Раупова Азиза Усмон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шаҳрисабз меъморий меросининг маҳаллий хусусиятлари ва таъмирлаш муаммолари (ХIV-ХХ асрлар)”, 18.00.01 – Архитектура назарияси ва тарихи. Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш ва тиклаш (архитектура).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/А69.
Илмий раҳбар: Юсупова Мавлуда Аминжановна, архитектура фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.05/2025.27.12.San.03.01 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Рейимбаев Шухрат Саъдуллаевич, архитектура фанлари доктори (DSc), доцент; Раҳимов Лазиз Абдуазизович, архитектура фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Шаҳрисабз меъморий меросининг маҳаллий хусусиятлари ва таъмирлаш муаммоларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Шаҳрисабз меъморлик мактабининг ривожида Самарқанд ва Бухоро меъморлик мактабларининг таъсири сезилса-да, минтақанинг табиий-иқлим шароитлари (юқори намлик, сейсмик фаоллик), қурилиш усуллари (Темурийлар даврида монументаллик ва безакларнинг бойлиги, кейинги даврларда эса соддалиги), турли сулолаларнинг қурилиш сиёсати билан боғлиқ омиллар сақланиб қолганлиги далилланган;
Шаҳрисабз шаҳридаги турар жой уйлари қурилиши бошқа минтақавий меъморлик мактабларидан уйларнинг ички ва ташқи ҳовлидан, уйлар композицияси устунли айвондан таркиб топгани, маҳаллий қурилиш материалларида хом ғишт, гувала, пахса, ички безак элементларида эса токчалар, нақшинкор шифтлар, ёғоч ўймакорлиги элементлари қўлланилиши сингари умумий; уйнинг асосий композицияси бир устунли айвондан ташкил топиши, хоналар жойлашуви қатъий симметрияга эга эмаслиги, оила эҳтиёжи ва ер майдонидан келиб чиқиб ҳовли периметри бўйлаб жойлашгани, шифт нақшларини безашда жигарранг, тўқ қизил ва тўқ яшил ранглар кўп қўлланилиши каби ўзига хос хусусиятлар билан фарқ қилиши исботланган;
Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмидаги анъанавий турар жой уйлари сақланиш даражасидан келиб чиқиб, уч хил турга: арХIV маълумотларида қайд этилган, аммо бугунги кунда сақланиб қолмаган; асл қиёфасини сақлаб қолган; ҳамда замонавий ижтимоий функсияларга мослаштирилган турар жой биноларига таснифланиши далилланган;
Шаҳрисабз тумани қишлоқ ҳудудларида жойлашган ХIХ–ХХ асрларга оид масжидларнинг (Бешкапа, Тепар, Кутчи, Ташмуш, Ҳазрати Довуд масжидлари) меъморий хусусиятлари ва уларнинг конструктив тузилиши (икки қаторли каркасли деворлар, тўсинли ораёпма тизими), сақланиб қолган меъморий безаклари (ёғоч ўймакор эшиклар, ганч ва ёғоч панжаралар, ўймакор устунлар ҳамда нақшинкор шифт безаклари), айрим масжидларнинг тош пойдевор устига қурилгани (Ташмуш масжиди ва Ҳазрати Довуд масжиди) ҳамда кўплаб қишлоқ масжидлари ҳовлисида микроклиматни таъминлаш мақсадида ҳовузлар мавжуд бўлганлиги (Қутчи, Чуқун масжидларида ҳозиргача сақланиб қолган), ушбу масжидларнинг ХIХ–ХХ асрларга оид Шаҳрисабз тумани диний меʼморлигига хос боʻлган хусусиятларни сақлаб қолганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шаҳрисабз меʼморий меросининг маҳаллий хусусиятлари ва реставрация муаммоларини тадқиқ этиш натижалари асосида:
Шаҳрисабз тумани қишлоқ ҳудудларида жойлашган ХIХ–ХХ асрларга оид масжидларнинг (Бешкапа, Тепар, Кутчи, Ташмуш, Ҳазрати Довуд масжидлари) меъморий хусусиятлари ва уларнинг конструктив тузилиши (икки қаторли каркасли деворлар, тўсинли ораёпма тизими), сақланиб қолган меъморий безаклари (ёғоч ўймакор эшиклар, ганч ва ёғоч панжаралар, ўймакор устунлар ҳамда нақшинкор шифт безаклари), айрим масжидларнинг тош пойдевор устига қурилгани (Ташмуш масжиди ва Ҳазрати Довуд масжиди) ҳамда кўплаб қишлоқ масжидлари ҳовлисида микроклиматни таъминлаш мақсадида ҳовузлар мавжуд бўлганлиги (Қутчи, Чуқун масжидларида ҳозиргача сақланиб қолган), ушбу масжидларнинг ХIХ–ХХ асрларга оид Шаҳрисабз тумани диний меʼморлигига хос боʻлган хусусиятларни сақлаб қолганлиги ва давлат томонидан муҳофаза қилинадиган обидалар рўйҳатига киритилишга муносиб эканлиги асосллангани билан боғлиқ илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2024-йил 14-августдаги 04-07/3038-сон маълумотномаси). Натижада Шаҳрисабз тумани диний меъморлигининг кам ўрганилган намуналари илмий муомалага киритилиб, меъморий меросни тарихий аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларини асраш, асл қийматини сақлаб қолган ҳолда таъмирлаш, қайта тиклашга ва оммалаштиришга хизмат қилган;
2014-йил 20-февралдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига мувофиқ Шаҳрисабз шаҳарнинг тарихий марказида амалга оширилган реконструксия тадбирлари натижасида айрим ҳолларда Шаҳрисабз меъморий мактабига хос табиий-иқлимий ва геологик шароитлар, шунингдек анъанавий қурилиш технологиялари тўлиқ ҳисобга олинмагани илмий жиҳатдан асослаб берилиб, Шаҳрисабз тарихий марказининг меъморий меросини сақлаш ва оммалаштириш, ёдгорликларнинг асллигини йўқотмасдан уларни илмий асосда реставрация қилишга йўналтирилган илмий лойиҳа хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги томонидан ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасига тақдим этилиши кўзда тутилган такрорий номинация ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2024-йил 4-ноябрдаги 02-06/4354-сон маълумотномаси). Натижада, меъморий обидаларни таъмирлаш ва қайта тиклаш жараёнида илмий асосланган ёндашувларни қўллаш, уларни маданий ва тарихий жиҳатдан халқаро миқёсда оммалаштиририш имкониятини яратишга хизмат қилган.