Саидрасулов Иброҳим Ихтиёр ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ Давлат бюджети даромадларини барқарорлаштиришда жисмоний шахслардан ундириладиган солиқларни ундириш тартибини такомиллаштириш ”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2024.1.PhD/Iqt3783. 
Илмий раҳбар: Кузиев Равшав Рамазанович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/2025.27.12.I.23.05.
 Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ашурова Насиба Батировна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Г.В.Плекҳанов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳри филиали тавсия этилсин.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида жисмоний шахслардан ундириладиган солиқларни ундириш тартибини такомиллаштиришга, давлат бюджети даромадларини барқарорлаштиришга ҳамда солиқ маъмурчилиги самарадорлигини оширишга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парвариш хизматларидан фойдалангани учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш юзасидан таклифи ишлаб чиқилган;
касбга ўргатиш учун мактаблар, коллежлар ва техникумлар ўқувчиларини (ўттиз ёшдан ошмаган) ишга қабул қилган тадбиркорлик субектлари уларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича ҳамда мактаблар, коллежлар ва техникумлар ўқувчилари касб ўрганиш жараёнида тадбиркорлик субектларидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш борасида таклифи ишлаб чиқилган;
қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш панеллари ва бошқалар) ўрнатган жисмоний шахсларга уй-жой фондидаги кўчмас мулк учун 1 кВтдан ортиқ қувватли қурилмаларга асосан 3 ёки 10 йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача мол-мулк ва ер солиғи имтиёзи берилиши бўйича таклифи асосланган;
нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи чет эл ўқитувчилари ва мутахассислари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилиниши тўғрисидаги таклифи асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Давлат бюджети даромадларини барқарорлаштиришда жисмоний шахслардан ундириладиган солиқларни ундириш тартибини такомиллаштириш бўйича тадқиқот натижалари давомида ишлаб чиқилган услубий таклиф ва тавсиялар асосида:
ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парвариш хизматларидан фойдалангани учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 3-февралдаги ПҚ-41-сон Қарорида  акс этган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 5-ноябрдаги 03/41-7-7120-сонли маълумотномаси). Натижада, солиқ солинмайдиган даромадлар ҳажмининг кенгайиши ҳисобидан кундузги парвариш хизматларидан фойдаланувчи оилаларда қоладиган молиявий ресурслар ҳажми сезиларли даражада ошди. Хусусан, ушбу тоифадаги хизматлар бўйича солиқдан озод этилган маблағлар ҳажми 2020-йилдаги 37,9 млрд. сўмдан 2024-йилда 102,0 млрд. сўмгача ўсган бўлиб, жисмоний шахслар даромад солиғининг 12 фоизлик амалдаги ставкаси шароитида аҳолининг ижтимоий харажатлари солиқ юкидан қисман холи этилишини таъминлади. Бу эса ногиронлиги бўлган болаларга эга оилаларнинг реал ихтиёрий даромадларини сақлаб қолиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда солиқ имтиёзлари орқали манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
2024-йил 1-сентябрдан 2027-йил 1-сентябргача касбга ўргатиш учун мактаблар, коллежлар ва техникумлар ўқувчиларини (ўттиз ёшдан ошмаган) ишга қабул қилган тадбиркорлик субектлари уларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича ҳамда мактаблар, коллежлар ва техникумлар ўқувчилари касб ўрганиш жараёнида тадбиркорлик субектларидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш бўйича таклиф инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 24-декабридаги ЎРҚ-1014-сон Қонунида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 5-ноябрдаги 03/41-7-7120-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур тартиб қўлланилиши ҳисобидан ўқувчиларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субектларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси 1 508,0 млрд. сўмни ташкил этди ҳамда 1 фоиз ставка бўйича тўланган ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслар даромад солиғи ҳар бири 15,08 млрд. сўмдан, жами 30,16 млрд. сўм бюджет тушумларини таъминлади. Шу билан бирга, касбга ўргатишга жалб этилган ўқувчилар сони 83,9 минг нафарга етди, бу ёшлар бандлигининг кенгайиши, уларнинг илк меҳнат даромадларини қонуний асосда шакллантириш ва келгусида солиқ базасининг барқарор ўсиши учун институционал асос яратишга хизмат қилди.
уй-жой фондининг кўчмас мулк обектларида умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар учун жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер  солиғи суммаси қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилган ойдан эʼтиборан уч йил давомида, қуёш панеллари қувватидан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини тўплаш тизими мавжуд бўлган қуёш панеллари ўрнатилганда эса мазкур панеллар фойдаланишга топширилган ойдан эʼтиборан ўн йил давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан ошмайдиган суммага камайтирилиши ва ушбу имтиёз энергия таъминоти ташкилоти томонидан жисмоний шахснинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиши тўғрисида берилган маълумотномага асосан уй-жой фондининг битта кўчмас мулк обектига нисбатан фақат бир маротаба тақдим этилади ва жисмоний шахс томонидан умумий қуввати 1 кВтдан ортиқ бўлган қайта тикланувчи энергия қурилмалари ўрнатилган тақдирда қўлланилиши бўйича берилган таклифлари инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 24-декабридаги ЎРҚ-1014-сон Қонунида акс этган ва амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 5-ноябрдаги 03/41-7-7120-сонли маълумотномаси). Мазкур имтиёз механизмини жорий этиш натижасида, уй-жой фондида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар сони 37,9 минг нафарга етди ҳамда мол-мулк солиғи бўйича берилган имтиёзлар ҳажми 65,4 млрд. сўм, ер солиғи бўйича эса 29,4 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу чора қисқа муддатда маҳаллий бюджет тушумларининг қисман камайишига олиб келган бўлсада, аҳолининг энергия харажатлари пасайиши, қайта тикланувчи энергия ускуналари бозорининг кенгайиши ва уй хўжаликларида иқтисодий фаолликнинг ошиши орқали солиқ базасининг узоқ муддатли ўсиши учун барқарор институционал асос яратди ҳамда давлат бюджети даромадларининг ўрта ва узоқ муддатли барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатди.
нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи чет эл ўқитувчилари ва мутахассислари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан 2030-йил 1-январга қадар бўлган даврда озод қилиниши тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 24-декабридаги ЎРҚ-1014-сон Қонунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 5-ноябрдаги 03/41-7-7120-сонли маълумотномаси). Натижада, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият юритувчи чет эл ўқитувчилари ва мутахассисларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш чораси амалга оширилиши ҳисобидан мазкур тоифадаги мутахассислар сони 4 050 нафаргача етди ҳамда уларга тўланган йиллик меҳнатга ҳақ фонди 1 128,6 млрд. сўм ҳажмида шаклланди. Бу эса хусусий таълим соҳасида хизматлар ҳажмининг кенгайиши, таълим инфратузилмасида иқтисодий айланманинг ўсиши ва юқори малакали кадрлар иштирокини таъминлаш орқали солиқ базасининг ўрта ва узоқ муддатли кенгайиши учун институционал шарт-шароит яратди ҳамда давлат бюджети даромадларининг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish