Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ–98-сонли «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация ҳимояси жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фармоннинг 14-бандига мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб диссертация ҳимояси билан боғлиқ барча жараёнлар ягона электрон платформа орқали амалга оширилади. Жумладан, диссертация ва унинг авторефератини тақдим этиш, рецензентлар ва расмий оппонентларнинг хулосаларини электрон шаклда юбориш, ҳимоя жараёнларини режалаштириш ҳамда илмий ишларни баҳолаш жараёнлари тўлиқ ягона онлайн тизимга ўтказилади.

Шу муносабат билан, мазкур платформани мукаммал яратиш юзасидан профессор-ўқитувчилар, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар аъзолари, илмий котиблар, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассисларининг таклиф ва мулоҳазалари биз учун муҳим аҳамиятга эга.
Агар Сизда мазкур платформани такомиллаштириш, унинг функционал имкониятларини бойитиш, фойдаланувчилар учун қулай ва самарали ишлашини таъминлаш, ҳужжатлар айланишини соддалаштириш ҳамда инсон омилини камайтиришга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар мавжуд бўлса, уларни
мазкур ҳавола орқали тақдим этишингизни сўраймиз.
Барча келиб тушган таклифлар атрофлича ўрганилади ва асосли ҳамда амалий таклифлар платформани такомиллаштириш жараёнида албатта инобатга олинади.
Илмий аттестациянинг замонавий, очиқ, шаффоф ва самарали рақамли тизимини биргаликда яратамиз!

Илм-фан соҳасида рақамли трансформацияни изчил амалга ошириш, аттестация тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш Олий аттестация комиссияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish