Мазмун-моҳият, янгилик ва афзалликлар нимада?
Илм-фан ва таълим-тарбия ривожи дунё тамаддунларига асос. Тинчлик ва фаровонлик ҳукум сурган жамиятда эса илм-фанга рағбат ва ёш авлод таълим- тарбиясига эътибор кучаяди. Бу муҳит табиий равишда илм ва маърифат аҳлини ўзига оҳанрабодек тортиши ҳақиқат.
Бугунги кунда юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш борасида узлуксиз таълим тизими, хусусан, олий таълим ва илм-фан соҳасини модернизация қилиш, халқаро академик интеграцияни кучайтириш борасидаги изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бунда айниқса, хизматлар кўрсатиш соҳаларини ҳам ўзаро интеграция қилган ҳолда давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар эътиборлидир. Ана шундай муҳим қадамлардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 161-сон қарори билан «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти» тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат хорижий мамлакатларда фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc) ва уларга тенглаштирилган илмий даражаларни олган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, давлат хизматларини соддалаштириш ва жараёнларни рақамлаштиришга қаратилган.
Янги регламентнинг асосий вазифаси хорижий давлатларда олинган илмий даражаларни тан олиш жараёнини шаффоф, рақамли ва ягона механизм асосида ташкил этишдан иборат. Бунда давлат хизмати тўлиқ рақамлаштирилди; мурожаатларни онлайн қабул қилиш йўлга қўйилди; ҳужжатларни кўриб чиқиш босқичлари аниқ белгиланди; талабгорларнинг ҳуқуқлари кафолатланди; қарорлар юзасидан апелляция бериш механизми такомиллаштирилди.
Аввалги тартиб қандай эди?
Хорижий мамлакатларда фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc) ва уларга тенглаштирилган илмий даражаларни нострификация қилиш юзасидан мурожаат қилингандан сўнг ҳужжатлар ўрганилиши ҳолатини онлайн кузатиш имконияти чеклангани талабгорларда кўплаб саволарни юзага келтиргани рост. “Ҳужжатларимда камчилик йўқмикан?”, “яна қандай талаблар қўйилиши мумкин?”, “қачон тасдиқланади?”, “тасдиқланмаса қайта мурожаат қилиш мумкинми”,... каби саволлар очиқ қолгани боис қарор қабул қилиш жараёнлари аҳоли учун етарли даражада очиқ эмасди. Мурожаатчилар учун қулай электрон хизматлар кўрсатиш тизими фаолияти тўлиқ йўлга қўйилмагани эса яна ортиқчи ташвишлар туғдиргани табиий. Натижада айрим ҳолатларда ҳужжатларни тақдим этиш, уларнинг кўриб чиқилишини кузатиш ва натижани олиш жараёни ортиқча вақт ва ташкилий харажатларни талаб қиларди...
Янгиликлар ва афзалликлар нимада?
Бугунги кунда юртимизнинг барча туман, шаҳарларида фаолият кўрсатаётган Давлат хизматлари марказлари орқали тегишли ҳужжатингизни ҳам нострифиқациялаш бўйича хизмат кўрсатиш механизми тўлиқ шаклланди.
Энг муҳим янгиликлардан бири хорижий давлатларда олинган илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатни ностирификациядан ўтказиш хизматининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши ҳисобланади. Эндиликда талабгор уйидан чиқмаган ҳолда мазкур масала бўйича давлат идорасиган тўғридан-тўғри мурожаат қилишига имконият яратилди. Бунда талабгор ҳужжатларини электрон шаклда юбориши; кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиши; қабул қилинган қарорни электрон шаклда олиши мумкин. Бу давлат хизматларини инсон омилидан холи қилишга ва ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Иккинчидан, мурожаатчилар учун қулайликлар кенгайди. Энди янги тартибга мувофиқ мурожаатчи давлат хизматлари маркази орқали ёки мустақил равишда ЯИДХП орқали ҳужжатларини ностирификациялаш юзасидан мурожаат қилиши мумкин. Аҳамиятлиси, бунда мамлакатнинг исталган ҳудудида яшовчи шахсларга тенг имконият яратилади.
Яна бир муҳим жиҳат, янги тартибга кўра ортиқча ҳужжат талаб қилиш тақиқланди. Яъни, Регламентда талаб қилинадиган ҳужжатлар аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур рўйхатдан ташқари маълумот ёки ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Бу эса коррупциявий омилларни камайтиришга хизмат қилиши табиий.
Эътиборлиси, мазкур жараёнда хизмат кўрсатиш муддатларининг аниқ белгилангани ҳам аҳамиятлидир. Янги тартибда ҳар бир босқич учун муайян муддатлар кўрсатилган. Жумладан, ҳужжатларни текшириш, ташқи тасдиқлаш ишлари, эксперт хулосасини тайёрлаш ва қарор қабул қилиш жараёнлари учун аниқ вақт чегаралари ўрнатилди. Бу мурожаатчиларнинг аниқ муддат бўйича ҳуқуқий талабини кафолатлайди.
Янги Регламентга кўра, тегишли талабларга мувофиқ олинган илмий даража тўғрисидаги дипломларни тўғридан-тўғри тан олиш институти ҳам кенгайди. Бунда энг муҳим афзалликларидан бири айрим ҳолатларда илмий даражаларни экспертизасиз тан олиш механизми аниқ белгиланди. Хусусан, халқаро рейтингларда 300-ўрингача бўлган нуфузли университетлар; давлат дастурлари асосида хорижда таҳсил олганлар; «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали ўқиганлар учун соддалаштирилган тартиб жорий қилинди. Бу илмий кадрларнинг мамлакатга қайтиши ва ўз фаолиятини тез бошлашини таъминлашга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, аввалги амалиётда асосий эътибор қоғоз ҳужжатларга қаратилган бўлса, энди тан олиш тўғрисидаги гувоҳноманинг электрон шакли ҳам расмий юридик кучга эга бўлди. Бу ҳолат ҳужжат йўқолишининг олдини олиш, текшириш жараёнларини енгиллаштириш, электрон ҳукумат тизими билан интеграцияни таъминламоқда.
Янги тартибга кўра мурожаатчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида аниқ апелляция тартиби белгилангани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Энди талабгор ҳужжатлари қайсидир босқичда тушунарсиз сабабларга кўра кўрилмаганда икки ой ичида апелляция бериши, мустақил Апелляция комиссияси ташкил этилишини талаб қилиши мумкин бўлди. Шунда ҳам эътирозлар юзага келса, иш суд тартибида кўриб чиқилишга ҳуқуқий асослар яратилди. Ушбу тартиб-қоидалар қарорларнинг адолатли қабул қилинишига хизмат қилади.
Инсон капитали ҳаракатчанлигига рағбат кучайди
Мазкур қарор бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик вазифаларни ҳал қилади. Биринчи навбатда, у Ўзбекистоннинг халқаро академик маконга интеграциясини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Яъни, ҳозирда хорижда таълим олган олимлар ўз илмий салоҳиятини мамлакат ривожига тезроқ йўналтириш имкониятига эга бўлди. Иккинчидан, рақамлаштириш ҳисобига давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги ошади. Энг муҳими, илм-фанга қизиқувчи ёшларда халқаро рейтингларда юқори ўринда турган университетларда таҳсил олишга эҳтиёж кучаяди, чунки бундай муассасаларда олинган илмий даражалар тўғридан-тўғри тан олиниши белгиланди. Бу билан илм-фан соҳасида инсон капитали ҳаракатчанлиги рағбатлантирилишига ва мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти юксалишига шароит яратилди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 161-сон қарори хорижий давлатларда олинган илмий даражаларни тан олиш тизимини янги босқичга олиб чиққан муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Аввалги тартиб билан солиштирганда мазкур регламентнинг асосий устунликлари сифатида давлат хизматининг рақамлаштирилгани, мурожаатчилар учун қулай механизмлар яратилгани, ортиқча бюрократик талаблар қисқартирилгани, муддатларнинг аниқ белгилангани, тўғридан-тўғри тан олиш институтининг ривожлантирилгани ва апелляция механизмларининг такомиллаштирилганини қайд этиш мумкин.
Ушбу янгиликлар нафақат хорижда илмий даража олган мутахассислар манфаатларини ҳимоя қилади, балки мамлакатнинг илм-фан соҳасидаги халқаро рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
ОАК Ахборот хизмати