Ниёзова Саломат Сапаровнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шахсга қарши зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг виктимологик профилактикаси», 12.00.08–Жиноят ҳуқуқи. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Yu47.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Мирзаев Азиз Алишерович, юридик фанлар доктори, доцент; Атажанов Аброржон Анварович, юридик фанлар доктори, профессор; Расулев Абдулазиз Каримович, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади шахсга қарши зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар виктимологик профилактикасини комплекс ўрганиш асосида аниқланган муаммоларнинг ечимини топиш ҳамда мазкур жиноятларнинг олдини олишни такомиллаштиришга оид таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд уларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган оила ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оила эканлиги асослаб берилган;
ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг вояга етмаганларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишига, чекишига йўл қўймаслик зарурати ва назоратсиз ёки қаровсиз қолган вояга етмаганларга нисбатан якка тартибдаги профилактика иши олиб борилиши исботланган;
жабрланувчи томонидан жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши жиноий жавобгарликни истисно этувчи ҳолат эканлиги; шахснинг жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказган шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқара олмаган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги асосланган;
хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаётига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик) зўравонлик ҳисобланиши; ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган аёл жабрланувчи эканлиги асослантирилган;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари; тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар, шунингдек зўравонлик содир этган ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар ҳисобини юритиш лозимлиги исботланган;
тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар ташкил этиши лозимлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шахсга қарши зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг виктимологик профилактикасини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жабрланувчи сифатида ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оила, назоратсиз ёки қаровсиз бўлган вояга етмаганларга алоҳида эътибор қаратишга доир тушунчаларга берилган таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ–263-сон Қонунининг 3-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2016 йил 23 февралдаги 05/01-07-40-207-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар вояга етмаганларнинг зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлардан жабрланишнинг олдини олишга хизмат қилган;
вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг иштироки муҳимлиги, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларга нисбатан якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш тартиби тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ–263-сон Қонунининг 7- ва 20-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2016 йил 23 февралдаги 05/01-07-40-207-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар виктимлигининг олдини олишда ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг масъулиятини белгилашга, шунингдек якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
шахснинг жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш натижасида ўзини бошқара олмай қолиши натижасида жиноят содир этишини қилмишнинг жиноийлигини истисно қилувчи ҳолат сифатида қаралиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 411-моддасини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 29 августдаги 06-16/1227-сон маълумотномаси), жабрланувчининг жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида ўзини бошқара олмаслик оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этиши маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 211-моддасининг киритилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 30 августдаги 06/1417-сон далолатномаси). Киритилган ушбу нормалар жабрланувчини жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида ўзини бошқара олмай қолиши жиноий ва маъмурий жавобгарликни истисно қилиб, виктимликнинг олдини олишга хизмат қилган;
хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш орқали уларнинг ҳаётига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик) зўравонлик ҳисобланиши ва ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган аёл жабрланувчи эканлиги борасидаги таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ–561-сон Қонунининг 3-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 25 октябрдаги 06-14/17-сон хати). Қонунга киритилган ушбу тушунчалар шахсга қарши зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар виктимлигининг олдини олишга хизмат қилган;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари; тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар ҳисобини юритиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ–561-сон Қонунининг 15-, 16-моддаларига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 25 октябрдаги 06-14/17-сон хати). Қонунга киритилган ушбу нормалар хотин-қизларга нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизимини ташкил этиш тартибини белгилашга хизмат қилган;
жабрланувчиларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича махсус марказлар ташкил этилиши лозимлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ–561-сон Қонунининг 27-моддасини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 25 октябрдаги 06-14/17-сон хати). Қонунга киритилган ушбу модда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатишга хизмат қилган.