Хабибуллаева Ферузахон Казимжановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Миллий ўзига хосликни қайта яратиш таржима адекватлиги мезони сифатида («Ўткан кунлар» романининг рус тилидаги таржималари мисолида)», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, қиёсий тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Fil468
Илмий раҳбар: Қуронов Дилмурод Хайдаралиевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.01.10.
Расмий оппонентлар: Қосимов Абдугопир Абдукаримович, филология фанлари доктори, профессор; Камилова Саодат Эргашевна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи таржимасининг адекватлигини таъминлашда аслиятдаги миллий ўзига хосликни қайта яратишнинг етакчи аҳамияти ва ролини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
таржимашуносликнинг адабий ва лингвистик назариялари нуқтаи назаридан «адекватлик» ва «адекват таржима» атамалари маъноси аниқлаштирилган, «адекват таржима» ва «таржимада миллий ўзига хосликни қайта яратиш» тушунчаларининг чамбарчас боғлиқлиги асосланган;
«Ўткан кунлар» романи таржималарининг аслиятга мувофиқлиги илмий асосланган ҳолда баҳоланган, биринчи таржиманинг ноадекватлиги унинг ҳукмрон мафкура таъсирида «собиқ иттифоқ ўқувчиси»га мослаштирилгани натижасида миллийликни қайта яратишга эътиборнинг сусайгани, таглама асосида амалга оширилгани учун миллий бўёқларнинг хиралашгани асослаб берилган;
иккинчи таржиманинг ноадекватлигига олиб келган асосий сабаб таржимага «узатувчи» маданият нуқтаи назаридан ёндашилгани, аслиятга содиқликка интилган ҳолда таржима тилининг грамматик ва стилистик меъёрларидан четлашилгани, сўз-реалияларнинг аксарияти транслитерация ёки транскрипция усулида ўгирилгани таржиманинг русийзабон китобхон томонидан қабул қилинишига тўсиқ бўлганлиги аниқланган;
романдаги психологизм унсурлари: аналитик психологизм, психологик тасвирнинг драматургик усули, диалог репликалари, қаршилантириш ва ўхшатиш асосида персонаж руҳиятини акс эттириш ҳолатларини таржимада қайта яратишнинг муҳимлиги ва бунинг миллийликни қайта яратишдаги аҳамияти очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши
Аслиятдаги миллий колоритни рус тилида қайта яратиш ва адекватлик даражасини қиёсий чоғиштирма ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида:
миллий олам манзараларини рус тили воситалари билан қайта яратиш бўйича илмий назарий хулосалар «Абдулла Қодирий қомусларини яратиш» мавзусидаги ФА-Ф1-Г039 рақамли тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 6 мартдаги 3/1255-628-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларидан фойдаланиш лойиҳа доирасида тайёрланган «Қодирий энциклопедияси» материалларини бойитишга хизмат қилган;
Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романининг рус тилига таржималари адекватлигининг илмий асосланган баҳоси, даврнинг ижтимоий-маданий шарт-шароитларига хос хусусиятлар, бадиий таржимага қўйиладиган талаблар ва уларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги аҳамияти ўзгаришига оид хулосалардан «Ўзбекистон» телеканалида эфирга узатилган «Ибратга йўғрилган умр» ва «Тилга эътибор» кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 24 майдаги 20-24/93-сон маълумотномаси). Натижалар ва материаллардан фойдаланилиши ўзга тилли маданият вакилларининг бадиий матнни баҳолашларида таржиманинг аҳамиятини кўрсатишга хизмат қилган;
таржимашуносликнинг адабий ва лингвистик назариялари нуқтаи назаридан «адекватлик» ва адекват таржима тушунчаларининг аҳамиятини кўрсатадиган хулосалар, миллий маданият белгиларини асарнинг рус тилига таржималарида қайта яратиш масаласига доир илмий натижалар «Қиёсий адабиётшунослик» ўқув қўлланмасининг алоҳида бўлимини тайёрлашда қўлланган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 4 июлдаги 89-03-2684-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларидан фойдаланиш қўлланманинг назарий материалларини бойитишга хизмат қилган;
тадқиқот натижалари мутахассислик фанлари («Қиёсий адабиётшунослик», «Адабиёт назарияси», «Ўзбек адабиёти тарихи», «Қиёсий типология») бўйича ахборот-коммуникатив технологиялар асосида яратилган дарсликлар материалларини тайёрлашда фойдаланилган ҳамда улар Тожикистон Республикаси Бобожон Ғафуров номидаги Хўжанд давлат университети ўқув жараёнига татбиқ этилган университет электрон ўқув ресурслари базасини бойитган (Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг 2019 йил 29 августдаги 01/5124-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларидан фойдаланиш ўқув материалларининг бойитилишига ҳамда мазкур фанлар бўйича таълим сифати ва самарадорлигини, талабалар билимини оширишга имкон берган;
тадқиқотда бадиий асар таржимасининг адекватлигини таъминлашда аслиятнинг миллий ўзига хослигини қайта яратишнинг аҳамияти юзасидан олинган натижалар Ўзбекистон Рус маданияти марказининг Андижон вилоят бўлими ҳамда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ташкил қилинган вилоят рус тили ўқитувчилари Илмий-услубий кенгашининг «Халқаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда бадиий таржиманинг ўрни» мавзусидаги илмий семинарини ўтказишда қўлланган (Ўзбекистон Рус маданияти марказининг 2019 йил 17 сентябрдаги 02-177-сон маълумотномаси). Диссертация материалларининг қўлланиши миллатлараро муносабатларнинг келажаги ва уйғун ривожланишига бағишланган илмий тадқиқотларни ташкил этишни янада мукаммалаштиришга имкон берган.