Мадолимов Хусанбой Шухратовичнинг
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
    Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ака-ука Гримм эртакларининг поэтик хусусиятлари” мавзусидаги 10.00.04 – Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича. 
    Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/Fil6105
    Илмий раҳбар: Абдуллажанов Акмалхон Ахмаджонович, филология фанлари номзоди, доцент. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти, PhD.03/2025.27.12.Fil.35.02 
Расмий оппонентлар: Қахаров Қобил Шухрат ўғли, филология фанлари доктори (DSc), доцент; Дадабоев Олимжон Ортиқович, филология фанлари доктори (DSc), доцент
Етакчи ташкилот: Андижон давлат чет тиллари институти.          
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.    Тадқиқотнинг мақсади Гримм эртакларининг поэтик хусусиятларини илмий асосда таҳлил қилиш, уларнинг жанр, композицион ва образлар тизимидаги ўзига хос поэтик механизмларини очиб беришдан иборат.
III.   Тадқиқотнинг илмий йангилиги қуйидагилардан иборат: 
Гримм эртаклари поэтикасида кенг қўлланиладиган формулалик ифодалар, уч марталик такрор, паратактик синтаксис ҳамда абстракт услуб элементлари комплекс поэтик ҳодиса сифатида тизимли равишда таҳлил қилинди. Тадқиқот жараёнида мазкур поэтик унсурлар эртак матнининг композицион қурилиши ва сюжет ривожида муҳим рол ўйнаши аниқланиб, уларнинг эстетик ҳамда дидактик вазифалари илмий асосда тавсифланди. Хусусан, формулалик иборалар ва уч марталик такрор эртак сюжетининг ритмик ва композицион барқарорлигини таъминлаши, паратактик синтаксис эса ҳикоя баёнининг содда ва тушунарли шаклда ривожланишига хизмат қилиши асослаб берилган;
Гримм эртакларида қўлланилган метафора, эпитет, таққослаш, параллелизм ва диалог каби бадиий ифода воситаларининг функционал тизими аниқланиб, уларнинг эртак поэтикасидаги эстетик ва дидактик вазифалари илмий жиҳатдан асослаб берилди. Тадқиқот натижаларига кўра, метафора эртак матнида мавҳум ахлоқий категорияларни аниқ образлар орқали ифодалашга хизмат қилиши аниқланган. Эпитет эса қаҳрамонларнинг характер хусусиятларини таъкидлаш орқали типологик образлар тизимини шакллантириши кўрсатилди. Таққослаш усули умуминсоний тажрибага мурожаат қилиш орқали эртак матнидаги ахлоқий хулосаларни янада аниқроқ ифодалашга имкон бериши далилланган. Параллелизм сюжет ривожида ахлоқий қонуниятларнинг кетма-кет намоён бўлишини таъминлаши, диалог эса қаҳрамонларнинг ахлоқий танловини драматик шаклда очиб бериши илмий таҳлиллар асосида кўрсатилган;
Гримм эртаклари образлар тизими архетипик қаҳрамонларнинг функсионал модели асосида таҳлил қилиниб, унда қаҳрамон, ёрдамчи, антагонистик куч ва сеҳрли восита каби образларнинг ўзаро муносабатлари аниқлаштирилди. Тадқиқот натижасида мазкур образлар тизими эртак сюжетининг драматик ривожланишида асосий поэтик механизм вазифасини бажариши кўрсатилди. Хусусан, қаҳрамоннинг синовлардан ўтиши, антагонистик куч билан қарама-қаршилиги ҳамда ёрдамчи кучлар орқали мувозанатнинг тикланиши эртак композициясининг асосий структуравий тамойили сифатида таҳлил қилинди. Бу жараёнда архетипик образлар тизими сюжет динамикасини белгиловчи асосий омил сифатида намоён бўлиши илмий жиҳатдан асослаб берилди. Гримм эртакларидаги образлар тизимининг қарама-қаршилик, синов ва мувозанат тамойилларига асосланган барқарор структуравий қонуниятлари аниқланиб, улар тизимли тарзда тавсифланган;
Гримм эртакларини таҳлил қилишда морфологик, стилистик ва семантик ёндашувларни бирлаштирувчи интегратив поэтик модел такомиллаштирилди. Ушбу модел асосида эртакларнинг сюжет қурилиши, образлар тизими ҳамда бадиий ифода воситалари ўртасидаги ички эстетик муносабатлар тизимли равишда таҳлил қилинди. Тадқиқот жараёнида эртак поэтикасининг турли қатламлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик аниқланиб, уларнинг бир-бирини тўлдирувчи функсионал хусусиятлари илмий асосда изоҳланди. Шу асосда Гримм эртакларининг ички поэтик механизми яхлит ва барқарор бадиий тизим сифатида тавсифланиб, эртак поэтикасининг структуравий ҳамда мазмуний қонуниятлари аниқроқ белгилаб берилди. Мазкур интегратив модел Гримм эртакларини комплекс поэтик таҳлил қилиш имконини берувчи янги методологик ёндашув сифатида асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ака-ука Гримм эртакларининг поэтик хусусиятларини тадқиқ этиш жараёнида олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг расмий маълумотномасида диссертация натижаларининг адабий-маърифий йиғилишлар, таржима жараёнлари, ижодий йўналишларни белгилаш ҳамда адабий таҳлил методикасини такомиллаштиришда самарали ва тизимли равишда қўлланилгани тасдиқланган. Хусусан, Гримм эртакларининг композицион модели, уч марталик такрор ва формулалик тизими, абстракт услуб, паратактик синтаксис, поэтик параллелизм, архетипик образлар динамикаси ҳамда мотивларнинг функсионал талқини уюшма фаолиятида методик асос сифатида жорий этилган бўлиб, ушбу назарий ёндашувлар адабий матнларни таҳлил қилиш, таржима сифатини баҳолаш ва ижодий жараённи илмий асосда йўналтиришда қўлланилган (01-03/456-сонли маълумотнома, 12.05.2025). Натижада уюшманинг адабий дастурлари, семинарлар, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарсларида замонавий фолклоршунослик ҳамда поэтик таҳлил тамойилларига таянган ҳолда барқарор илмий-методик ёндашув шакллантирилган, бадиий асарларни талқин қилиш ва баҳолашда назарий асосланган мезонларнинг қўлланиш доираси кенгайтирилган ҳамда ёзувчи ва таржимонларнинг ижодий фаолиятида илмий ёндашувнинг аҳамияти сезиларли даражада мустаҳкамланди;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston-24” ижодий бирлашмаси томонидан 2025-йил январ ва июн ойларида эфирга узатилган “Адабий жараён”, “Бедорлик”, “Жаҳон адабиёти” кўрсатувларида амалиётга жорий этилган. Хусусан, бадиий асарлардаги образларнинг миллий-эстетик талқини, реалиялар, фразеологизмлар, антропонимлар ҳамда уларнинг таржима жараёнидаги семантик, прагматик ва функсионал ўзгаришлари бўйича диссертацияда ишлаб чиқилган илмий изоҳлар телекўрсатувлар ссенарийларини ишлаб чиқиш, муаллифлик шарҳларини шакллантириш ва таҳлилий блокларни бойитишда назарий-методик асос бўлиб хизмат қилган (05-09-872-сонли далолатнома, 10.06.2025). Натижада мазкур кўрсатувларнинг илмий-таҳлилий мазмуни ва терминологик аниқлиги кучайтирилган, адабиётшунослик ва таржимашуносликка оид замонавий ёндашувлар оммавий ахборот воситаларида тизимли равишда қўлланган ҳамда илмий билимларни кенг аудиторияга етказишнинг самарадорлиги сезиларли даражада оширилди;
тадқиқотда олинган илмий натижалар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган IL-402104209-сонли “Ахборот–қидирув тизимлари (Google, Yandex, Google Translate) учун автоматик ишлов бериш воситаси – ўзбек тилининг морфолексикони ва морфологик анализатори дастурий воситасини яратиш” инновацион лойиҳасида амалиётга жорий этилган. Жумладан, поэтик матнларда метафора, эпитет, такрор каби стилистик бирликларни автоматик аниқлаш ва таснифлаш механизмлари автоматлаштирилган таҳлил алгоритмига интеграциялашган, ритмик-такрорий структуранинг параметрик модели ишлаб чиқилган, поэтик образларни электрон маълумотлар базасида индекслаш ҳамда поэтик структураларни визуализация қилиш тамойиллари диссертация асосида ишлаб чиқилган илмий ёндашувларга таянган (01/4-3023-сонли маълумотнома, 09.07.2025). Натижада дастурий воситанинг семантик-поэтик таҳлил имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилган, поэтик бирликларнинг автоматик аниқланиш аниқлиги оширилган ҳамда поэтик матнларни компютер лингвистикаси асосида чуқур таҳлил қилиш учун мустаҳкам илмий-методик асос яратилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish