Sayt test rejimida ishlamoqda

Торткулбаева Турсынай Абдигазиевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берилган фан тармоғи номи): “Қорақалпоқ ҳудудидаги қозоқ шоир-жировлар мероси (қозоқ-қорақалпоқ адабий алоқалари мисолида)”, 10.00.05–Осиё ва Африка халқлари тили ва адабиёти (қозоқ тили) (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/Fil237.

Илмий раҳбар: Алламбергенов Кенесбай, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассасалар номи: Нукус давлат педагогика институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.20.01.

Расмий оппонентлар: Рақымжан Турысбек Сағымбекулы, филология фанлари доктори, профессор; Палымбетов Камалбай Сарсенбаевич, филология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат педагогика университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистондаги қозоқ шоир-жировлари адабий меросининг шаклланиш тарихи, тараққиёт босқичлари ва бадииятини устоз-шогирдлик анъаналари контекстида тадқиқ этиш асосида мазкур ҳудуддаги қозоқ-қорақалпоқ адабий-фольклорий алоқаларининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборатдир.

III.Тадқиқотнинг  илмий янгилиги:

Оролбўйи адабий-фольклорий ареалидаги қозоқ шоир-жировлари ижодий анъанасининг шаклланиш тарихи ва бадиий эволюцияси асосида бу адабий мерос қозоқ халқи миллий поэтик тафаккурининг локал хусусият касб этувчи таркибий қисми эканлиги исботланган;

адабиётшуносликда илк бор қорақалпоғистонлик оқин-жировлар адабий меросининг жанрий таркиби таснифланган ҳамда қорақалпоқ адабий-этнофольклорий муҳитига мансуб бахши-жировлар билан қозоқ оқинларининг ўзаро устоз-шогирдлик муносабатлари эпик репертуарни бойитувчи асосий омил бўлганлиги далилланган;

ўрта асрлардаги тарихий-этномаданий жараёнлар натижасида минтақа ҳудудига келиб ўрнашган қозоқ миллатига мансуб аҳолининг фольклор ижрочилиги ва ижодкорлиги ўзининг миллий анъаналарини сақлаб қолгани ҳолда қорақалпоқ ва ўзбек бахши-жировлари ижодининг таъсирида ўзининг жанрий таркиби, ғоявий-бадиий хусусиятлари ва поэтик контекстида янгиланиш жараёнини бошдан кечирганлиги аниқланган;

оғзаки эпик анъана билан индивидуал ижодкорликнинг синтези сифатида шаклланган қозоқ шоир-жировлари бадиий анъанасининг ҳудудий-локал адабий муҳит сифатида гуркираб ривожланган даври XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср биринчи ярмига тўғри келиши асослаб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қорақалпоғистонда яшаган қозоқ оқин-жировлари адабий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг қорақалпоқ жиров-бахшилари билан ўзаро адабий алоқаларини тадқиқ этиш асосида:

Қорақалпоқ диёрида қозоқ шоир-жировларининг ўтроқлашиши ва қорақалпоқ жиров-бахшилари билан ижодий алоқалар тарихини қиёсий ўрганиш натижасида олинган илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган Ф1-ФА-0-43429 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш» мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳани ҳамда 2015–2017 йилларда бажарилган ФА-А1-Г006 рақамли «Қорақалпоқ халқ қўшиқларини текстологик таҳлил қилиш ва нашрга тайёрлаш» мавзусидаги амалий илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2019 йил 12 мартдаги 178/1-сон маълумотномаси). Натижада қорақалпоғистонда яшаган қозоқ шоир-жировлари асарларидаги ижрочилик, ижодкорлик ва бадиҳагуйлик санъати қорақалпоқ бахши-шоирларининг эпик ижодиётига таъсир кўрсатганлиги ҳақидаги илмий қарашлар исботланган;

Қорақалпоғистонда яшаган қозоқ шоир-жировлари билан ҳудуддаги ижодкорларнинг ўзаро устоз-шогирдлик муносабатлари ва дўстлигини ўрганишга доир материаллари Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейида жировлар ижоди бўйича экспозицияни бойитишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 19 февралдаги 2 04/330-сон маълумотномаси). Натижада қозоқ шоир-жировлари билан ҳудуддаги ижодкор шоир-жировларнинг ижодий ҳамкорлиги ва адабиётлар дўстлигининг санъат асарларидаги талқинларига доир маълумотларни кенг кўламда оммалаштиришга эришилган.

қозоқ ва қорақалпоқ жировларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти, уларнинг асарларидаги муштарак жиҳатлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда илмий-назарий қарашлар Қорақалпоғистон Республикаси телевидениесида 2018 йил апрель ойида эфирга узатилган «Сөнбес жулдызлар» телекўрсатувини тайёрлашда амалиётга татбиқ этилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2019 йил 18 февралдаги 01-0263-сон маълумотномаси). Натижада жировлар ижодининг маънавий қадриятлар тизимини бойитишдаги ўрни ҳақидаги илмий қарашлар омма орасида кенг тарғиб этилган ва кенг халқ оммаси ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш жировлар ижодининг роли кўрсатиб берилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish