Насриддинов Хасан Шавкатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Микроиқлимни сунъий тартибга солиш тизими ёрдамида биноларнинг қулайлик ва энергия самарадорлигини ошириш”, 05.09.01 – “Қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлар” ихтисослиги бўйича.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/Т3390
Илмий раҳбар: Пирматов Рахматулло Хамидуллаевич, техника фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: “Фарғона давлат техника университети”.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат техника университети PhD.03/2025.27.12.Т.19.03.
Расмий оппонентлар: Норов Нусиратжон Нуралиевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, в.в.б. профессор; Рахмонов Баҳодир Қўшақович, техника фанлари доктор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Сунъий тартибга солиш тизими ёрдамида бинолар хоналарининг микроиқлимини ўрганиш, қулайлик ва энергия самарадорлигини ошириш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қуруқ иссиқ иқлим шароитида ташқи сув пуркаш тизими орқали сув томчиларининг эвапорацияси натижасида ташқи ҳавонинг нисбий намлиги 8–12 % гача ошиши, ҳаводаги яширин иссиқлик ютилиши ҳисобига ташқи ҳаво ҳароратини 4–6 ℃ гача пасайиши аниқланган;
сув пуркаш тизимини қўллаш натижасида бинога тушаётган қуёш радиацияси интенсивлиги 57,8 % гача камайиши, актинометр кўрсаткичлари 46,0 W/м² дан 19,1 W/м² гача пасайиши ҳамда албедо қийматларининг 47,1 % дан 19,1 % гача камайиши ҳисобига бино ташқи тўсиқ конструкцияларининг иссиқлик юкламаси камайиши ҳамда хона ҳаво ҳарорати ва намлигини меъёрий қийматларга яқинлашиши тажриба тадқиқотлари ва математик моделлаштириш асосида тасдиқланган;
сув пуркаш тизимида пуркагичларнинг ўрнатилиш баландлиги 4 м дан 10 м гача оширилганда эвапоратив совитиш самарадорлиги сақланиши, сув пуркагич баландлиги ошиши натижасида форсункалар орасидаги масофа 2,0 м дан 1,0–1,2 м гача камайтирилганда микроиқлим параметрларининг фазо бўйича бир текис тарқалиши аниқланган;
сунъий микроиқлим тизимини ташқи ҳаво ҳарорати 35℃, ҳавонинг нисбий намлиги 25–30 % бўлган шароитларда қўллаш совитиш самарадорлигини 1,6–1,8 % гача ортиши, ҳаво ҳароратининг 4–6 ℃ гача пасайиши ва биноларни совитиш учун электр энергия сарфни анъанавий кондиционер тизимларига нисбатан 71,39–95,36 % гача камайтириши исботланган.
IV. Тадқиқот натижалариниг жорий қилиниши. Микроиқлимни сунъий тартибга солиш тизими ёрдамида биноларнинг қулайлик ва энергия самарадорлигини ошириш мавзусида олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
қуруқ иссиқ иқлим шароитида ташқи сув пуркаш тизими орқали эвапорация натижасида ҳавонинг намлиги 10 % гача ошиши ва энергия ютилиши ҳисобига ҳаво ҳарорати 6 ℃ гача пасайиши экспериментал тадқиқотлар асосида аниқланганлиги ҳамда сув пуркаш тизимини қўллаш натижасида бинога тушаётган қуёш радиацияси 57,8 % гача камайиши ҳисобига бинога иссиқлик таъсири пасайиши ҳамда бу жараённинг хоналар микроиқлимига таъсири экспериментал тадқиқотлар ва математик моделлаштириш асосида тасдиқланганлиги юзасидан таклифлар “ҲАМКОРЛОЙИҲА” МЧЖ лойиҳалаш ташкилоти томонидан Андижон вилояти, Андижон шаҳар, Мустақиллик МФЙ ҳудудида 4 қаватли “Тилла буюмлар дўкони бино ва иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2025-йил “25” июл 34–06/2280-сон маълумотномаси). Натижада ҳисоблаш ишлари анъанавий усулларга нисбатан вақтнинг бир м2 учун 2 баробаргача тежалиши амалиётга жорий этилган;
сув пуркаш тизимида пуркагичларнинг ўрнатилиш баландлиги 10 м гача оширилганда эвапорация самарадорлиги сақланиб қолиши, баландлик ортиши билан эса форсункалар орасидаги масофани 1.0-1.5 метргача камайтириш микроиқлимнинг бир текис шаклланишини таъминлаши экспериментал тадқиқотлар билан аниқланганлиги ҳамда сунъий микроиқлим тизимини ташқи ҳаво ҳарорати +35 ℃ ва ундан юқори ҳамда нисбий намлиги 30 % дан паст бўлган шароитларда қўллаш сув томчилари буғланишининг интенсивлашуви ҳисобига юқори самарадорликни таъминлаши амалий синов натижалари асосида исботланлигига оид таклифлар “OLTIARIQ DESIGN” Х/К томонидан Фарғона шаҳар, Ифтихор М.Ф.Й. Мустақиллик кўчаси 83-уйда жойлашган “OLTIARIQ DESIGN” хусусий корхонасига қарашли офис бино иншоотларни реконструкция қилиш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2025-йил “25” июл 34–06/8334-сон маълумотномаси). Натижада таклиф этилаётган усуллар қўлланилганда 10% иқтисодий самарадорликка эришилганлиги амалиётга жорий этилган.