Содиков Дилшодбек Кобиловичнинг    
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): 
“Лингвокултурологик феноменларни таржимада ифодаланиши (ўзбек тилидан немис тилига қилинган таржима асарлари асосида)”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Fil3575.
Илмий раҳбар: Мухтар Ишанходжаевич Умарходжаев, филология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат чет тиллари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат чет тиллари институти, DSc.03/2025.27.12.Fil.32.02.
Расмий оппонентлар: Якубов Жамолдин Абдувалиевич, филология фанлари доктори, профессор; Какҳарова Мавлуда Мукаррамовна, филология фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Қўқон давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек ва немис тиллари тизимидаги реалия, фразеологизм ҳамда маданий лакуналар каби лингвокултурологик феноменларнинг лисоний табиатини қиёсий-типологик жиҳатдан далиллаш, мазкур бирликларнинг бадиий таржимада акс этиш механизмларини тадқиқ этиш орқали немис тили стилистик нормалари доирасида миллий-маданий ўзига хосликни сақлашнинг оптимал методологик тизимини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидан немис тилига амалга оширилган бадиий таржималарда лингвокултурологик феноменларни тадқиқ этишга доир мавжуд назарий қарашлар тизимлаштирилиб, миллий маданий бирликларнинг таржима матнида воқеланиш жараёнини немис тили стилистик нормалари доирасида ўрганишга хизмат қилувчи такомиллаштирилган лингвокултурологик тасниф мезонлари таклиф этилган;
    ўзбек тилидаги бадиий матнларда учрайдиган миллий маданий бирликлар, реалиялар, этнографик лексика, фразеологизмлар, табу ва эвфемизмлар, паремиологик бирликлар ҳамда антропоним ва топонимларнинг немис тилига таржима қилиниш стратегиялари қиёсий-лингвистик таҳлил қилиниб, уларнинг семантик, прагматик ва маданий мувофиқлик даражалари тизимли асосда аниқланган;
    ўзбек тилига хос лингвокултурологик феноменларни немис тилига кўчириш жараёнида маданий коднинг сақланиши ёки трансформацияга учраши билан боғлиқ муаммолар лингвокултурологик эквивалентлик ҳамда миллий колорит трансфери мезонлари асосида тадқиқ этилиб, таржимада миллий-маданий ўзликни сақлашга хизмат қилувчи мувозанатли мослашув тамойили асослаб берилган;
    ўзбек лингвокултурологик бирликларининг немис тилида адекват ифодаланишини таъминлашга йўналтирилган инновацион таржима модели ишлаб чиқилиб, унда миллий қадрият, аксиологик қатлам ва маданий кодни немис тили табиатига зид келмаган ҳолда қайта яратишга имкон берувчи амалий механизмлар илмий жиҳатдан далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқотнинг назарий таклиф, амалий тавсия ва хулосалари асосида:
ўзбек тилидан немис тилига ўгирилган бадиий асарлардаги лингвокултурологик бирликлар, миллий-маданий коннотацияларнинг таржимада акс этиши ва уларнинг эквивалентлик даражасини аниқлаш бўйича олинган назарий маълумотлардан Андижон давлат университети томонидан бажарилган “ОТ-Ф1-18. Оммавий лисоний маданиятни шакллантириш методлари ва методологиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги давлат фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (26 апрел 2025 йил, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети, 04-1556-сон). Натижада лойиҳа доирасида таржима назариясини немис тили стилистик нормалари ҳамда миллий мулоқот маданияти билан уйғун ҳолда тадқиқ этишнинг методологик асоси такомиллаштирилган;
таржимадаги лингвокултурологик элементларнинг изоҳли муқобилларини шакллантириш, маданий кодни сақлаш ва прагматик адекватликни оширишга доир тавсиялардан “№ ИЛ-402104213. Ўзбек тилида электрон лингвистик энциклопедик луғат ишлаб чиқиш” мавзусидаги давлат инновацион лойиҳасида фойдаланилган (26 апрел 2025 йил, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети, 04-1555-сон). Натижада лойиҳа доирасидаги электрон луғат базасида ўзбекча-немисча лингвокултурологик бирликларнинг лексикографик тавсифи сифат жиҳатидан янгиланган ва луғат мақолалари таркиби миллий-маданий маълумотлар билан бойитилган;
бадиий таржимада лингвокултурологик феноменларнинг шарҳланиши, миллий идентитетни қайта яратиш стратегиялари ва уларнинг маданиятлараро мулоқотдаги ўрни юзасидан олинган илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали томонидан тайёрланган “Таълим ва тараққиёт”, “Миллат ва маънавият”, “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти” каби кўрсатувлар ссенарийларида фойдаланилган (10 июн 2025 йил, «Ўзбекистон 24» ижодий бирлашмаси» давлат муассасаси, 05-09-865-сон). Натижада ўзбек ва немис халқлари ўртасидаги лисоний-маданий алоқаларга оид маълумотларнинг илмий-назарий манбадорлиги оширилган;
ўзбек тилидаги миллий-маданий преседент бирликларни немис тилига таржима қилишда зарур бўлган лингвокултурологик тизимлаштирилган механизмлар, улар орқали таржимон маданий семантикани максимал даражада сақлаган ҳолда эквивалентликка эришиши мумкинлиги қиёсий таҳлил қилинган ИЛ-402104209 “Ахборот-қидирув тизимлари (Google, Yandex, Google Translate) учун автоматик ишлов бериш воситаси - ўзбек тилининг морфолексикони ва морфологик анализатори дастурий воситасини яратиш” амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (2025-йил 5-сентябр, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, № 01/4-3984-сон). Натижада, ўзбек тилидаги миллий-маданий преседент бирликларни немис тилига таржима қилишда зарур бўлган лингвокултурологик тизимлаштирилган механизмлар маълумотлар базаси кенгайтирилган. Бу эса таржима алгоритмларининг аниқлигини оширишга олиб келган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish