Омонов Аббосжон Улуғбек ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ядроси силжиган ўзгравитацияланувчи дисксимон системанинг беқарорлик ҳолати физикаси”, 01.03.02 – Космос физикаси ва астрофизика (физика-математика фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/FM1322
Илмий раҳбар: Нуритдинов Салахутдин Насритдинович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.FM.01.05.
Расмий оппонетлар: Атамуротов Фарруҳ Шухратович, физика-математика фанлари доктори, профессор. Эргашев Камолиддин Эштурсунович, физика-математика фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: “ТИҚХММИ” Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ядроси силжиган дисксимон галактикалар каталогини тузиш ва галактикаларнинг физик параметрлари орасида статистик тадқиқотлар ўтказиш. Шунингдек, ядро силжиши билан боғлиқ асимметрик модаларни таҳлил қилиш ва уларнинг беқарорлиги, дисксимон галактикаларда ядро силжиш эффектининг вужудга келиш назариясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: 
биринчи бор 2542 та объектдан иборат ядроси силжиган дисксимон галактикалар каталоги тузилган ҳамда каталог асосида галактикаларнинг структуравий параметрларининг статистик тақсимот қонуниятлари аниқланган;
илк бор ядроси силжиган спирал галактикаларда марказий қора ўра массаси билан галактика дискининг массаси, ёши ва уларнинг эволюцион хусусиятлари баҳоланган, металлилиги орасидаги эмпирик боғланишлар аниқланган;
биринчи марта ностационар изотроп моделни айланиш параметри бўйича ўртачалаш усули асосида анизотроп тезликлар диаграммасига эга бўлган дисксимон ўзгравитацияланувчи системалар учун аналитик пулсацияланувчи модел ишлаб чиқилган ҳамда ушбу модел асосида ностационар дисперсион тенгламалар ҳосил қилинган;
илк бор ўзгравитацияланувчи дисксимон ностационар моделнинг анизотроп ҳоли учун ядро силжиш эффектининг гравитацион беқарорликлари механизмлари ва мезонлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Диссертация бўйича олинган илмий натижалар қуйидагиларга жорий қилинган:
сферик системалар эволюциясининг дастлабки босқичларини тавсифловчи ночизиқли ностационар моделдан “Галактикалар ва улар подсистемалари кузатув маълумотлари тахлили ҳамда уларнинг эволюсиясини сонли моделлаштириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида, галактикалар галосидаги шарсимон тўдалар эволюцияси ва уларнинг фазовий тақсимотини тадқиқ қилишда қўлланилган (Чирчиқ давлат педагогика университетининг 2025 йил 20 октябрдаги 04/5872-сон маълумотномаси). Натижада ядронинг силжиш эффекти камайиши билан шарсимон тўдалар системаларининг тақсимоти изотроплашиши ҳамда уларнинг ёши ортиши аниқланган;
ядро силжиш эффектининг ночизиқли ностационар назарияси ҳамда ядроси силжиган дисксимон галактикаларнинг асосий физик параметрлари орасида аниқланган эмпирик муносабатлардан “Галактикалар ва улар подсистемалари кузатув маълумотлари тахлили ҳамда уларнинг эволюсиясини сонли моделлаштириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида, ядронинг силжиш эффекти билан анизотропия параметри орасидаги боғланишларни тадқиқ қилишда фойдаланилган (Чирчиқ давлат педагогика университетининг 2025 йил 20 октябрдаги 04/5872-сон маълумотномаси). Натижада ядронинг силжиш эффекти ва анизотропия параметри орасидаги эмпирик муносабат аниқланган;
ядроси силжиган дисксимон галактикаларнинг асосий физик параметрлари ҳамда марказий қора ўра массаси орасида аниқланган эмпирик боғланишлардан “Галактикалар ва улар подсистемалари кузатув маълумотлари тахлили ҳамда уларнинг эволюсиясини сонли моделлаштириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида, шарсимон тўдаларда ядро силжиш эффектини аниқлаш ва унинг марказий қора ўра эволюциясига таъсирини баҳолашда қўлланилган (Чирчиқ давлат педагогика университетининг 2025 йил 20 октябрдаги 04/5872-сон маълумотномаси). Натижада ядро силжиш эффекти камайиши билан шарсимон тўдалар марказидаги қора ўра массаси ортиши аниқланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish