Раупов Сардар Абдумурод ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўзанинг Г.ҳирсутум Л. турига мансуб селексион ашёлар асосида ҳосилдор ва толасининг сифат кўрсаткичи юқори бўлган тизмалар яратиш”, 06.01.05– Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.3.PhD/Qx1772
Илмий раҳбар: Холмуродова Гоъзал Роъзиевна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Ахмедов Джамолхон Ходжахонович, биология фанлари доктори, профессор; Набиев Саидғани Мухторович, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ғўзанинг Г.ҳирсутум Л. турига мансуб селексион ашёлар асосида Андижон вилояти тупроқ-иқлим шароитига мослашган ҳосилдор ва толасининг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган тизмалар яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғўза тизмалари орасидан якка танлаш асосида ҳосилдорлик, тезпишарлик, вертицеллёз вилтга бардошлилик ва толанинг юқори сифат кўрсаткичлари уйғунлашган генотиплар ажратиб олинган;
ғўза тизмаларида бир туп ўсимликдаги маҳсулдорлик ва асосий қимматли хўжалик белгилар орасидаги ўзаро коррелятив боғлиқликлар (р=+0,2-0,55) асосида самарадор Т-160, Т-176-191 ва Т-340 тизмалари ажратилган;
МАС технологияси асосида БНЛ-1604 (тола пишиқлиги ва узунлиги) ДНК маркери ёрдамида тола узунлиги ва пишиқлиги юқори бўлган Т-340, Т-160, Т-176-191, Т-165-179 тизмалари ва СП-209 нави яратилган;
юқори селексион қийматга эга бўлган ашёларда хўжалик белгиларининг шаклланишини таҳлил қилинган ва самарали танловлар натижасида ғўзанинг барқарор генотипли Т-340, Т-160 ва Т-176-191 тизмалари яратилган;
яратилган ўрта толали СП-209 ғўза навининг навдорлиги юқори бўлган оригинал уруғлари тайёрланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ғўзанинг Г.ҳирсутум Л. турига мансуб селексион ашёлар асосида ҳосилдор ва толасининг сифат кўрсаткичи юқори бўлган тизмалар яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
серҳосил ва толасининг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган янги Т-340, Т-160, Т-176-191, Т-165-179 тизмалари яратилиб, Жиззах вилояти Дўстлик тумани “Чоштепа” фермер хўжалигида 2,5 гектар ва “Аср илёс” фермер хўжалигида 2,0 гектар майдонда экилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказнинг 2025-йил 27-августдаги 05/04-04-481-сонли маълумотномаси). Натижада, ҳосилдорлиги 43-44 с/га ва тола чиқими 40-42 %ни, бир дона кўсакдаги пахта вазни бўйича 7,3-7,5 г, 1000 дона чигит вазни 125,8-125,9 г ни ташкил этиб, андоза навдан 2-3 % тола чиқими юқори, 2-3 кунга тезпишар, бир дона кўсакдаги пахта вазни ва 1000 дона чигит вазни 1-2 г юқори бўлиб, 3-4 с/га қўшимча ҳосил олинган.
Ғўзанинг ўрта толали эртапишар, серҳосил, тола чиқими ва сифати юқори бўлган СП-209 нави яратилиб, Андижон вилояти Асака тумани ПСУЯИТИ филиали тажриба хўжалигида 4 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказнинг 2025-йил 27-августдаги 05/04-04-481-сонли маълумотномаси). Натижада, тезпишарлиги 110 кунни ташкил этиб, андоза Андижон-36 навига нисбатан 3 кунга эртапишар, тола чиқими 42 % ни ташкил этиб, (андозага нисбатан) 1,8 % га, ҳосилдорлиги 45 с/га ни ташкил этиб, 4,0-4,5 с/га қўшимча ҳосил олиниб, юқори иқтисодий самарадорликка эришилган;
ўрта толали СП-209 ғўза нави 2023 йилдан Давлат нав синовида ўрганилиб, нав тозалиги 96 %ни ташкил этгани учун 2024-йилдан Марказнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида жойлашган 33 та нав синаш шаҳобчаларида синовдан ўтган. Натижада, ғўза генофондини қимматли хўжалик белгиларнинг ижобий мажмуасига эга ҳосилдорлиги юқори бўлган нав билан бойитиш имконини берган.