Давлатимиз раҳбарининг 2026-йил 26-майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони соҳада янги даврни бошлаб бераётган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир. Бинобарин, ушбу фармон нафақат мавжуд тизимни такомиллаштириш, балки илмий даража бериш, докторантура фаолияти, илмий кенгашлар масъулияти ва академик ҳалолликни таъминлаш бўйича мутлақо янги ёндашувларни жорий этишни кўзда тутмоқда.

Амалдаги олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизими салкам ўн йилга яқин муддат мобайнида муайян ижобий натижалар берди. Жумладан, докторантура институтлари кенгайди, илмий изланувчиликка қизиқиш кучайди, моддий-техник базалар янгиланди, олий таълим муассасаларида илмий фаоллик ошди.
Бундай ижобий ўзгаришларни яна давом эттириш мумкин. Бироқ вақт ўтиши билан тизимда қатор муаммолар ҳам юзага чиққани ҳақиқат. Хусусан, бугун очиқлик ва шаффофлик, илмий-ижодий эркинликка устуворлик берилаётган бир даврда ортиқча бюрократик жараёнлар, ҳужжатбозлик кўплиги, илмий кенгашлар фаолиятидаги айрим номувофиқликлар, илмий тадқиқотлар ва реал иқтисодий эҳтиёжлар ўртасидаги боғлиқлик тўлиқ таъминланмагани соҳада чуқур ислоҳотларни амалга ошириш эҳтиёжини яққол намоён этди.
Баҳодир Жовлиев,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси