Sayt test rejimida ishlamoqda

Насриддинов Фарход Анваровичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи.

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/74.

Илмий раҳбар: Хусанов Озод Тиллабоевич, юридик фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.

Расмий оппонентлар: Туляганов Абдуманноп Абдужабборович, юридик фанлар доктори, доцент; Турғунов Ойбек Каримович, юридик фанлар номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: сайлов комиссиялари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, шунингдек округ сайлов комиссиялари аъзоларига сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий иш ҳужжатларини юритиш ҳуқуқини бериш таклифи асослаб берилган;

Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллик принципини янада кенгроқ таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштириш мақсадга мувофиқлиги асослантирилган;

округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар йигирма беш ёшга тўлган, партиясиз, қоида тариқасида ҳуқуқий кўникмага, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида билимга эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган, охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган, сайлов ёки референдумларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида тажрибага эга бўлган фуқаролар бўлиши лозимлиги асослантирилган;

участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз бериш биноларини тегишли тартибда жиҳозлаш, расмийлаштириш талаблари, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг овоз бергунга қадар, овоз бериш вақтида ва овоз бериш якунлангандан кейинги вазифаларини аниқлаштириш ҳамда уларни қонун ҳужжатида белгилаш аҳамияти очиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистонда сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги аниқланган ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий баённома тузиш тўғрисидаги таклифи 2016 йил 7 октябрдаги 751-сон қарори билан тасдиқланган “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш юзасидан услубий тавсиялар”да ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2018 йил 12 июндаги 275/2-1-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштирувчи субъектни белгилашга хизмат қилган;

Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштириш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4004-сон қарорининг 7-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2018 йил 19 ноябрдаги 618/2-1-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф асосида Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг дахлсизлигини таъминлаш орқали уларнинг янада мустақил фаолияти юритиши назарда тутилган;

округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни танлаб олишга оид берилган тавсиялар Марказий сайлов комиссиясининг 2017 йил 15 сентябрдаги 852-сон қарори билан тасдиқланган Округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича услубий тавсияларнинг 2-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2017 йил 11 ноябрдаги 544/3-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф округ ва участка сайлов комиссияси аъзолигига масъулиятли фуқароларнинг жалб этилиши ва сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигининг ошишига хизмат қилган;

участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз бериш биноларини тегишли тартибда жиҳозлаш, расмийлаштириш талаблари, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг овоз бергунга қадар, овоз бериш вақтида ва овоз бериш якунлангандан кейинги вазифаларини белгилаш бўйича таклифлар Марказий сайлов комиссиясининг 2017 йил 1 декабрдаги 858-сон қарори билан тасдиқланган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари ишини ташкил қилиш тўғрисида”ги йўриқноманинг 2.2-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2018 йил 30 майдаги 257/2-1-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф участка сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish