Абдуғаниева Мушарраф Хабибулло қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кунгабоқар навларини такрорий экин сифатида етиштириш агротехнология элементларини ишлаб чиқиш”, 06.01.08 - Ўсимликшунослик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.PhD/Qx1478
Илмий раҳбар: Жумабоев Зухриддин Мўминович, қишлоқ хоʻжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.08/2025.27.12.Qx.03.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Одилжон Олимжонович, қишлоқ хоъжалиги фанлари доктори, профессор; Юлдашева Зулфия Камаловна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилоятининг суғориладиган ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида кузги бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида кунгабоқар навларидан юқори ва сифатли уруғ ҳосили етиштиришда экиш тизимлари ҳамда маъданли ўғитлар билан озиқлантириш меъёрларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
илк бор Андижон вилоятининг суғориладиган ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида кунгабоқарнинг маҳаллий “Дилбар”, “Янги замон” ва хорижий “Березанский”, “Родник (Р-453)” навларини кузги бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида юқори ва сифатли уруғ ҳосили етиштиришда мақбул экиш тизимлари ва маъданли ўғитлар билан озиқлантириш меъёрлари аниқланган;
кунгабоқарнинг маҳаллий “Дилбар” нави уруғларини 60х25-1 тизимда экиб, ўсув даврида маъданли ўғитларнинг Н180П90К120 кг/га меъёрлари билан озиқлантириш бошқа навларни 60х25-1 ва 60х30-1 тизимда экиб, ўсув даврида маъданли ўғитларнинг Н150П75К100 ҳамда Н180П90К120 кг/га меъёрлари билан озиқлантиришга нисбатан юқори самарадорликка эришилгани исботланган;
кунгабоқар навлари уруғларини 60х30-1 тизимда экиб етиштириш уруғларни 60х25-1 тизимда экиб етиштиришга нисбатан мағиз чиқишини 1,0 фоиздан 1,8 фоизгача юқори бўлишини таъминласа, уруғларни 60х25-1 тизимда экиб етиштириш уруғларни 60х30-1 тизимда экиб етиштиришга нисбатан 0,2 фоиздан 0,8 фоизгача юқори бўлишини таъминлаши асосланган;
кунгабоқар навларининг биометрик кўрсаткичларининг корреляцион боғланишлари ўрганилганида, ҳосилдорлик кўрсаткичларига уруғларнинг дала унувчанлиги (р=0,5), кўчат қалинлиги (р=0,4), қуруқ масса тўплаши (р=0,4), битта саватдаги уруғ вазни (р=0,7) ижобий бўлган бўлса, уруғларнинг мойдорлик кўрсаткичларига кўчат қалинлиги (р=0,4), қуруқ масса тўплаши (р=0,4), битта саватдаги уруғ вазни (р=0,6), уруғ ҳосили (р=0,9) ижобий боғланишлар борлиги аниқланган
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Андижон вилояти шароитида кунгабоқар навларидан такрорий экин сифатида экиб, юқори ва сифатли уруғ ҳосили етиштиришда уруғларни экишнинг мақбул тизими ва маъданли ўғитлар билан озиқлантириш меъёрларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот илмий натижалари асосида:
кунгабоқар етиштириш билан шуғулланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва кластерлар учун “Андижон вилоятининг суғориладиган тупроқлари шароитида кунгабоқар етиштириш технологияси” номли амалий тавсиянома ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 27-октябрдаги 05/05-04-717-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома вилоятдаги мавжуд фермер, деҳқон хўжаликлари ва кластерларда кунгабоқар етиштириш учун қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
кунгабоқар навларини такрорий экин сифатида экиб, юқори ва сифатли уруғ ҳосили етиштиришда уруғларни экишнинг мақбул тизими ва маъданли ўғитлар билан озиқлантириш технологияси Андижон вилояти Избоскан туманида 44,8 гектар, Балиқчи туманида 54,8 гектар, Пахтаобод туманида 14,1 гектар, Асака туманида 32,0 гектар, вилоят бўйича жами 145,7 гектар майдонларда амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 27-октябрдаги 05/05-04-717-сон маълумотномаси). Кунгабоқарнинг “Дилбар”, “Янги замон”, “Березанский”, “Родник (Р-453)” навлари 60х25-1 тизимда экилиб, ўсув даврида маъданли ўғитларнинг Н180П90К120 кг/га меъёрлари билан озиқлантирилганида, уруғ ҳосилдорлиги бўйича юқори натижа кунгабоқарнинг “Дилбар” навида кузатилиб, бошқа навларга нисбатан 4,2 с/га дан 8,2 с/га гача қўшимча ҳосил олишга эришилган;
Андижон вилояти Избоскан тумани, Балиқчи тумани, Пахтаобод тумани ва Асака туманларида 145,7 гектар майдонда кунгабоқарнинг “Дилбар” нави уруғлари 60х25-1 тизимда экиб, ўсув даврида маъданли ўғитларнинг Н180П90К120 кг/га меъёрлари билан озиқлантириш жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 27-октябрдаги 05/05-04-717-сон маълумотномаси). Натижада иқтисодий рентабелликни 62,5 фоизга ортишига эришилиб, бошқа навларга нисбатан рентабеллик кўрсаткичи 3,5 фоиздан 8,2 фоизгача юқори бўлишини таъминлаган.