Хидоятова Мухлиса Рахматиллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Метаболик синдромда миокард шикастланишининг эрта ташхислашнинг клиник-инструментал ва биохимик мезонлари», 14.00.25–Клиник-лаборатор ва функционал диагностика (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Тib980.
Илмий раҳбар: Арипов Абдумалик Нигматович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги DSc.27.06.2017.Tib.30.02 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Хайбуллина Зарина Руслановна, тиббиёт фанлари доктори; Халимбетов Гуломжан Султанбаевич, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот:Тошкент Педиатрия тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: метаболик синдром билан хасталанган беморларда миокард шикастланишини эрта ташхислаш ва метаболик синдром негизидаги юрак ишемик касаллигида кавергалнинг клиник ва лаборатор кўрсаткичларга таъсирини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
метаболик синдромда миокарддаги пролифератив-дистрофик ўзгаришлар, паренхиматоз ёғли дистрофия ва бўлмачалар деворларида метаболик некроз ўчоқларининг пайдо бўлиши кардиомиоцитларнинг липид пероксидацияси ва антиоксидант тизимидаги ўзгаришлар сабабли ривожланганлиги исботланган;
метаболик синдромли юрак дисфункциясининг клиник белгилари бўлмаган беморларда тўқима миокардиал допплерографияси кўрсаткичларига кўра чап қоринча диастолик дисфункциясининг ривожланиши ва стресс юкламалардан кейин юрак - қон томир тизими реакцияси тикланишининг секинлашиши аниқланган;
метаболик синдромдаги миокарднинг ўзгаришларини ва беқарорлигини эрта ташхислашда ЭКГ билан ўтказилган юкламали тестлар (велоэргометрия) натижаларини ва тўқима миокардиал допплерографияси кўрсаткичларини комплекс баҳолаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;
чап қоринча диастолик дисфункциясини эрта ташхислашда катестатин миқдорини аниқлаш диагностик аҳамиятга эгалиги исботланган, бу гипертриглицеридемиянинг оғирлиги ва HOMA-IR индекслари билан боғлиқлиқлиги, метаболик синдром ривожланишининг дастлабки даврларида катестатин миқдорининг камайиши негизида асосий патологиянинг салбий кечиши ва юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфи аниқланган;
маҳаллий антигипоксант бўлган кавергалнинг HOMA-IR индекси, дислипидемия ва юрак тўқимасида пролифератив-дистрофик ўзгаришлар камайишига таъсири аниқланиб, унинг самарадорлиги 3-(2,2,2-триметилгидразиний) пропионатдан (моногидрат) юқорилиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Метаболик синдромда миокард диастолик дисфункциясини эрта ташхислаш бўйича олинган натижалар асосида:
«Метаболик синдромли беморларда миокард диастолик функциясининг эрта бузилишларини ташхислашда тўқима допплерографияси” бўйича услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 7 майдаги 8н-д/104-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома метаболик синдромда миокард диастолик дисфункциясини эрта ташхислашни мувофиқлаштириш имконини берган;
метаболик синдромда миокард диастолик дисфункциясини ўрганиш ва ташхислашдан олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан, Самарқанд вилоят кардиология диспансери, Тошкент шаҳри «CLINIC PRO» тиббий диагностика маркази амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 28 декабрдаги 8н-з/260-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши метаболик синдромда миокарднинг диастолик дисфункциясининг эрта намоён бўлишини ўз вақтида ташхислаш, беморларнинг вақтинча ишга лаёқатсизлик вақтини қисқартириш ва иқтисодий фойда олиш имконини берган.