2026-йил 19-июн куни Олий аттестация комиссияси томонидан илмий изланувчиларга амалий кўмак бериш, уларнинг халқаро илмий нашрларда мақола чоп этиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Scopus ва Web of Science журналларида мақола чоп этишнинг замонавий талаблари ва амалиёти” мавзусида Телеграм платформаси орқали овозли чат шаклида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқотни ОАК Ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Жовлиев олиб борди. Тадбирда илмий тадқиқот натижаларини халқаро илмий ҳамжамиятга тақдим этиш, нуфузли илмий базаларга кирувчи журналларда мақола эълон қилишнинг замонавий талаблари, мақола тайёрлаш жараёнида учрайдиган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Очиқ мулоқотнинг асосий маърузачиси сифатида халқаро илмий нашрлар билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга мутахассис, Тошкент давлат юридик университети профессор в.б., педагогика фанлари доктори Солиҳа Аллаярова “Ижтимоий-гуманитар фанларда халқаро илмий нашрлар: Scopus ва Web of Science журналларида мақола чоп этишнинг замонавий талаблари ва амалиёти” мавзусида тақдимот қилди.
Тақдимот давомида илмий мақола мавзусини тўғри танлаш, тадқиқот методологиясини асослаш, халқаро нашрлар талабларига мос илмий мақола тайёрлаш, журнал танлаш мезонлари, тақриз жараёнлари ҳамда мақолаларнинг рад этилишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, сўнгги йилларда халқаро илмий нашрлар соҳасида кузатилаётган тенденсиялар ва илмий этика масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотнинг савол-жавоб қисмида изланувчилар томонидан берилган кўплаб саволларга мутахассислар томонидан амалий тажрибаларга асосланган батафсил жавоблар берилди. Иштирокчилар, айниқса, мақолаларни халқаро журналларга юбориш тартиби, журнал танлаш, сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш ҳамда илмий натижаларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш масалалари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Таъкидланганидек, илмий тадқиқотлар натижасида олинган илмий янгиликларни халқаро илмий нашрларда мақола сифатида эълон қилиш кўникмалари олий таълим ва илмий ташкилотларда илмий даражага даъвогарлик жараёнидан аввал шакллантирилиши, бу борадаги ишлар тизимли ва мақсадли йўлга қўйилиши зарур. Халқаро илмий нашрларда фаол иштирок этиш илмий тадқиқотлар сифати, уларнинг халқаро кўринувчанлиги ҳамда мамлакат илм-фанининг глобал илмий макондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳужжатида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёш тадқиқотчилар ва илмий изланувчиларнинг халқаро илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. Тадбир илмий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, изланувчилар учун фойдали амалий мулоқот майдонига айланди.

ОАК Ахборот хизмати. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish