Sayt test rejimida ishlamoqda

Болтабаева Озодахон Юлдашалиевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ХХ аср бошларида Наманганда адабий ҳаракатчилик: намояндалари, анъаналари, янгиланиши”, 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Fil256.

Илмий раҳбар: Жабборов Нурбой Абдулҳакимович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети. 

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.

Расмий оппонентлар:Қуранов Дилмурод Ҳайдаралиевич, филология фанлари доктори, профессор; Жўрабоев Отабек Рустамбек ўғли, филология фанлари номзоди.

Етакчи  ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ХХ аср бошлари Наманган адабий ҳаракатчилиги намояндалари, хусусан, Нодим, Ҳайрат, Хилватий, Ибрат, Сўфизода, Доғий, Суҳайлий адабий меросига оид манбаларни ўрганиш, уларнинг ўзбек адабиёти тарихида тутган ўрнини белгилаш, ижодидаги анъана ва янгиланиш тамойилларини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Нодим, Ҳайрат, Хилватий, Ибрат, Сўфизода, Доғий ва Суҳайлий ижодий фаолияти мисолида ХХ аср бошларида Наманганда адабий ҳаракатчилик юзага келишининг адабий-эстетик омиллари аниқланган, шоирларнинг бадиий ижоди ва ахлоқий қарашларидаги уйғунлик фидойилик, миллатпарварлик, курашчанлик хусусиятларида намоён бўлгани исботланган;     

ишқий-ирфоний, ахлоқий-маърифий, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги асарларда маърифий мазмун ва бадиий шакл уйғунлиги, аруз вазни, мумтоз қофия ҳамда бадиий санъатлар қўлланишида индивидуал услубнинг намоён бўлиши даражаси асосланган;

шоирлар ижодида мумтоз адабий анъаналар тадрижи, поэтик шакл ва поэтик мазмундаги янгиланиш тамойиллари аниқланган;

Ҳайрат, Хилватий, Доғий ва Суҳайлий асарларининг ишқий, ахлоқий-таълимий, ижтимоий-сиёсий, ҳажвий характердаги мавзу кўлами ҳамда жанр хусусиятлари аниқланиб, поэтик маҳорат сирлари очиб берилган;

фиқҳ илмига доир “Чароғи мактаб” (Хилватий), “Фиқҳи Кайдоний назми” (Ибрат) ҳамда қасида, саёҳатнома ва мавлуднома жанрлари такомилида муҳим ўрин тутган “Қасидаи илм”, “Сайрул жибол”, “Мавлуди шариф” (Хилватий) каби асарларнинг адабий-маърифий қиммати кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

ХХ аср бошлари Наманган адабий ҳаракатчилиги намояндалари, анъаналари, янгиланиши бўйича олиб борилган илмий натижалар асосида:

Нодим, Ҳайрат, Хилватий, Ибрат, Сўфизода, Доғий, Суҳайлий каби шоирлар фаолияти, адабий меросининг яхлит ҳолатда ўрганилиши негизида мазкур ижодкорлар адабий-эстетик қарашларига доир материаллардан Ўзбекистон Миллий университетидаги Ф1-02 рақамли “Адабиётшунослик тарихининг фундаментал тадқиқи” (2012–2016) фундаментал лойиҳасида ХХ аср бошлари ўзбек адабиётшунослиги манбаларини белгилашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 11 январдаги 89-03-773-сон маълумотномаси). Натижада юқорида кўрсатилган фундаментал лойиҳа Наманган адабий ҳаракатчилигига доир ушбу тадқиқотдан олинган лирик жанрлар табиати, ХХ аср аввали ўзбек шеъриятининг анъана ва янгиланиш тамойиллари ҳақидаги илмий хулосалар билан бойитилган;

қўлёзма ва тошбосма манбаларни ўрганиш натижаларидан Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида ташкил этилган “Ўзбек  адабиёти тарихи”, “Мустақиллик даври ўзбек адабиёти”, “Ўзбек ва дунё адабиётида умумбашарий мавзулар” номли экспозиция тақдимотида фойдаланилган. Шунингдек, Нодим, Ҳайрат, Хилватий, Ибрат, Сўфизода, Доғий ва Суҳайлий каби шоирлар ҳаёти ва адабий меросига оид муҳим маълумотлар ҳамда тадқиқотчи томонидан ҳаммуаллифликда нашр этилган Хилватийнинг “Сайрул жибол”, “Чароғи мактаб” сингари адабий-бадиий нашрлари ва “Сайрул жибол” (“Тоғ сайри”) асарининг тошбосма нусхасидан Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг ўзбек адабиёти тарихига доир электрон каталогини тайёрлашда истифода этилган (Фанлар академиясининг 2019 йил 8 майдаги 3/1255-1385-сон маълумотномаси). Натижада адабий материалларнинг ХХ аср бошлари адабий ҳаракатчилиги қўлёзма ва тошбосма манбаларига доир илмий асоси таъминланган;

шоирлар биографияси ва адабий меросига оид  янги маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Наманган вилояти бўлими “Наманган тонги” бадиий-мусиқали кўрсатувида, шунингдек, Наманган вилояти телерадиокомпанияси “Олтин замин” радиоси орқали эфирга узатилаётган “Нигоҳ” радиожурнали цсенарийларида фойдаланилган (Наманган вилояти телерадиокомпаниясининг 2018 йил 18 октябрдаги 08-02-832-сон маълумотномаси). Натижада Нодим, Ҳайрат ва Хилватий ижодининг ўзига хос қирраларига доир янгиликлар кенг жамоатчиликка тақдим этилган. Доғий, Суҳайлий каби Наманган адиблари ижодидан келтирилган намуналар радиожурнал фондидаги маълумотларни мазмунан бойитишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish