Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаш-тириш тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳада янги босқични бошлаб берган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унда тадқиқотчилар томонидан диссертация мавзуси бўйича эълон қилинаётган илмий мақола ва тезисларнинг илмий ҳамда амалий аҳамияти, нуфузли илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилиши, шунингдек, фан ва амалиётдаги долзарб муаммолар ечимига хизмат қилиши муҳим мезон сифатида белгиланган.
Шунга кўра, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар раҳбарларидан муассасаларда ўтказиладиган республика ҳамда халқаро илмий-амалий конференциялар материаллари тўпламларини, шунингдек, илмий журналлар таҳририятларидан нашрларнинг электрон вариантларини мунтазам равишда жаҳон интернет тармоғига жойлаштириб бориш сўралади.
Зеро, илмий натижаларнинг очиқ ва эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши нафақат диссертациялар экспертизасининг сифатини оширади, балки ўзбекистонлик олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотларни халқаро илмий жамоатчиликка кенг танитиш, уларнинг иқтибосланиш даражасини ошириш ҳамда миллий илмий контентнинг бойиб боришига ҳам хизмат қилади.
Шу муносабат билан Олий аттестация комиссияси томонидан амалга оширилаётган дастлабки меъёрий-техник экспертиза жараёнида диссертациянинг асосий илмий натижалари эълон қилинган материалларнинг ҳақиқатан ҳам ОАК томонидан эътироф этилган нашрларда чоп этилганлиги, шунингдек, мазкур нашрлар ва мақолаларнинг электрон кўринишлари интернет тармоғида мавжудлиги ҳам ўрганилмоқда.
Маълумки, ОАК томонидан “Диссертациялар асосий илмий натижалари чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхати”га киритишда илмий нашрларнинг расмий веб-сайти мавжудлиги, унда нашр этилган сонлар ва мақолаларнинг электрон шаклда жойлаштирилиши муҳим талаблардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, “Илмий фаолият натижаларини нашр этиш учун тавсия этилган нашрлар рўйхатига киритиш учун илмий нашрларга қўйиладиган илмий этикет талаблари” ҳамда “Илмий журналларда чоп этиладиган илмий мақолалар мазмуни ва сифатига бўлган умумий техник талаблар”да электрон нашрлар фаолиятига доир қатор меъёрий талаблар белгиланган.
Шу боис, диссертация ишларини экспертизадан ўтказиш жараёнида ОАК экспертлари томонидан мақола ва тезисларнинг интернет тармоғидаги манзиллари (электрон ҳаволалари) тақдим этилиши талаб этилаётгани табиий ва асосли ҳисобланади.
ОАК Ахборот хизмати.
