Урунова Гулрух Уткуровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Муҳит ва озуқа омилларининг Африка лаққа (Clarias gariepinus) балиғи морфологик ва сифат кўрсаткичларига таъсири», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/В1178.
Илмий раҳбар: Жабборов Абдурашид Райимович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/2025.27.12.B.09.10.
Расмий оппонентлар: Халимов Фазлитдин Закирович, биология фанлари доктори, доцент; Канатбаева Турганкул Садуовна, биология фанлари фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: муҳит ва озуқа омилларининг Африка лаққа (Clarias gariepinus) балиғи морфологик ва сифат кўрсаткичларига таъсирини баҳолашдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк марта Ўзбекистон шароитида етиштирилаётган Африка лаққа балиғининг ўсиш ва ривожланиш кўрсаткичларига муҳит ва озуқа омилларининг таъсири комплекс баҳоланган;
Африка лаққа балиғини бошқариладиган ёпиқ сув таъминоти тизимларида қиш мавсумида сунъий кўпайтириш ва етиштириш технологияси асосида вегетация мавсуми бошида очиқ сув ҳавзаларини йирик чавоқлар билан таъминлаш имконияти илмий жиҳатдан асосланган;
чавоқларни очиқ тизимли балиқчилик қафаслари ва бошқа сув обектларида турли озуқалар билан озиқлантириш орқали бир вегетация мавсумида йирик товар балиқларигача етиштириш мумкинлиги аниқланган; 
паррандачилик саноати қайта ишлаш маҳсулотларидан озуқа сифатида фойдаланиш орқали балиқчилик маҳсулдорлигини ошириш ҳамда органик чиқиндиларни камайтириш имконияти мавжудлиги кўрсатиб берилган;
Африка лаққа балиғининг гўштининг кимёвий таркибида оқсил миқдори кўплиги, алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар шу жумладан, лизин улушининг сезиларли даражада юқори эканлиги шуниндек, одам организми учун оптимал ёғ кислоталар таркибига эга бўлганлиги сабабли юқори биологик қийматга эга эканлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Муҳит ва озуқа омилларининг Африка лаққа (Clarias gariepinus) балиғи морфологик ва сифат кўрсаткичларига таъсири бўйича олинган илмий натижалар асосида:
металл синчли балиқчилик қафасларига Африка лаққа балиғининг ўртача оғирлиги 34,4 г бўлган 1500 дона чавоқлари ўтказилиб, бройлер жўжалар ичак чавоқлари ва панжалари қиймаси (3:1 нисбатда) билан озиқлантириш усули таклиф этилган ва Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Аблақул Қодир Шариф Агро” МЧЖнинг балиқ ҳовузида амалиётга жорий қилинган. (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 9-апрелдаги 05/06-04-146-сон маълумотномаси). Натижада озуқа коеффициенти 3,4 ни, рентабеллик даражаси эса 33,5% га етказиш имконини берган;
бетондан қурилган оқар сув бассейнларига ўртача оғирлиги 25,6 г бўлган 2400 дона Африка лаққа балиғининг чавоқлари ўтказилиб, балиқларга бройлер жўжаларнинг музлатилган қайта ишлаш маҳсулотлари (фарш ҳолатида) билан озиқлантириш усули таклиф этилган ва Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Пулат балиқ ҳавзаси” балиқчилик хўжалигида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 9-апрелдаги 05/06-04-146-сон маълумотномаси). Натижада умумий даромад 15,2 миллион сўмга, рентабеллик даражаси 28% га эришиш имконини берган; 
тупроқли ҳовузга Африка лаққа балиғи ўтказилиб, балиқларга бройлер товуқлар қайта ишлаш чиқиндиларидан тайёрланган қийма билан озиқлантириш усули таклиф этилган ва иқтисодий самарадорликка эришиш мумкинлиги асосланган ҳамда Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “Ойдин Барака Кўли” МЧЖнинг балиқ ҳовузида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 9-апрелдаги 05/06-04-146-сон маълумотномаси). Натижада бутун вегетация давомида умумий харажат 305 млн сўмни, умумий даромад 375 млн сўмни ташкил этган. Балиқларни бройлер товуқлар қайта ишлаш чиқиндиларидан тайёрланган қийма билан озиқлантириш иқтисодий самарадорлигини саноат еми билан озиқлантирганга нисбатан 2,3 баравар ошириш имконини берган.

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish