Sayt test rejimida ishlamoqda

Джураев Дусмурод Ураловичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркистон халқ таълимининг ташкил этилиши ва бошқарилиши назарий асослари (ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошлари)”, 13.00.01–Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи (педагогика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Ped50.

Илмий маслаҳатчи: Джураев Рисбой Хайдарович, педагогика фанлари доктори, профессор, академик.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон педагогика фанлари илмий- тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат педагогика университети, DSc.27.06.2017.Ped.26.01.

Расмий оппонентлар: Мардонов Шукрулло Қўлдошевич, педагогика фанлари доктори, профессор; Курбанов Шавкат Эргашевич, педагогика фанлари доктори, профессор; Халиков Ишкабил, тарих фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон халқ таълимининг ташкил этилиши ва бошқарилиши назарий асосларини ўрганишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон халқ таълимининг Европа услубида шаклланишида жадид мактаблари, гимназиялар ва семинариялар фаолиятининг ижтимоий педагогик хусусиятлари халқни ўқимишли, маърифатли, Ватан тақдири ва истиқболи учун масъуллик ҳиссининг шаклланганлик даражаси асосида аниқланган;

Туркистон ўлкаси таълим муассасаларининг тузилмаси маъмурий-консерватив модел асосида ташкил этилиши ва бошқарилиши, маҳаллий аҳоли таълимининг “эътиборсиз қолдирилиши” мактаблар сони билан аҳоли саводхонлик даражаси ўртасидаги уйғунликнинг чекланишига сабаб бўлганлиги аниқланган;

Туркистон халқ таълимининг чоризм тузуми сиёсати манфаатлари йўлида ташкил этилиши ва бошқарилиши, таълим жараёнининг ижтимоий табақалаштириш тамойиллари асосида олиб борилиши, маҳаллий халқнинг таълим олиш имкониятлари қисқартирилиши оқибатида маҳаллий аҳоли онгига қарамлик, саводсизлик тамғаси таълим жараёни орқали сингдирилганлиги ёритилган;

жадид мактабларининг таъқибга олиниши, тажрибали, илмли мударрисларнинг таълим жараёнидан четлатилиши, маҳаллий халқ таълимининг молиявий таъминотдан (вақфдан) узилиши маҳаллий аҳоли саводхонлик даражасига салбий таъсир кўрсатганлиги, ксенофобиянинг кучайишига олиб келганлиги таълим муассасалари бошқаруви мисолида аниқланган; 

Туркистон маърифатпарварларининг халқ таълимини илм ва маорифга муносиб даражада эътиборли бўлиш орқали ислоҳ қилиш ғояси замирида мужассамлашган таклифларидан педагогик назария имкониятларини кенгайтириш ва амалиётда фойдаланиш бўйича илмий методик тавсиялар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

 ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон халқ таълимининг ташкил этилиши ва бошқарилиши назарий асосларини ўрганишга оид тадқиқотнинг илмий натижалари асосида:

ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон халқ таълимининг ташкил этилиши, умумий ўрта таълим мактабларида Уйғониш даври педагогикаси билан боғлиқликда таълим, фан ва маданиятнинг ривожланиш тарихини ўрганишни янги маълумотлар билан бойитишга йўналтирилган халқ таълими тизимининг ташкилий тузилмаси, таълим мазмуни ва сифатни бошқаришга доир илмий асосланган таҳлилий материаллар ва ғоялар умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари учун яратилган “O`zbekiston tarixi” дарслигини такомиллаштиришда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 25 декабрдаги 01-02/2-2-523-сон маълумотномаси). Натижада Туркистон ўлкасида ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида халқ таълими тизимида кечган педагогик жараёнлар классификация қилинган;

таълим тизими тарихий қарашлар нуқтаи назаридан бу каби катта даврий кесимда ягона педагогик тизим тарзида ўрганилган. Тадқиқот даври мисолида халқ таълимига эътиборсиз бўлиш давлатнинг рақобатбардошлигини кескин тушириб юбориши очиб берилган (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 25.12.2017 йил 25 декабрдаги 01-02/2-2-523-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон тарихи фанидан Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган;

тадқиқот доирасида аниқланган Туркистонда халқ таълими тизимининг ташкил этилиши ва бошқарилиши компаративистик (қиёсий) таҳлилига асосланган материаллардан республика узлуксиз таълим тизими босқичларида ижтимоий тажрибани ўзлаштиришга йўналтирилган витаген таълим технологиясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 30 декабрдаги ФТА–02-02/1408-сон маълумотномаси). Натижада ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Туркистон халқ таълими тизимининг ташкилий тузилмаси, таълим мазмуни ва сифатни бошқаришга доир илмий асосланган таҳлилий материаллар ва ғоялар дарсликларда ўз аксини топган;

республикада таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашда таълимнинг ҳар бир босқичида, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон жадид мактабларининг таъқибга олиниши, тажрибали, илмли мударрисларнинг таълим жараёнидан четлатилиши, маҳаллий халқ таълимининг молиявий таъминотдан (вақфдан) узилиши маҳаллий аҳоли саводхонлик даражасига салбий таъсир кўрсатганлиги, ксенофобиянинг кучайишига олиб келганлиги асосланган тадқиқот амалий натижаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 майдаги 89-03-1842-сон маълумотномаси). Натижада узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида ўқитиладиган ижтимоий-гуманитар бўлимига тааллуқли дарсликлар такомиллаштирилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish