Мамлакатимизда спортни ривожлантириш асносида бутун халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидланганидек, спорт нафақат мусобақа, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён этадиган катта кучдир.
Бугун юртимизда нафақат профессионал спорт турлари ривожланмоқда, балки аҳолининг оммавий спорт билан шуғулланиш учун ҳам кенг шароитлар яратилмоқда. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида спортни оммалаштириш бўйича янги тартиб жорий этилиб, ҳафтанинг бир куни - спорт куни сифатида жисмоний машғулотлар ва турли мусобақалар тизимли ташкил этилаётгани эътиборлидир.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳафтанинг “Чоршанба” куни - спорт куни этиб белгилангани муносабати билан Олий аттестация комиссиясида ҳам барча ходимларнинг спорт билан доимий шуғулланиши анъанага айланди. Бунда жамоа аъзоларининг соғлом турмуш тарзига риоя қилишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан бугун ОАК ходимлари ўртасида енгил атлетиканинг югуриш ва жуфт оёқда сакраш, ақл гимнастикаси ҳисобланган шахмат ва шашка ҳамда стол тенниси бўйича турли спорт машғулотлари ўтказилди.

Зеро, дастлабки машғулотлар асосида чиниқиб, маҳорати тобланиб бораётган ходимлар келгусида ўтказиладиган спорт мусобақаларида нуфузли ўринлар учун даъвогарлик қилиши табиий.

Спорт — саломатлик гарови. Эрта тонгда кунни енгил бадантарбия билан бошлаган ҳар киши ишчан кайфиятда фаолият юритиб, кечни хушкайфиятда қарши олиши исботини топган аксиома. Энди тасаввур қилинг, агар бутун жамоа ёки катта бир тизим ёхуд жами оила ва эл-у юрт янги кунни хуш кайфиятда спорт машғулотлари билан бошлаб ўз касбий фаолиятларини давом эттирса ишида унум, самара, жамиятда бирдамлик ва истиқболга ишонч бўлиши шубҳасиз.
ОАК Ахборот хизмати