Олий аттестация комиссияси тадқиқотчиларни, айниқса ёш олимлар ва илмий даража талабгорларини қалбаки ҳамда клон журналлар хизматидан фойдаланиш хавфлари ҳақида огоҳлантиради.
Сўнгги йилларда айрим нашрлар илмий журнал сифатида фаолият юритаётгандек кўринган ҳолда муаллифларга қисқа муддатда мақола чоп этиш, соддалаштирилган қабул жараёни ёки турли халқаро базаларда индексация қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар орқали уларни чалғитишга уринмоқда.
Бундай журналларда эълон қилинган мақолалар кўп ҳолларда тўлиқ ва холис тақризлаш жараёнидан ўтмайди. Натижада тадқиқот натижаларининг илмий қийматига шубҳа туғилиши, муаллифнинг илмий обрўсига салбий таъсир кўрсатилиши ҳамда академик ҳалоллик тамойилларига путур етиши мумкин.
Шу муносабат билан тадқиқотчиларга мақола юборишдан олдин журналнинг:
• расмий мақоми;
• таҳририят ва таҳрир ҳайъати таркиби;
• тақризлаш (peer review) тартиби;
• индексация ҳолати;
• нашриёт ҳақидаги маълумотлари;
• илмий этика сиёсати
каби жиҳатларни синчиклаб ўрганиш тавсия этилади.
Олий аттестация комиссияси илмий натижаларни эълон қилишда академик ҳалоллик, холис баҳолаш ва юқори сифат стандартларига қатъий риоя қилишга чақиради.
Илм-фаннинг нуфузи ҳар бир тадқиқотчининг масъулиятли ва виждонли муносабатидан бошланади.