Бугун Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети анжуманлар залида Олий аттестация комиссияси томонидан ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган ёшлар ва республикадаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар масъуллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, академик, таниқли навоийшунос олим, Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университет ректори Ш.Сирожиддинов очиб берар экан, мамлакатимизда янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳият ва аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Учрашувда Олий аттестация комиссияси раиси вазифасини бажарувчи А.Шермухамедов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майда қабул қилинган “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони янгиликлари, долзарблиги ва унинг илм-фан соҳасини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолияти, уларнинг ёш илмий тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва илмий натижалари сифатини таъминлашда ўрин муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мазкур Фармон ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган устувор вазифалар, илмий даражалар бериш тизимига жорий этилаётган янгиликлар ҳамда уларнинг илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини оширишдаги ўрни хусусида фикр алмашилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда ёш илмий тадқиқотчилар ва илмий кенгашлар масъулларининг берган саволларига мутахассислар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Ахборот хизмати