Хушманова Гулшод Ибрагимовнанинг  

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. 
“Бадиий адабиётда уруш ва тинчлик муаммосининг қиёсий-типологик тадқиқи ( Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеяси ва ўзбек насри мисолида)”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация рўйхатга олинган рақам: B2025.4.PhD/Fil6893
Диссертация бажарилган муассаса: Қарши давлат университети.
Илмий раҳбар: Халилова Дилбар Жалиловна, филология фанлари доктори (DSc PhD), профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Турон университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.39.01 
Расмий оппонентлар: Гафуров Бахтиёр Закирович, филология фанлари доктори, профессор, Пардаева Дилфуза Раимовна,  филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент. 
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” роман- эпопеяси ва ўзбек насрида уруш ва тинчлик муаммосини қиёсий-типологик асосда ўрганиш, адабий таъсир ва муштараклик масалаларини тадқиқ этиш, ёзувчилар услубига оид индивидуал хусусиятларни тавсифлаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
жаҳон ва ўзбек адабиётида уруш ҳамда тинчлик мавзусининг генезиси, шаклланиши ва тараққиёт босқичлари қиёсий-типологик асосда комплекс таҳлил этилиб, мазкур мавзунинг бадиий-фалсафий талқинлари тадрижий ривожланиш хусусиятига эга экани, шунингдек, унинг миллий насримизда маънавий-ахлоқий қадриятлар билан узвий боғлиқ ҳолда ифодалангани илмий жиҳатдан асослаб берилган;
Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясида илгари сурилган ижтимоий-тарихий консепсиянинг ўзбек насрига кўрсатган таъсири тизимли равишда очиб берилиб, Ватан уруши мавзусидаги асарларда миллий қаҳрамон образини яратиш тамойиллари ҳамда Афғон уруши фожиалари талқинида намоён бўлган психологизмнинг ўзига хос бадиий хусусиятлари аниқлаштирилган;
ўзбек насри намуналарида, хусусан, Ойбекнинг “Қуёш қораймас”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Олтин юлдуз”, Улуғбек Назаровнинг “Чаён йили”, Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар”, Қодир Норқобилнинг “Дарё ортидаги йиғи” асарларида уруш ва тинчлик муаммосининг ёритилишида услубий индивидуаллик, ретроспектив сюжет ва композицион яхлитликнинг ўрни ҳамда аҳамияти “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси билан қиёсий-типологик асосда далилланган;
миллий насрда уруш ва тинчлик мавзусининг замон ва макон уйғунлигидаги бадиий-фалсафий инъикоси, адабий таъсир ва муштараклик масалалари чуқур таҳлил этилиб, ўзбек адабиёти намуналари ғоявий-бадиий жиҳатдан жаҳон илғор адабий жараёнининг ажралмас таркибий қисми эканлиги илмий асосда исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бадиий адабиётда уруш ва тинчлик муаммосининг қиёсий-типологик тадқиқи масаласини ёритишга оид хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида амалга оширилган ПФ-201912258- рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги  лойиҳани амалга ошириш жараёнида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 18-декабрдаги 01/04-1335-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг илмий-назарий асослари бойитилди.
“Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси: адабий таъсир, ўзига хослик ва муштараклик” мавзуси борасидаги илмий хулосалардан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2024-2025-йиллар давомида бажарилган ИЛ – 7823051524-сонли “Паратранслатор: параллел корпусга асосланган контекстологик электрон таржима луғат платформасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фойдаланилган (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 2026-йил 18-мартдаги 4/11- 7948-сонли маълумотномаси). Натижада ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи илмий хулосалардан самарали фойдаланиш имконияти кенгайган.
  Уруш ва тинчлик мавзусини акс эттиришга бағишланган асарлар муваффақиятини таъминлаган энг асосий жиҳатлар қаторига ҳаққонийлик, холислик ҳамда бадиий сўз имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиш каби хусусиятлар киради. Шу борадаги илмий хулосалар баён қилинган материаллардан “Қашқадарё”  телерадиоканали ДМ “Файзли кун” дам олиш мусиқий дастурини бойитишда муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Эшиттиришда диссертацияда келтирилган илмий янгиликлардан самарали фойдаланилди. Мазкур тадқиқотда Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеяси рус ва ўзбек тилларига таржимон ижодкорлар томонидан яратилган чуқур бадиий умумлашмалар, бадиий консепсия мажмуидаги фалсафий ғояларнинг инсоният ҳаётида тутган ўрни масалалари атрофлича ўрганилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Қашқадарё вилояти телерадиоканали ДМ 2026-йил 12- январдаги №17-05/13-сон маълумотномаси). Натижада томошабинларнинг китобхонликка қизиқишини оширишга, кўрсатув учун танланган материаллар мазмунининг мукаммаллашувига, дастурнинг илмий-оммабоплигини таъминлашга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish