Жўраева Асалхон Собиржоновнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси: Полипропилен толалари билан дисперс арматураланган кўндаланг эгилишга ишловчи фибротемирбетон тўсинларнинг кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолати ва мустаҳкамлиги.
Ихтисослик шифри: 05.09.01–Қурилиш конструксиялари, бино ва иншоотлар.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.1.PhD/Т5472.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Мартазаев Абдурасул Шукириллаевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),  доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат техника университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Наманган давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.Т.15.04
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Бегалиев Улуғбек Турдалиевич, техника фанлари доктори, профессор; Ахмадиёров Улуғбек Солижонович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент. 
Етакчи ташкилот номи: Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади кўндаланг эгилишга ишловчи фибротемирбетон тўсин конструксияларининг мустаҳкамлигини полипропилен толалар билан дисперс арматуралаш орқали оширишдан иборат.
III.Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
республикамизда илк бора экспериментал тадқиқотлар ёрдамида фибробетонга 10, 20, 30, 40 ва 50 мм узунликлардаги полипропилен толаларини 0.1, 0.2, 0.3, 0.4, 0.5% ҳажмий миқдорларида қўшиб дисперс арматуралаш орқали мақбул 30 мм узунлик ҳамда 0.2÷0.3% миқдорлари аниқланган ва полипропилен толалари билан дисперс арматураланган фибробетоннинг сиқилишдаги мустаҳкамлиги толалар қўшилмаган сиқилишдаги мустаҳкамликларига нисбатан 10÷15% га ортишига эришилган;
фибробетоннинг чўзилишдаги мустаҳкамлигига полипропилен толаларини таъсири, регрессия таҳлили орқали баҳоланган ҳамда толаларнинг миқдорига (%) боғлиқ ҳолда мустаҳкамлигини аниқлаш имкониятини берадиган аналитик математик модел    ишлаб чиқилган;
тажриба ва назарий ҳисоблаш асосида дисперс арматуралаш натижаларига кўра, оддий бетондан тайёрланган темирбетон тўсинларнинг дарзбардошлигига нисбатан полипропилен толалар асосидаги фибротемирбетон тўсинларнинг дарзбардошлиги 1.4÷1.5 мартага юқори бўлиши аниқланган ва асосланган;
полипропилен толалари билан дисперс арматураланган фибротемирбетон тўсинларнинг кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолатлари аниқланган ва фибротемирбетон тўсинларнинг юк кўтариш қобилиятини оддий тўсинларга нисбатан 10÷18% га ортишига эришилган ҳамда тажриба-синов-назарий тадқиқотлар орқали асосланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Полипропилен толалари билан дисперс арматураланган кўндаланг эгилишга ишловчи фибротемирбетон тўсинларнинг кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолати ва мустаҳкамлиги” мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
полипропилен толалари билан дисперс арматураланган фибробетон ва фибротемирбетон, “Жийдакапа индустрй” МЧЖ қурилиш ишлаб чиқариш корхонасида жорий қилинган (Узсаноатқурилишматериаллари уюшмасининг 2025 йил 17-ноябрдаги 02/15-3768-сонли маълумотномаси). Натижада полипропилен толалари билан дисперс арматуралаш жараёнида мустаҳкамликни ортишига ва шу билан бирга цемент сарфини 8-10 % га камайтирилишига эришилган;
фибробетон, “Бунёдкор-3” МЧЖ ишлаб чиқариш жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хоʻжалиги вазирлигининг 2025 йил 5-декабрдаги 34-06/14353-сонли маълумотномаси). Натижада йиллик 462 196 800 (тўрт юз олтмиш икки миллион бир юз тўқсон олти минг саккиз юз) сўм иқтисодий самарадорликка эришилган;
полипропилен толалари билан дисперс арматураланган эгилувчи фибротемирбетон тўсинларни мустаҳкамликка ҳисоблаш дастури “Коммуналтаъмирлойиҳа” МЧЖ лойиҳалаш ишларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хоʻжалиги вазирлигининг 2025 йил 5-декабрдаги 34-06/14353-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳалаш ва ҳисоблаш жараёнларига сарфланадиган меҳнат сарфи ва вақтни 15% гача тежалиши ташкиллашган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish