Данияров Бахтиёр Худайбердиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ўзбек тили лексик синонимларининг лисоний ва нутқий муносабати, лексикографик тадқиқи”. 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/Fil178
Илмий маслаҳатчи: Маҳмудов Низомиддин Мамадалиевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Элтазаров Жўлибой Данабаевич, филология фанлари доктори, профессор; Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор; Турниёзов Неъмат Қаюмович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили лексик синонимларининг лисоний ва нутқий воқеланиши ҳамда лексикографик масалаларини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
лисоний даражаланиш қонунияти ўзбек тили лексик синонимларининг градуонимик методологияси сифатида устувор аҳамият касб этиши “оралиқ учинчининг мутлақлиги” ҳодисасига таянилган ҳолда асосланган;
ўзбек тилида ўз ва ўзлашма лексемалар синонимик муносабатларининг тартибланиши ва таснифланиши, лексик синонимларнинг ишлатилиши, қўлланиш кўлами, лексик-семантик тузилиши ҳамда бу бирликларнинг турли луғатларда адекват акс эттирилиши фактик материаллар асосида далилланган;
ўзбек тили лексик синонимларининг нутқий воқеланишида лисоний ва нолисоний омиллар ҳамкорлигининг ўзига хос антропо-прагматик жиҳатлари очиб берилган;
синонимларнинг лисоний ва нутқий муносабатлари кўп аспектли комплекс таҳлил қилиниб, лексик бирликларнинг функционал-стилистик ва деривацион хусусиятлари аниқланган;
сўзнинг лексик-семантик маъноси уни ўраб турган лексик қуршов ва контекст семантикасига боғлиқлиги, лексемаларнинг семантик структурасида янги семик компонентларнинг ҳосил бўлиш жараёни ҳамда бунга сабаб бўлувчи парадигмаларнинг етакчи омил бўлганлиги исботланган;
ўзбек тили Миллий корпусида лексик синонимларнинг семантик хусусиятларини аниқлаш мақсадида компьютерлаштирилган дастурий таъминот асосида жойлаштирилган, он-лайн ёки офф-лайн тизимида ишлайдиган қидирув дастурини мукаммаллаштириш жараёни асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбек тили лексик синонимларининг лисоний ва нутқий муносабати, лексикографик тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тили изоҳли луғатларида синонимлар тавсифи ва уни такомиллаштириш вазифалари, тадқиқ жараёнида ишлаб чиқилган, илмий асосланган, такомиллаштирилган усуллари ва унинг тил тараққиётидаги ўрни, хусусан, синонимларнинг лисоний ва нутқий муносабатига оид назарий хулосалари ФА-Ф1-Г041 рақамли “Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4329–сон маълумотномаси). Тадқиқотнинг илмий натижалари тегишли луғавий бирликларнинг (архитектор, меъмор; нерв, асаб; ноҳия, туман; шифокор, врач) таҳлили ва изоҳланишида асос бўлиб хизмат қилган;
ўзбек тили лексик синонимлари тадқиқининг фалсафий методологик асослари, лексик синонимлар тадқиқининг лингвистик методологияси, синонимларнинг лингвопрагматик хусусиятлари, лексик ўзлашмаларда синонимик муносабатларнинг тартибланиши ва таснифланиши, синонимларнинг нутқий воқеланиши, ўзбек тилининг Миллий корпусида лексик синонимларнинг ўрни масаласини ёритишга оид назарий хулосалардан ОТ-Ф8-062 рақамли “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4329-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида кўплаб луғавий бирликларнинг изоҳлари мукаммаллаштирилган;
ўзбек тили луғавий синонимларининг лисоний даражаланиши, лексик синонимлар тадқиқининг лингвистик методологияси, лексик ўзлашмалар ва уларнинг ўзбекча синонимлари, синонимларнинг нутқий воқеланиши, унда лисоний ва нолисоний омиллар ҳамкорлиги масаласига оид назарий хулосалардан ХТ-Ф-2-004 рақамли “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4329-сон маълумотномаси). Илмий натижалар лексик синонимларнинг лисоний ва нутқий муносабати, лексикографик тадқиқи жараёнида асос бўлиб хизмат қилган;
лексик ўзлашмалар ва уларнинг ўзбекча синонимлари, ўзбек тили лексик ўзлашмаларида синонимик муносабатларнинг тартибланиши ва таснифланиши муаммоси, изоҳли луғатларда лексик синонимлар тавсифи ва уни такомиллаштириш вазифалари, ўзбек тили синонимлари изоҳли луғатида маънодош бирликлар тавсифига оид хулосалар ОТ-А1-018 рақамли “Ўзбек тили ва унинг таржимаси билан боғлиқ электрон ва банк-молия терминларининг кўп тилли луғатларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4329-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг амалиётга татбиқ этилиши лексик синонимларнинг лисоний ва нутқий муносабатини ёритиш, лексикографик тадқиқ қилишда жаҳон тилшунослиги материалларидан фойдаланиш, лексик синонимларнинг матн ҳосил қилиш ва услубий имкониятларини ёритиш учун муҳим асос бўлган;
тилнинг лексик сатҳи, лексик-семантик муносабатларини субстанциал асосларда ёритишга хизмат қилувчи, олий ўқув юрти талабаларига мўлжалланган “Hozirgi o`zbek adabiy tili” (ISBN 978-9943-10-436-5) дарслигини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4329-сон маълумотномаси). Натижада талабаларнинг лексикология соҳасидаги, айниқса, лексик синонимлар бўйича билимларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда;
тил тараққиётидаги ўзгаришлар, ўзбек тилидаги лексик синонимларнинг ўзига хос хусусиятлари, синонимларнинг нутқий воқеланиши, унда лисоний ва нолисоний омиллар ҳамкорлиги, синонимларнинг матн ҳосил қилиш ва услубий имкониятларини очиб беришда “Тил – миллат кўзгуси”, “Қадрият”, “Дахлдорлик туйғуси” кўрсатувлари ҳамда “Долзарб мавзу”, “Муносабат” эшиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Навоий вилоят телерадиокомпаниясининг 2019 йил 23 сентябрдаги маълумотномаси). Натижада кўрсатувларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган ва долзарблиги илмий-амалий аҳамият касб этган.