Деҳқонбоев Авазжон Абдуномоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда некротик энтероколитнинг эрта ва кечки асоратларининг ташхисоти ва хирургик давоси», 14.00.35–Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Tib297.
Илмий раҳбар: Алиев Махмуд Муслимович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Эргашев Насритдин Шамситдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Атакулов Жамшед Остоноқулович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: С.Д. Асфендияров номидаги Қозоқ миллий тиббиёт университети (Қозоғистон)
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: болаларда некротик энтероколитнинг эрта асоратлари предикторларини аниқлаш ва таклиф этилган хирургик коррекция усуллари самарадорлигини баҳолаш йўли билан ташхислаш ва даволашнинг тактик-техник жиҳатларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
некротик энтероколит ривожланган болаларда патологик жараённинг оғирлигини ва ичаклар девори перфорацияси ривожланиш хавфини кўрсатувчи, ичаклар деворидаги ишемик ва некротик ўзгаришларга хос бўлган ультратовуш ва допплерометрик мезонлар аниқланган;
ичаклар деворида перфорация ривожланишидан олдин, ичак некрозининг фойдасига гувоҳлик берувчи некротик энтероколитнинг эрта асоратлари предикторларини аниқлаш, некротик соҳани резекцияси ва иккита алоҳидаланган энтеростомия ўрнатиш билан чекланиш мумкинлиги аниқлаштирилган;
некротик энтероколит даражаларининг ривожланиб боришида интрамурал газни аниқланиш частотасининг ортиб бориши билан боғлиқлиги ҳамда ичак деворининг қалинлашиши, касалликнинг ривожланиш босқичларига тескари корреляцияга эга эканлиги аниқланган;
некротик энтероколитнинг ривожланиш босқичларида касалликнинг асоратли аломатлари пайдо бўлмасдан олдин (пневмоперитонеум ва ичакнинг динамик обструктсияси) ультратовуш текширувининг рентгенологик текширувдан афзаллиги исботланган;
узоқ муддатли кузатувлар натижасига кўра, некротик энтероколит IIa босқичи ривожланган бемор болалар гуруҳида постнекротик ичак стенозининг ривожланиш хавфи юқори эканлиги аниқланган;
постнекротик стеноз ривожланган болаларда ичакнинг кучли супрастенотик кенгайишини инобатга олган ҳолда стома ўрнатиш, супрастенотик сегментни резекция қилиш ҳажмини оптималлаштиришга қаратилган клиник ва инструментал баҳонинг ўзига хос мезонлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Некротик энтероколит диагностикаси ва хирургик даволашни такомиллаштириш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Болаларда некротик энтероколитнинг эрта асоратлари предикторлари диагностикаси» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 7 февралдаги 8н-з/19-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар НЭК асоратлари ривожланишининг дастлабки босқичларида ўз вақтида (эрта) ташхис қўйиш натижасида НЭКни хирургик даволашда яхшиланган натижаларга эришиш имконини берган;
некротик энтероколит ривожланган болаларни ташхислаш ва даволаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, хусусан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Андижон ва Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларии амалий фаолиятига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 7 февралдаги 8н-з/19-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Некротик энтероколит ривожланган болаларни текшириш ва даволаш бўйича тактиканинг амалга оширилиши ичаклар перфорациясига асосланган ҳолда бажариладиган амалиётлар кўрсаткичини 76,5% дан 48,3% гача қисқартириш имконини берган, бу эса, ўз навбатида, амалиётдан кейинги ўлим кўрсаткичини 82,3% дан 22,5% гача камайтириш имконини яратган.