Раимов Шерали Инояткуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий жараёнларга интеграцияси”, 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақавий ривожланишнинг сиёсий муаммолари.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Ss566
Илмий раҳбар: сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Умаров Акрам Азаматович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи ва рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.11/25.08.2022.S.24.02
Расмий оппонентлар: Абдусамад Ахатович Ҳайдаров-сиёсий фанлар доктори, I даражали Фавқулодда ва Мухтор Вакил дипломатик мартабасига эга;. Абдулазиз Ҳафизович Камилов-тарих фанлари номзоди, Фавқулотда ва Мухтор элчи дипломатик мартабасига эга.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
Диссертация йўналиши: сиёсий фанлар.
II. Тадқиқот мақсади: Афғонистоннинг Марказий Осиё сиёсий-иқтисодий жараёнларига интеграциялашувининг асосий йўналишлари, омиллари ва истиқболларини аниқлаш ҳамда мамлакатни минтақавий тузилмаларга мослашувчан жалб этишнинг консептуал моделини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Афғонистоннинг Марказий Осиёга интеграциялашуви можародан кейинги минтақавийлашувнинг ўзига хос тури сифатида асосланган бўлиб, унинг негизида сиёсий бетарафлик ва иқтисодий функсионаллик уйғунлигига таянган мослашувчан ўзаро боғлиқлик тамойили ётиши илмий жиҳатдан исботланган;
Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақавий жараёнларига асимметрик тарзда жалб этилишини белгиловчи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий, технологик ва бошқа омиллар мажмуасининг таъсири ПЕСТНЛЕ таҳлили асосида аниқланган;
минтақанинг барқарор ривожланиши Афғонистон билан иқтисодий-транспорт ва гуманитар соҳаларда халқаро ҳуқуқий меъёрларни бузмаган ҳолда ҳамкорлик қилиш имконини берувчи “тан олинмаган ҳолда инклюзив жалб этиш” консепсиясини қўллаш орқали амалга оширилиши мумкинлиги асосланган;
“прагматик жалб этиш”, “мафкуралаштирмасдан ҳудудлаштириш” ва “мослашувчан интеграция” тушунчаларининг мазмуни Марказий Осиёнинг ўзига хос хусусиятларига мос равишда аниқлаштирилган ҳамда Афғонистоннинг минтақавий боғлиқликнинг таркибий элементи сифатидаги роли қайта талқин қилинган;
институционал, инфратузилмавий, рақамли ва гуманитар йўналишларни, шунингдек, самарадорликни мониторинг қилиш ва баҳолаш механизмларини ўз ичига олган Афғонистоннинг функсионал интеграцияси бўйича 2025–2035-йилларга мўлжалланган консептуал йўл харитаси ишлаб чиқилган;
Афғонистон, Марказий Осиё давлатлари ва халқаро тараққиёт институтлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни адаптив бошқариш ҳамда кўп даражали шериклик тамойилларига асосланган интеграция жараёнларини ссенарий асосида прогнозлашнинг муаллифлик модели таклиф этилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Илмий тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ҳамкорлигини кенгайтириш ва уни Марказий Осиё минтақавий жараёнларига жалб этиш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар ҳамда таклифлар тайёрлаш жараёнида фойдаланилган. Хусусан, тадқиқот хулосалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ва уни минтақавий жараёнларга жалб этиш бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашда қўлланилган.
Шунингдек, диссертация натижалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти фаолиятида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг замонавий тенденсиялари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳамда Афғонистондаги умумий сиёсий вазиятнинг ривожланиши нуқтайи назаридан таклифлар ишлаб чиқишда инобатга олинган.
Бундан ташқари, тадқиқот натижаларидан минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-логистика боғлиқлигини кенгайтириш ҳамда Афғонистонни Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий жараёнларга жалб этиш истиқболлари билан боғлиқ таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги фаолиятида фойдаланилган.