Ҳайитов Жаҳонгир Шодмоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Туркистонда янги экин навларининг тарқалиши ва улардаги ўзгаришлар (XIX аср охири-ХХ аср бошлари)», 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи, 07.00.02 – Фан ва технологиялар тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В.2019.4.PhD/Tar.341.
Илмий раҳбар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, PhD. 03/30.12.2019.Тар.60.01.
Расмий оппонентлар: Аҳмедов Ашраф, тарих фанлари доктори; Холиқова Раҳбар Эргашевна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср охири-XX аср бошларида Туркистон ўлкасида янги экин навларининг тарқалиш тарихи ва жорий этилишини жараёнини кўрсатиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Россия империяси Туркистонда мустамлакачилик сиёсатини янада кучайтиришни кўзлаб ўлканинг қулай иқлимий-географик имконияти, тупроқ унумдорлиги каби омиллардан кенг фойдаланиш ва метрополия саноат эҳтиёжларини қондириш учун пахта монокультураси эвазига донли экин майдонларини йилдан-йилга қисқартирилгани илмий жиҳатдан асосланган;
империя марказий районларини сархил мевалар ва сифатли вино билан таъминлаш мақсадида ўлкада мевали дарахтларнинг 300 дан ортиқ турлари тажриба-синовдан ўтказилганлиги, Франция, АҚШ, Кавказ, Қрим, Марказий ва Жанубий Россия ҳудудларидан узумнинг сифатли вино олинадиган янги навлари Туркистонга келтирилиб маҳаллийлаштирилгани очиб берилган;
Туркистонга сабзавотлардан картошка, помидор, карам, қизилча (лавлаги), булғор ширин ва аччиқ қалампири, бақлажон, петрушка, гречка, фасоль каби янги экин турларининг кириб келиши натижасида ўлка деҳқончилик маданиятида ва аҳоли озиқ-овқат рационида юз берган ўзгаришлар аниқланган;
янги экин турлари дастлаб ўлкага кўчириб келтирилган русийзабон аҳоли вакиллари, агроном ва селекционерлар, “ҳаваскор боғбонлар”, “ҳаваскор деҳқонлар”, сайёҳ ва савдогарлар орқали кириб келганлиги, кейинчалик янги экин навларини оммалаштириш империя маъмурлари томонидан давлат сиёсати даражасида татбиқ этилгани кўрсатиб берилган;
Туркистонга кириб келган янги экин навларининг вегетация даврини аниқлаш, метрологик кузатувлар олиб бориш, уруғчилик-селекция ишлари, экин навларининг табиий шароитга мослашувчанлиги, пайвандлаш, гибридлаш, синовдан ўтказиш мақсадида вилоят ва уездларда махсус тажриба станциялари ва тажриба-синов майдонлари ташкил этилганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Туркистонда янги экин навларининг тарқалиши ва улардаги ўзгаришлар тарихини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар, хулоса ва таклифлар асосида:
Россия империяси мустамлакачилиги даврида Туркистонга кириб келган 300 дан ортиқ ўсимлик, мева ва сабзавот турлари, уларнинг иқлимлаштирилиши ва вегетациясига оид тарихий расм, жадвал ва тажриба-синов ҳужжатлари намуналаридан Бухоро давлат музей-қўриқхонаси “Табиат” илмий бўлимини янги экспозициялар билан бойитишда фойдаланилган, музей-қўриқхона илмий ходимлари ўртасида янги экин навлари, ўсимлик турларининг ҳозирга қадар сақланган тасвирлари ҳақида суҳбат-мулоқотлар ўтказилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг 2020 йил 25 февралдаги 01-12-10-986 сон маълумотномаси.) Тақдим этилган материаллар музей-қўриқхона фондларини тарихий ҳужжатлар, илмий маълумотлар билан бойитишга, ходимларнинг касбий фаолиятларини такомиллаштиришга, музейга ташриф буюрувчиларда XIX аср охири-XX аср бошларида ўлка иқтисодиёти, айниқса, қишлоқ хўжалигининг аҳволи ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишларига хизмат қилган;
XIX аср охири-ХХ аср бошларида Туркистон ўлкаси ва Бухоро воҳасида тарқалган пахта, донли экинлар, сабзавотларнинг уруғчилик-селекция ишлари, мевали ва манзарали дарахтларни табиий шароитларга мослаштириш бўйича олиб борилган ишлар ҳамда Бухоро воҳаси деҳқончилик маданиятида юз берган ўзгаришларга доир материаллардан Бухоро вилоят телеканалининг “Менга сўз беринг” телекўрсатуви сценарийсини тузишда фойдаланилган ҳамда тадқиқот материаллари асосида давра суҳбати ва мулоқотлар уюштирилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 24 январдаги 02-15/257-сон маълумотномаси). Материаллар кўрсатувларни мазмунан бойитишга, телетомошабинларда Россия империяси даврида ўлкага янги кириб келган экин навлари ва ўсимлик турлари, қишлоқ аҳолисининг машғулотлари ва озиқ-овқат рациони ҳақида кенг тушунчага эга бўлишларига хизмат қилган.