Назиров Мухтор Махмудовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Марказий Осиё давлатларидаги сиёсий жараёнлар эволюциясининг ўзига хос хусусиятлари», 23.00.02 – Сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар (сиёсий фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Ss46.
Илмий раҳбар: Саидолимов Саидхон Талъат ўғли, сиёсий фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Dsc03/30.12.2019.S.01.08.
Расмий оппонентлар: Равшанов Фазлиддин Равшанович, сиёсий фанлар доктори, профессор; Муҳаммадсидиқов Муҳаммадолим Муҳамматрозиқ ўғли, сиёсий фанлар доктори (DSc), доцент
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Осиё минтақаси давлатларида кечаётган ички сиёсий жараёнларнинг эволюцияси ва унинг ўзига хос хусусиятларини институционал ва ташкилий-функционал ёндашувлар асосида кўрсатиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“сиёсий жараён” ҳодисасининг замонавий хусусиятлари муаллифлик ёндашуви билан илмий асосланган ҳамда Марказий Осиё давлатларида сиёсий жараёнларнинг кечиши, ривожланиши, ўзига хос хусусиятлари очиб берилган;
Марказий Осиё давлатларида ўтиш давридаги сиёсий ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш усуллари (тадрижий, инқирозли, инқилобий), ўзига хос жиҳатлари (кучли президентлик институти, тарихий ва социо-маданий хусусиятлардан келиб чиқувчи мафкуравий асослар яратилиши, сиёсий ва ғоявий плюрализм, тинчлик ва миллатлараро тотувлик, миллий бирликка эришиш, сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган демократик давлат, очиқ жамият барпо этиш кабилар) очиб берилган;
Марказий Осиё мамлакатлари давлат ҳокимияти тизимида рўй бераётган сиёсий транзит ҳодисасининг демократик тамойиллар асосида амалга оширилаётгани минтақада тинчликни таъминлаш омили эканлиги илмий асосланган;
Марказий Осиё давлатларида кечаётган сиёсий жараёнларга нисбатан қиёсий таҳлил контекстида Ўзбекистон сиёсий тараққиётида намоён бўлаётган эволюцион ривожланиш, миллий ва умумбашарий негизлардан келиб чиқувчи демократик асосларни қарор топтириш билан боғлиқ етакчи тенденциялар асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сиёсий жараёнларнинг концептуал асослари, давлат ва жамият ўртасидаги алоқаларнинг назарий жиҳатлари, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим ўзгаришларнинг моҳияти, асосий йўналишлари бўйича ишлаб чиқилган илмий-назарий хулоса ва таклифлар асосида:
давлат ҳокимияти ва бошқарувига оид янгича назарий ёндашувлар, жамият сиёсий тизимини модернизациялаш жараёнлари, жамият ҳаётини демократлаштиришда ахборот ва сўз эркинлигининг устувор масалаларига оид концептуал ғоя ва хулосалардан Давлат илмий-техника дастури доирасида 2012-2016 йилларда бажарилган Ф1-067+Ф1-089 рақамли “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришнинг назарий-методологик масалалари” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида ҳамда унинг якунида чоп этилган монографияда фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 9 февралдаги ФТК-0313/148-сон маълумотномаси). Мазкур монографияда илмий натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқарувидаги ўзгаришларни янгича ёндашув ва тамойиллар асосида ёритиш имконини берган ҳамда мамлакатимизда сиёсий жараёнларни ўрганишнинг концептуал асосларини ривожлантиришга хизмат қилган;
2016 йилнинг 12-30 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Бўка туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари учун ташкил этилган семинар-тренингларда мамлакатимизда жамият сиёсий тизими ва шаклланиб бораётган фуқаролик жамияти масалаларига доир илмий-амалий хулосалардан кенг фойдаланилган. (Бўка тумани ҳокимининг 2016 йил 30 ноябрдаги 2/5-2379-сон маълумотномаси). Ушбу хулосалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига юқори сиёсий-ҳуқуқий даражада тайёргарлик кўрилиши ҳамда ўтказилишини таъминлашга катта ҳисса қўшган;
2016 йилнинг 12-30 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 42 та участка сайлов комиссияларининг раислари учун ташкил этилган семинар-тренингларда мамлакатимизнинг демократик тараққиёти изчиллиги ва барқарорлигини таъминлашда сайловларнинг аҳамияти, мамлакатимизда сиёсий жараёнлар янги сифат босқичининг мазмун-моҳиятига доир хулосалардан кенг фойдаланилган. (Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмасининг 2017 йил 24 октябрдаги 06-04/397-сон маълумотномаси). Ушбу хулосалар участка сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари, улар орқали фуқароларнинг сайловга оид сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўнималарини оширишга катта ҳисса қўшган;
2018 йилнинг 14 март куни ўтказилган Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимларининг сиёсий ўқувида Марказий Осиё давлатлари билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада янги конструктив дўстона муҳитни шакллантириш жараёнлари ва уларнинг истиқболларига доир илмий-амалий хулосалардан кенг фойдаланилган. (Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг 2018 йил 23 мартдаги 2-258-сон маълумотномаси). Марказий Осиёдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг мазмун-моҳияти оид амалий хулосалар партия ташкилотлари ходимларининг сиёсий билими ҳамда фаолият самарадорлиги ошишига ҳисса қўшган.