.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ–98-сонли “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг 7-бандига мувофиқ, 2027 йил 1 январга қадар Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация ҳимояси тўғрисида эълон берилган ва диссертация ҳимоясини ўтказган изланувчиларга илмий даражалар амалдаги тартиб асосида берилади.
Шунга кўра, Олий аттестация комиссияси фаолияти белгиланган тартибда ва узлуксиз давом этади. Мазкур банд илмий даража олиш жараёнида иштирок этаётган изланувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга, шунингдек, янги тизимга босқичма-босқич ва муаммосиз ўтиш учун зарур ҳуқуқий кафолатларни яратишга хизмат қилади.
Айни пайтда, Фармоннинг 14-банди ижроси доирасида Олий аттестация комиссияси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2026 йил 1 августдан бошлаб диссертация ҳимояси билан боғлиқ барча жараёнларни ягона онлайн тизим орқали амалга оширишни таъминлайди.
Янги рақамли платформа орқали диссертация ва авторефератларни тақдим этиш, рецензент ва оппонентлар хулосаларини юбориш, ҳимояларни режалаштириш ҳамда илмий ишларни баҳолаш жараёнлари электрон шаклда амалга оширилади. Бу эса ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, ҳар бир босқични электрон тарзда кузатиб бориш имкониятини яратади.
Шу муносабат билан тадқиқотчилар, мустақил изланувчилар ва илмий раҳбарлардан турли миш-мишлар ёки асоссиз маълумотларга ишонмаслик, шунингдек, диссертация ҳимояси жараёнларини ноқонуний ёки сунъий равишда “тезлаштириш”га қаратилган ҳаракатларга йўл қўймаслик сўралади.
Олий аттестация комиссияси томонидан илмий даражалар бериш жараёнлари амалдаги тартиб асосида давом эттирилади ҳамда белгиланган муддатларда барча мурожаатлар қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилади.
ОАК Ахборот хизмати.