Исмоилов Бобур Худояровичнинг филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Юсуф Саккокийнинг “Мифтоҳу-л-улум” рисоласининг матний тадқиқи. 
10.00.10-Матншунослик ва адабий манбашунослик. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Fil2461. 
Илмий раҳбар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.01.12 рақамли бир марталик кенгаш. 
Расмий оппонентлар: филология фанлари доктори (DSc), профессор в.б Б.С.Умрзоқов; филология фанлари доктори (DSc), профессор С.А.Рустамий. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II.Тадқиқотнинг мақсади. “Мифтоҳу-л-улум” асари қўлёзмаларининг илмий тавсифини яратиш, мавжуд қўлёзма ва нашрларни солиштириш ва бошқа матний жиҳатларини тадқиқ этиш ҳамда асарда поетика масалаларининг ёритилишини ўрганишдан иборат.  
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:  
“Мифтоҳу-л-улум” асарининг матний тадқиқини амалга ошириш орқали унинг 4476, 4478, НЕКАЙ-00308 (Туркия), 7843/ИВ (Ўзбекистон) ва 12384 (Эрон) рақамли қўлёзмалар тавсиф қилинган ва Тафтазоний, Қазвиний, Журжоний шарҳларидаги  назарий муаммолар аниқланган; 
“Мифтоҳу-л-улум” асарининг қўлёзмалари ва унинг Байрут нашри матни қиёсланиб, улар ўртасидаги муштарак ва фарқли жиҳатлар илмий асосланган; 
асарнинг таркиби, илмий-адабий йўналиши, асар асосига қўйилган илмий муаммолар доираси аниқланиб, уларнинг замонавий матншуносликка асос яратганлиги далилланган; 
мазкур асарда акс этган маоний, баён ва бадиʼ илмларига оид қарашлар мумтоз филология ва адабиётшуносликдаги талқинлар билан муносабатда балоғат илмига оид рисолалар учун бирламчи манба бўлгани исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Юсуф Саккокийнинг “Мифтоҳу-л-улум” асари матний тадқиқи масаласига доир олиб борилган илмий натижалар асосида: 
“Мифтоҳу-л-улум” асарининг матний тадқиқини амалга ошириш орқали унинг 4476, 4478, НЕКАЙ-00308 (Туркия), 7843/ИВ (Ўзбекистон) ва 12384 (Эрон) рақамли қўлёзмалар тавсиф қилинган ва Тафтазоний, Қазвиний, Журжоний шарҳларидаги назарий муаммоларга оид хулосалардан Туркия Республикаси Карабук университети Чингиз Айтматов номидаги Турк дунёси амалиёт ва тадқиқот марказининг Турк дунёси билан ҳамкорликдаги фаолиятларида, шунингдек, Инсон ва жамият фанлари факултети Турк тили ва адабиёти кафедрасида ўтиладиган Турк дунёси, Эски турк адабиёти, Чиғатой туркчаси каби фанларда фойдаланилган (Карабук Университети ректорлиги Чингиз Айтматов номидаги Турк дунёси амалиёт ва тадқиқот марказининг 03.11.2025 даги Э-7481740-251.51.984156-сонли маълумотномаси). Натижада туркиялик тадқиқотчи ва талабалар туркий халқлар адабий меросини таққослаб ўрганишда, уларнинг бадиий тафаккур доирасини кенгайтиришда ҳамда адабиёт назарияси бўйича билимларининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этган;
 “Мифтоҳу-л-улум” асарининг қўлёзма ва нашр нусхалари матнлари қиёсланиб, улар ўртасидаги муштарак ва фарқли жиҳатлар асосланганлиги бўйиcа хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган турли ижодий лойиҳаларда, ёш ижодкорлар тўгараклари фаолиятида, адабий суҳбатлар жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2025-йил 30- октябрдаги 1149-сонли маʼлумотномаси). Натижада ёш ижодкорларда Юсуф Саккокийнинг илмий мероси, “Мифтоҳу-л-улум” асарида баён қилинган маоний, баён ва бадиъ илмлари бўйича олган кўникмалари мустаҳкамланган ҳамда тадқиқотда ишлаб чиқилган илмий-назарий умумлашмалар зарур адабий-назарий қарашларнинг шаклланишига хизмат қилган; 
 асарнинг таркиби, илмий-адабий йўналиши, асар асосига қўйилган илмий муаммолар доираси аниқланиб, уларнинг замонавий матншуносликка асос яратганлиги далилланганлиги борасидаги илмий-назарий хулосалардан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедиясининг янги нашрини яратиш (уч тилда: ўзбек, рус, инглиз)” мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Республика Маʼнавият ва маърифат марказининг 2025-йил 24-ноябрдаги АЛ-7723061982-сонли далолатномаси). Натижада энциклопедияни нашрга тайёрлашда Бобурнинг балоғат илми билан боғлиқ асарларидаги адабий таъсир ва ворислик масалаларига аниқлик киритилиб, “Аруз” рисоласи таркибидаги назарий масалаларни ўрганиш учун Юсуф Саккокий рисоласи асос бўлган;
мазкур асарда акс этган маоний, баён ва бадиʼ илмларига оид қарашлар мумтоз филология ва адабиётшуносликдаги талқинлар билан муносабатда балоғат илмига оид рисолалар учун бирламчи манба бўлгани исботлангани тўғрисидаги хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти”, “Ўзбек шеърияти”, “Бедорлик” дастурлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 30-октябрдаги 04-04-2311-сон маʼлумотномаси). Натижада телерадиокомпания томонидан эфирга узатилган эшиттириш ва кўрсатувлар орқали тингловчилар Юсуф Саккокийнинг илмий мероси, “Мифтоҳу-л-улум” асарининг мазмуни, асардаги баён ва бадиият масаласининг талқини хусусида янги маʼлумотлар олишган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish