Мамлакатнинг илмий-техник ва инновацион тараққиётида ихтиро ва селекция ютуқлари муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур кашфиёт ва тажрибалар асосида янги технологиялар, рақобатбардош маҳсулотлар, юқори ҳосилли навлар ва ресурс тежовчи ечимлар реал ҳаётган татбиқ этилади. Бу нафақат илм-фан, балки иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ҳам оширишга хизмат қилади.
Шу боис «Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида низом»нинг 5-бандига мувофиқ, ўрнатилган тартибда Олий аттестация комиссияси Раёсати қарори билан истисно тариқасида ихтиро ва селекция ютуқлари муаллифларига диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши амалиёти йўлга қўйилган. 

Мазкур тартибга кўра, фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ҳамда ижтимоий соҳалар тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган камида учта ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифларига фан доктори (DSc), учтагача ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифларига эса фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилиши назарда тутилган. Бунда ихтиро ва селекция ютуқлари муаллифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида илмий фаолиятнинг юқори амалий натижалари етарли асос сифатида эътироф этилиб, диссертация тайёрлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ қўшимча расмиятчиликлар истисно этилган. Бу, аввало, илмий натижанинг сифати ва унинг амалиётдаги самарасига устувор аҳамият берилаётганининг яққол ифодасидир.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, қишлоқ хўжалиги фанлари соҳасида муайян ихтиро ёки селекция ютуқлари учун диссертация ҳимоясисиз 2 нафар олим фан доктори (DSc) ҳамда 16 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида билан тасдиқланди.

Мазкур амалиёт илмий тадқиқотларнинг амалий натижаларини муносиб эътироф этиш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимиз илмий-инновацион салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

ОАК Ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish