Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўхтаева  Наргиза Нарзиевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Истиқлол даври ўзбек болалар шеъриятининг етакчи хусусиятлари”, 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).

Илмий раҳбар: Қаҳрамонов Қурдош Ялгашевич, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.РhD/Fil540.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.

Расмий оппонентлар: Жабборов Нурбой Абдулҳакимович, филология фанлари доктори, профессор; Матжонов Сафо, педагогика фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.

Диссертация йўналиши:  назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: истиқлол даври болалар шеъриятининг тараққиёт омилларини, етакчи хусусиятларини аниқлаш, бу давр болалар шеъриятидаги бадиий-услубий изланишларни ўрганиш, кичкинтойлар руҳий оламини бадиий кашф этишга интилаётган ижодкорлар поэтик маҳоратини кўрсатишдан иборатдир.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

истиқлол даври ўзбек болалар шеъриятининг яхлит эстетик ҳодиса сифатидаги янгиланиш хусусиятлари очиб берилган, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ўзгаришлар бадиий тафаккур янгиланишининг ташқи омиллари, ижодкор дунёқараши ва истеъдоди бадииятни янгиловчи ички омиллар сифатида далилланган;

болалик оламини тубдан янгича идрок этиш ва турли поэтик воситалар орқали унинг образини яратиш янгиланишларнинг асосий хусусиятларидан бири эканлиги асослаб берилган;

болалар шеъриятига хос поэтик янгиланишлар ўзбек ва жаҳон адабиётининг бадиий юксак намуналаридан, маданий мерос ва фольклор анъаналаридан ижодий фойдаланиш асносида кечганлиги асосланган;

болалар шеъриятидаги ижодий янгиланишлар, турли поэтик образ ва мотивлар, рамз ва бошқа бадиий воситалардан фойдаланиш жараёни ижодкор маҳорати ҳамда тафаккуридаги ўзгаришлар маҳсули ҳамда шаклий-услубий изланишлар янгиланиш мезони эканлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Истиқлол даври ўзбек болалар шеърияти бўйича олинган илмий натижалар асосида:

истиқлол даври болалар шеъриятининг ўзига хослиги, янгиланиш жараёнлари ва омиллари, етакчи тенденциялари ва услубий-ижодий изланишлари, ижодкорларнинг бадииий маҳорати, асарларининг маърифий-тарбиявий ва бадиий-эстетик хусусиятларига оид олинган илмий натижалардан Тошкент давлат педагогика университетида бажарилган ИТД-А-1-118 рақамли “Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш” (2015–2017) лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 29 мартдаги 89-03-1194-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек болалар шеъриятининг Навоий образи ва талқинлари акс этган намуналаридан ўқув қўлланмаларда кенг фойдаланилиб, буюк аллома сиймосининг ёритилиши болалар тарбиясида катта аҳамиятга эга эканлигини талабалар онгига чуқур сингдиришга эришилган; 

ўзбек болалар шеъриятида Алишер Навоий образи талқинлари ва унинг ёшлар тарбияси ва маънавиятида тутган ўрнига оид умумлашмалар А-1-98 рақамли “Ёшлар маънавиятини шакллантиришда Алишер Навоий адабий-педагогик қарашларининг ўрни ва аҳамиятини тадқиқ этиш” (2015–2017) лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 24 апрелдаги 89-03-1593-сон маълумотномаси). Натижада истиқлол даври ўзбек болалар шеъриятида кўп мурожаат қилинаётган Навоий образини яратишдаги усуллар, қўлланилган воситаларнинг ёш авлод камолотида тутган ўрни, миллий, адабий ва тарихий қадриятларнинг тикланиши хусусидаги хулосалар лойиҳадаги етакчи типологик ҳодисанинг моҳиятини илмий аниқлашда асосий тамойил вазифасини бажарган;

истиқлол даври ўзбек болалар шеърияти янгиланишига доир илмий-назарий қарашлар ва тадқиқот материалларидан “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар”  муҳарририяти томонидан тайёрланган “Бедорлик”, “Ижод завқи”, “Адабий жараён”, “Таълим ва тараққиёт” эшиттиришлари сценарийларини шакллантиришда фойдаланилган, эшиттиришлар тадқиқотчи тавсия этган фикрлар билан бойитилган, айрим эшиттиришларда тадқиқотчи эксперт сифатида иштирок этган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 12 мартдаги 1-39-сон маълумотномаси). Натижада эшиттиришларнинг илмий далилларга бой бўлиши таъминланган ҳамда истиқлол даври болалар шеъриятининг маърифий-тарбиявий аҳамиятини очишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish