Мухиддинов Суннатулло Иноятовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларида Самарқанд вилояти маорифи”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В 2018.3.PhD/Tar320.
Илмий раҳбар: Алимова Дилором Агзамовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD. 03/30.12.2019.Tar.02.10.
Расмий оппонентлар: Ғаффоров Шокир Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор; Агзамходжаев Саидакбар Саидович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср иккинчи ярми - ХХ аср бошларида Самарқанд вилояти маориф тизимининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XIX аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Самарқанд вилоятининг Туркистон илм-фани ва маориф тизимида ўзига хос ўрни, хусусан, ҳудуддаги анъанавий бошланғич мактабларнинг (мусулмон, яҳудий мактаблари) аҳолига диний-ахлоқий билимлар ва жамоат тартиб-қоидаларини етказишдаги таянч вазифаси ҳамда таълим жараёнида бўлган муаммолар очиб берилган;
Мусулмон дунёсида нуфуз топган Самарқанд мадрасаларининг мустамлака шароитида ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва давлат сиёсатининг моҳияти, жумладан, мадрасаларни бошқаришда “махсус йўриқномалар”нинг ишлаб чиқилиши, айрим тартибларнинг ўрнатилиши, жумладан ҳукуматнинг вақф мулкига оид сиёсати мударрис ва талабалар ижтимоий, моддий ҳолатига салбий таъсир кўрсатганлиги ҳолатлари аниқланган;
Самарқанд вилоятида империя ҳукумати томонидан ташкил этилган рус таълим даргоҳларининг империя манфаатига дахлдор ижтимоий руслаштириш, бошқарув, хўжалик, алоқа соҳаларида “кадрлар” тайёрлашдаги мақсади ҳамда маҳаллий аҳоли орасида тил ва ғарб маданиятининг ёйилишида тутган ўрни асослаб берилган;
Самарқанд вилоятининг тараққийпарвар зиёлилари томонидан ташкил этилган 20 дан ортиқ янги усул – жадид мактабларининг ўзига хос хусусиятлари, миллий таълим тизимини жорий этиш орқали аҳоли маънавий ҳаётидаги маърифатпарварлик роли ҳамда таълим самарадорлигини ошириш мақсадида махсус дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг яратилганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши.
XIX аср иккинчи ярми - ХХ аср бошларида Самарқанд вилояти маорифи тарихи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларида Самарқанд вилоятида илғор зиёлилар томонидан ташкил этилган янги усул мактабларининг ўзига хос таълим хусусиятлари ва уларнинг аҳоли маънавий-маданий ҳаётида тутган ўрнига оид хулосалар, фотолавҳалар Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси экспозицияларига илмий ишлов беришда фойдаланилган. (Маданият вазирлигининг 2019 йил 13 сентябрдаги 01-12-10-4622-сон маълумотномаси). Тадқиқотнинг илмий хулосалари XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларида Самарқанд вилояти маориф соҳасидаги модернизация ҳолатлари ва уларнинг аҳоли маънавий-маданий ҳаётига кўрсатган таъсирини очиб беришга хизмат қилган;
Самарқанд вилоятида империя ҳукумати томонидан ташкил этилган рус таълим муассасаларининг фаолияти ва уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни, шунингдек маҳаллий аҳоли ҳаётига кўрсатган таъсирига доир маълумотлардан ЎзР Фанлар академияси Тарих институтида 2012-2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-ГО23 рақамли “Ўзбекистонда таълим тарихи ва тарихшунослиги: тажриба, муаммолар, ривожланиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 29 октябрдаги 3/1255-2849-сон маълумотномаси). Бу эса XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд вилояти рус таълим муассасаларининг маҳаллий муҳитга ижобий таъсири ҳамда уларнинг мустамлакачилик моҳиятини ёритиб беришга имкон берган;
Самарқанд мадрасаларининг мустамлака шароитида ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва давлат сиёсатининг моҳияти, жумладан, мадрасаларни бошқариш тартиби ва назорати ҳамда ҳукуматнинг вақф мулкига оид сиёсатининг таълимдаги ижтимоий гуруҳлар аҳволига кўрсатган таъсирига оид илмий хулосалар “Madaniyat va ma`rifat” телеканалининг “Дилга ташриф”, “Тафаккурдан томган томчилар” каби кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон МТРК, “Madaniyat va ma‘rifat” телеканалининг 2019 йил 13 августдаги 01-14/359-сон маълумотномаси). Тақдим этилган маълумотлар XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларида Самарқанд мадрасаларининг таълим жараёнини кенг жамоатчиликка етказиб беришга хизмат қилмоқда;
Самарқанд вилоятининг Туркистон илм-фани ва маориф тизимида ўзига хос ўрни, анъанавий таълим шакллари, хусусан, бошланғич мактабларнинг аҳоли ижтимоий ва маънавий ҳаётидаги роли ва бошланғич таълим жараёнидаги муаммоларга оид хулосалардан “Республика Маънавият ва маърифат маркази” Самарқанд вилояти бўлимининг “Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил этиш” номли режасида фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2019 йил 4 сентябрдаги 1186-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанддаги бошланғич мактабларнинг аҳоли диний-маърифий ҳаётидаги ўрни ва муаммоларини ёритиб беришга хизмат қилган.