Sayt test rejimida ishlamoqda

Ибрагимова Нозима Камилжановнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «VII–XII асрлар ислом тарихига оид манбаларда Мовароуннаҳр ва Яқин Шарқ элчилик алоқалари», 24.00.01–Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Tar166.

Илмий раҳбар: Агзамходжаев Саидакбар Саидович, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.26.04.2018.Isl/Tar.57.01.

Расмий оппонентлар: Минаваров Зоҳилло Иномходжаевич, сиёсий фанлар доктори, профессор; Хидирова Наргиза Ўриновна, тарих фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.

Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: VII–XII асрлардаги ислом тарихига оид манбаларда Мовароуннаҳр ва Яқин Шарқнинг ўзаро элчилик алоқаларининг мазмун моҳиятини очиб беришдан  иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Қуръон, ҳадис, фиқҳ, сияр, шунингдек, туркий  асарларда “элчи” сўзи ва унинг шахси “расул”, “ялавоч”, “алавоч” ва “ялафор” каби иборалар билан ифодаланганлиги, шунингдек,  Мовароуннаҳрдаги элчилик тизими, яъни халқаро ёзишмалар тартиби, ҳадяларни топшириш жараёнидаги анъана ва меъёрлар қадимги туркий, сўғдий ҳамда форсий талаблар таъсири остида шаклланганлиги кўрсатиб берилган;

VII аср иккинчи ярми VIII аср бошларида вужудга келган илк араб-мусулмон давлатини марказлаштириш, қўшни қабила ва халқлар томонидан тан олинишида элчилик муносабатлари, ўзаро ёзишмалар муҳим ўрин тутганлиги, бундай дипломатик алоқаларда нотиқлик, тадбиркорлик, олимлик, хушсурат ва хушҳулқлилик каби шарқона сифатлар билан бир қаторда ростгўйлик ва омонатдорлик каби ислом меъёрлари ҳам устунлик қилгани аниқланган;

Умавийлар ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳр ва Яқин Шарқ ўртасидаги элчилик муносабатларида ҳарбий жиҳатлар устунлик қилган ва бу босқичдаги элчилик муносабатлари “المغازى” (ал-муғозий) деб номланган, лекин айрим ҳолатларда уюштирилган элчилик миссиялари ҳарбий ҳаракатларнинг олдини олгани, бу эса  ислом тарихи манбаларида “السير” (ас-сайр) ибораси билан келтирилгани асослаб берилган;

Аббосийлар даврида элчилик масалалари билан боғлиқ муайян концептуал қоидалар асосида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ишлаб чиқилгани ҳамда элчиларни кутиб олиш ва кузатиш каби масалалар ديوان عميد (девони амид), ديوان رسائل  (девони расоил) ва  ديوان انشا  (девони иншо) каби махсус девонлар орқали амалга оширилгани аниқланган;

IX–XII асрлардаги Мовароуннаҳрда мустақил ҳукмронлик қилган Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар ва Хоразмшоҳлар сулолалари билан Аббосийлар ўртасидаги элчилик муносабатлари Муҳаммад ал-Хузорийнинг “Ад-Давлату ал-Аббасийа”, Ибн ал-Асирнинг “Ал-Камил фит-тарих”, Абдурраҳмон ас-Суютийнинг “Тарих ал-Хулафо”, Утбийнинг “Тарихи Яминий” каби ислом тарихи манбаларида ошкоралик ва эркинлик тамойилларга асосланганлиги далилланган. 

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 

VII–XII асрларда Мовароуннаҳр ва Яқин Шарқ мусулмон давлатлари ўртасида элчилик муносабатлари тарихини тадқиқ қилиш юзасидан олинган хулоса ва таклифлар асосида:

Мовароуннаҳрнинг Яқин Шарқ мусулмон давлатлари билан олиб борган элчилик муносабатлари тўғрисидаги маълумотлардан И1-ФА-Г003 ИЗ-2015-0907175446 рақамли лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 27 февралдаги 3/1255-535-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистонда элчилик хизмати тарихи ва ўрта асрлар халқаро дипломатик этикети доирасида ишлаб чиқилган мусулмон ҳамда маҳаллий қонун-қоидаларнинг амалий аҳамиятини ўрганиш учун кенг имконият яратган;

илк ислом даври ва Умавийлар бошқарувига оид маълумотлар ва хулосалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муасасалари 2 ва 3-курс учун “Ислом тарихи” фанидан ўқув қўлланма тайёрлашда фойдаланилган (Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 17 октябрдаги 5713-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар ёшларни ислом тарихига оид сияр асарларидаги умуминсонийлик ғоялари билан йўғрилган элчилик муносабатлари тарихи соҳасида билимларини ошириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилган; 

Мовароуннаҳр уламоларининг ноёб дидактик асарларида элчилик тушунчаси, уларга қўйилган талаблар, фазилатларга доир тарихий воқеаларнинг таҳлилий хулосалари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” радиоканали орқали тақдим этилган “Миллат ва маънавият” номли радиоэшиттиришнинг сценарийсини  тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2018 йил 11 октябрдаги O‘z/K.S-170-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижалар баркамол авлод тарбиясидаги диний ва маънавий тамойилларни шакллантиришга хизмат қилган.

VII–VIII ва  IX–XII асрлардаги Мовароуннаҳрнинг Яқин Шарқ билан элчилик муносабатлари тадқиқоти асосида шакллантирилган географик хариталар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг “Музей ва экспонатлар” бўлимини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг 2019 йил 30 январдаги 44/19-сон ва 2019 йил 1 февралдаги 48/19-сон маълумотномалари). Мазкур натижалар музей экспозициясини Мовароуннаҳрнинг VII-XII асрлардаги муносабатлар тарихига оид маълумотлар билан бойитган ва ёш  авлодни комил инсон руҳида тарбия қилишга ҳамда уларнинг маънавиятини янада юксалиштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish