Адизова Зуҳро Маъруф қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): Бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда иссиқлик ва намлик ўтказилиши жараёнларини сонли моделлаштириш, 05.01.07 - Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/Т5635. 
Илмий раҳбар: Нормахмад Равшанов, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.09/2025.27.12.Т.02.01.М.
Расмий оппонентлар: Джумаёзов Умиджон Зафаржонович, техника фанлари доктори, доцент; Турғунов Аброржон Махамацолиевич, техника фанлари фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда (дон маҳсулотлари мисолида) иссиқлик ва намликнинг алмашинивуни тасвирлайдиган математик моделларни яратиш, сонли алгоритмлар ва дастурий мажмуани ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ички ва ташқи омилларнинг ўзгарувчан таъсирини ҳисобга олган ҳолда дон маҳсулотларида иссиқлик ҳамда намлик алмашинуви жараёнларини ифодаловчи математик модел ишлаб чиқилган;
дон маҳсулотларини сақлаш ҳамда қуритиш жараёнларида иссиқлик ва намлик ҳолатининг вақт бўйича ўзгаришини башоратлашга мўлжалланган сонли ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
ички ва ташқи ҳаво ҳарорати, нисбий намлик ҳамда ички биофизик манбалар таъсирини инобатга олган ҳолда дон маҳсулотларини сақлаш жараёнида иссиқлик-намлик ҳолатини башоратлаш ва мониторинг қилиш имконини берувчи кўп ўлчамли математик модел ишлаб чиқилган;
дон маҳсулотларини сақлаш ва қуритиш жараёнларида ички иссиқлик ҳамда намлик манбалари, шунингдек ташқи муҳит ҳароратининг таъсирини ҳисобга олувчи сонли ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда иссиқлик ва намлик ўтказилиши жараёнларини математик моделлаштириш, сонли ҳисоблаш алгоритмларини яратиш ҳамда дастурий мажмуа ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар қуйидаги амалий жараёнларга жорий қилинган:
дон массаларида иссиқлик-намлик алмашинуви жараёнларини ташқи муҳит ҳарорати, нисбий намлик тебранишлари, аерация режимлари ҳамда қуёш нурланиши интенсивлигини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаш, мониторинг қилиш ва башоратлашга мўлжалланган математик модел, сонли алгоритмлар ҳамда дастурий мажмуа “Бухоро дон маҳсулотлари” АЖ фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2026-йил 9-февралдаги 33-8/1108-сон маълумотномаси). Натижада омбор шароитида дон қатламларининг иссиқлик ҳолати ва намлик тақсимотини тезкор кузатиш, ҳисоблаш ва мониторинг қилиш имконияти яратилган ҳамда ишлаб чиқилган тавсиялар асосида сақлаш ва қуритиш жараёнлари билан боғлиқ меҳнат сарфи 7-9 фоизга қисқартирилган;
дон қатламлари бўйлаб ҳарорат ва намликнинг ўзгаришини, шунингдек, биологик омиллар таъсирини ҳисобга олган ҳолда иссиқлик-намлик ҳолатини мониторинг қилиш ва башоратлашга хизмат қилувчи математик модел ҳамда дастурий таъминот “Когон дон маҳсулотлари” АЖ фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2026-йил 9-февралдаги 33-8/1108-сон маълумотномаси). Натижада дон массаларида ҳарорат ва намлик кўрсаткичларининг ўзгаришини тезкор баҳолаш имконияти яратилган, башоратлаш аниқлиги 12-16 фоизга оширилган ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида меҳнат самарадорлигини оширишга эришилган;
донни қуритиш жараёнларида ҳарорат ва намлик ўзгаришини кузатиш, сифат йўқотишларини камайтириш, зараркунандалар таъсирининг салбий оқибатларини баҳолаш ҳамда технологик бошқарувни рақамлаштиришга мўлжалланган дастурий мажмуа “ОЛТИН БОШОҚ БУХОРО” МЧЖ фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2026-йил 9-февралдаги 33-8/1108-сон маълумотномаси). Натижада дон ва унинг қатламларида ҳарорат ҳамда намлик ўзгаришини кузатиш ва башорат қилиш имконияти кенгайтирилган, қуритиш жараёнидаги сифат йўқотишларини камайтириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилган ҳамда меҳнат самарадорлиги 7-8 фоизгача оширилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish