергов қилиш жараёнида йўл-транспорт ҳодисасининг қайд этилишини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишнинг криминалистик таъминоти чоғида экспертиза муассасасидан ташқаридаги экспертнинг мақомини ҳуқуқий мустаҳкамлашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 183-моддасини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 7 августдаги 06/1-05/2778-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши қонунчилик ва амалиётда йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишнинг криминалистик таъминоти механизми билан боғлиқ мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларнинг тугатилишига хизмат қилган;
замонавий инновацион технологиялар асосида жиноят содир этилган жойни кўздан кечириш вақтида йўл-транспорт ҳодисасининг қайд этилишини криминалистик таъминлашда трасологик криминалистик экспертиза ва тадқиқотлар, махсус турдаги автотехник ва бошқа турдаги экспертизаларни ўтказиш амалиётини жорий этишга доир таклиф ва хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2898-сон Қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 2-бобини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 20 ноябрдаги 21/1347-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши илмий асосланган далиллар олиш учун йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишда криминалистик экспертизалар ўтказиш механизмини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
илмий асосланган далилларга эга бўлишда йўл-транспорт ҳодисасининг қайд этилишини криминалистик таъминлашга имкон берувчи суд-транспорт-трасологик, суд-трасологик ва бошқа турдаги экспертизаларни ўтказиш ҳуқуқини нодавлат ташкилотларга ҳам беришга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4125-сон Қарорига 1-илова билан тасдиқланган рўйхатни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 2 декабрдаги 21/1479-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши суд-транспорт-трасологик, суд-трасологик ва бошқа турдаги экспертизаларни сифатли ўтказиш, суд-экспертиза муассасаларида замонавий автоматлаштирилган тизим, дастур ва маълумот базалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда иш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
йўл-транспорт ҳодисасини қайд этишнинг криминалистик таъминоти самарадорлигини ошириш учун мазкур тоифадаги ишлар бўйича анъанавий ва махсус турдаги экспертизаларни бирлаштириш асосида йўл-транспорт ҳодисаси механизмини комплекс тадқиқ этишга қаратилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2017 йил 18 июндаги «Эксперт-криминалистика бўлинмалари иш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 108-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқноманинг 28-бандини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 21/14-сон маълумотномаси). Таклифларнинг жорий этилиши автотехник, трасологик ва бошқа турдаги экспертизалар ўтказилишининг криминалистик тактикасини такомиллаштиришга, йўл-транспорт ҳодисасининг қайд этилиши, жиноятларнинг очилиши ва тергов қилинишини криминалистик таъминлаш бўйича амалиёт самарадорлигини оширишга хизмат қилган.