Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2026 йил 10 июндаги тегишли қарорига мувофиқ «Development of science» илмий журнали техника ва кимё фанлари бўйича «Диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган миллий илмий нашрлар рўйхати»дан чиқарилди.
Тегишли эксперт кенгашлари томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида мазкур журналда чоп этилган мақолаларнинг сезиларли қисми илмий нашрларга қўйиладиган илмий этикет ва умумий техник талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, тадқиқот натижаларининг илмий янгилиги ва назарий-амалий аҳамияти етарли даражада асосланмаганлиги каби ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Мазкур қарор илмий тадқиқотлар сифати ва натижадорлигини ошириш, диссертация ишларининг асосий илмий натижаларини эълон қилишда юқори академик стандартларни таъминлаш, илмий этика тамойилларига қатъий риоя қилиш ҳамда мамлакатимизда соғлом ва рақобатбардош илмий муҳитни шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Олий аттестация комиссияси томонидан миллий илмий журналлар фаолиятини баҳолаш ва мониторинг қилиш ишлари изчил давом эттирилади. Илмий нашрлар фаолиятида сифат мезонлари, таҳририй сиёсат, тақризлаш тизими ва илмий этика талабларига риоя этилиши доимий назоратда бўлиб, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган нашрларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
ОАК Ахборот хизмати