Мухтаров Фарруҳ Муҳаммадовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Хавфсизликни таъминлаш тизими моделлари ва давлатлараро муносабатлар стратегиясини мувофиқлаштириш алгоритмлари», 05.01.05–Ахборотларни ҳимоялаш усуллари ва тизимлари. Ахборот хавфсизлиги (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/T508.
Илмий рахбар: Якубов Мақсадхон Султаниязович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Мажит Маликович, техника фанлари доктори, профессор; Холмуратов Омонбой Утамуратович, фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: “UNICON.UZ” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ташқи ахборот тизими хуружи ва таҳдидларидан ҳимоялашнинг моделлари, дастурий воситалари ҳамда давлатлараро муносабатлар стратегиясини мувофиқлаштириш алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
интернет ахборот коммуникация технологиялари ва тизими асосида давлатлараро стратегик муносабатларни мувофиқлаштириш хусусиятларига мувофиқ давлат, жамоат ва шахс хавфсизлигини ташқи ахборот хуружи ва таҳдидларидан ҳимояланиш ёндашувлари ишлаб чиқилган;
давлатлараро муносабатларда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид қилувчи ташқи интернет ахборот ресурслари факторлари классификацияланган, давлат ва хизмат сирларини конфиденциаллиги ва ҳимоясини таъминлаш тамойил ва дастурий воситалари ишлаб чиқилган;
давлатлараро муносабатлар стратегиясининг шаклланишида интеграциялашган тизим ахборотлари ва шахс, жамият, давлат хавфсизлигини таъминлаш жараёнларининг таҳдидлар моделлари ва алгоритмлари ишлаб чиқилган;
давлатлараро муносабатларда критик ахборот инфратузилмасида шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидларни ҳисоблаш ва контентларни фильтрлаш усуллари ва алгоритмлари ишлаб чиқилган;
давлатлараро муносабатлар стратегиясининг шаклланишида ижтимоий тармоқ ва виртуал ахборот майдонлари – коммуникациялари тизимида омма онги ва қадриятига тезкор таъсир этувчи воситаси – рақамли дипломатияни такомиллаштириш механизми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Давлатлараро стратегик муносабатларни шакллантириш жараёнларининг концептуал моделлари, усуллари, аппарат-дастурий воситалари ва алгоритмлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
давлатлараро муносабатларда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг концептуал моделлари, инструментал дастурий воситалар мажмуалари Ўзбекистон Республикаси электрон ҳукумат тизимининг компьютерлаштириш секторлари Фарғона вилояти ҳокимлиги «Компьютерлаштириш маркази» ДУКга жорий этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 10 июлдаги 33-8/5042-сон маълумотномаси). Натижада электрон ҳукумат, электрон ҳужжат ва давлатлараро муносабатларни мувофиқлаштириш жараёнида маълумотларни ҳимоялашда фойдаланилиб, идоралараро ва ҳукуматлараро конфиденциал ахборотлар алмашинуви муносабатларини мувофиқлаштириш ҳисобига етказилиши мумкин бўлган иқтисодий зарарни 2,4 баробаргача камайтириш имконини берган;
давлат ва хизмат сирларини дахлсизлиги ва конфиденциаллигини таъминлашнинг миллий хавфсизлик тизими Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига жорий этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 10 июлдаги 33-8/5042-сон маълумотномаси). Натижада ҳудудий бошқармада соҳанинг техник йўналишдаги жабҳаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқишда фойдаланилиб, телекоммуникация соҳасида етказилиши мумкин бўлган эҳтимолий техник ва иқтисодий зарар миқдорини 2,7 баробарга қисқаришига яъни 38,4 млн. сўм тежамкорликка эришиш имконини берган;
ташқи ахборот ресурсларини фильтрлаш ва ҳимоялаш моделлари ва алгоритмлари «Ўзбектелеком» АК Фарғона филиалининг тоифаланган объектларини ҳимоялаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш жараёнларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 10 июлдаги 33-8/5042-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари тоифаланган объектларни ҳимоялашда фойдаланилиб, маълумотлар хавфсизлиги таъминотини кучайтириш, шунингдек, алоқа линиялари ва ахборот тизимидан рухсат берилмаган фойдаланишни маън этадиган тегишли техник йўриқномалар ишлаб чиқилиб, ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинганда, соҳага етказилиши мумкин бўлган умумий моддий зарарни таклиф этилган хавфсизликни таъминлаш модель ва алгоритмларини жорий этиш ҳисобига 1,7 баробарга қисқариш имконини берган;
алоқа линиялари ва ахборот тизимидан рухсат этилмаган фойдаланишлардан ҳимояланишнинг оптималлашган усуллари Фарғона вилояти телерадиокомпаниясининг телевизион сигналларни узатиш ва тарқатиш бўлимига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 10 июлдаги 33-8/5042-сон маълумотномаси). Фарғона вилояти телерадиокомпаниясининг телевизион сигналларни узатиш ва тарқатиш бўлими техник қурилмаларига рухсат этилмаган киришлардан ҳимоялаш, тоифаланган объектнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қарор қабул қилишда фойдаланилиб, етказилиши мумкин бўлган эҳтимолий техник ва иқтисодий зарар миқдорининг 1,9 баробарга қисқаришига, яъни 45,7 млн. сўм тежамкорлигига эришиш имконини берган.