Янги Ўзбекистонни барпо этишда таълим ва фан соҳаларини сифат жиҳатдан ривожлантириш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида кўплаб ютуқларга эришилмоқда. Жаҳондаги глобал ўзгаришлар, рақамли ва сунъий интеллект технологиялари, кескин рақобат шароитида барча соҳалар қатори таълим ва фан, жумладан олий таълимдан кейинги таълим соҳаларини доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда. Шунга кўра мақсадли чора-тадбирлар тизимли тарзда амалга оширилиб келинмоқда.
Ш.Аюпов томонидан “Jadid” газетаси ва оммавий ахборот воситаларида таълим турлари, олий таълим, педагогика, олий малакали илмий кадрлар тайёрлаш (инновацион ривожланиш агентлиги), илмий даражали кадрлар аттестацияси, тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаларига оид фикрлар билдирилган.
У бир-бирини инкор қилувчи фикрларни ҳам билдирмоқда, масалан:
2000-2016 йилларда таълим-фанга муносабатни у шундай тавсифлайди: “Яқин тарих юртимизда фанга эътибор сусайиб кетганига гувоҳлик беради. Илм-фанга нисбатан 2000 йилларда бошланган бефарқлик 2016 йилга келиб Фанлар академиясини ёпилиш арафасига келтириб қўйди... Энг ёмони, илмий мактаблар келажаги хавф остида қолди: нуроний олимлар орамиздан кета бошлади, ўрта ёшлилар турғун ҳолга тушиб қолди, ёшлар илм йўлини четлаб ўта бошлади”. Шундай шароитда ўзи раҳбарлик қилган даврдаги (1997-2003 йй.) ишларни “мезон” сифатида кўрсатмоқда !?
2016 йилдан бошланган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари юзасидан мақоласида ижобий фикрлар билдирган. Лекин негадир шу жараёнда амалга оширилган ишлар натижалари фақат муаммо сифатида кўтарилган. Таъкидлаш керакки, Ш.Аюпов фикрларида негадир таълим-фан соҳаларини сифат жиҳатдан ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижалари эътиборга олинмаётгандай туюлмоқда!
Кўтарилган фикрлар бўйича тааллуқлигига кўра тегишли вазирликлар ва идоралар ўз муносабатини билдирадилар. Ушбуда илмий даражали кадрлар аттестациясига оид фикрлар бўйича муносабат - раддия келтирилган.
***
Ш.Аюповнинг “Jadid” газетаси ва оммавий ахборот воситаларида билдирган фикрлари аввал ҳам, жумладан 2023 (ФАга сайловлар даврида), 2024 ва 2025 йилларда кўтарилган эди. Муҳокамалар натижаларида муаллифнинг фикрлари асосли эмаслиги бўйича унга батафсил тушунтиришлар берилган, тадбирлар амалга оширилган ва тегишли ташкилотларга расмий жавоблар йўлланган. Бу жараёнда барча қатори илмий даражали ва педагог олимлар Ш.Аюповга одоб-ахлоқ, ҳурмат ва ишонч билан муносабатда бўлган.
***
Ш.Аюповнинг “Янги замон илми” мақоласи ҳамда оммавий ахборот воситаларида билдирилган фикрларига муносабат-раддиянинг тайёрланиш сабаби - Ш.Аюповга бир неча бор тушунтиришлар, унга ва ташкилотларга расмий асословчи жавоблар берилишига қарамасдан, тушунарсиз сабабга кўра у ўз “фикри”ни яна билдириш ва жамоатчиликни чалғитишни давом этмоқда, шунга кўра бу сафар очиқ тарзда муносабат-раддия беришга мажбур қилмоқда.
***
1. Ш.Аюповга кўра: Бу 1997–2003 йиллардаги гап. Ўшанда бир йилда 100 тача докторлик ва 600 та фан номзодлиги ҳимояси ўтарди (жами 700 тача). Кейинги йилларда (2017-2025 йй.) бу кўрсатгич ўн баробар ошиб кетди. Икки баробар ҳам эмас, ўн баробар!
Юқоридаги фикр ҳақиқатга тўғри келмайди, зеро:
жамиятнинг барча соҳалари каби таълим-фан соҳасида сифат ўзгариш-лари натижасида 2017-2025 йй.да, жумладан сифат ва миқдор талабларига монанд равишда йилига ўрта ҳисобда 2700 нафардан талабгор илмий даражаларда тасдиқлангани ва олий таълимдан кейинги таълим институтлари (докторантура)га изланувчилар қабул қилинганига асосан оптимал тарзда йиллар кесимида ўсиб бориши, жумладан қуйидагилар билан изоҳланади:
а) 2000 йилда мамлакат аҳолиси 24 млн. киши бўлиб, ҳозирда 38 млн. кишини ташкил этади (14 млн. кишига ортган);
б) бугунги кунда таълим-фан соҳаси ходимларининг жамиятдаги мақоми юксак даражага кўтарилмоқда (аввал қандай бўлган? Ш.Аюповга кўра: “2016 йилга келиб Фанлар академиясини ёпилиш арафасига келтириб қўйди.....”);
в) ҳозирда олий таълим муассасалари (ОТМ)нинг сони 207 та бўлса, 2000-2003 йилларда 62 тани ташкил этган (фарқ кўринаяпти-ми);
2000 йилда олий таълим билан қамров 8%ни ташкил этиб, 50 минг нафар талаба ОТМга қабул қилинган. Ҳозирда, масалан 2024/2025 ўқув йилида қамров 48%ни ташкил этиб, 382 минг нафар талаба ОТМга қабул қилинган (фарқ кўринаяпти-ми);
г) 1997-2000 йилларда докторантурада 4 минг нафар изланувчи бўлган.
2017-2025 йилларда докторантурада жами 65 минг нафардан ортиқ изланувчи таҳсил олган. Бугун 40 минг нафар изланувчи фаолият олиб бормоқда (фарқ кўринаяпти-ми);
д) 1997-2000 йй.да илмий даражали кадарларга устамалар тўланганми! Ш.Аюповгага кўра “... илмий мактаблар келажаги хавф остида қолди; ... ёшлар илм йўлини четлаб ўта бошлади”.
Ҳозирда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими яратилган бўлиб, жумладан иш ҳақи кескин даражада оширилган, фалсафа доктори учун 30% ва фан доктори учун 60% устама ойлик иш ҳақига қўшилмоқда;
е) педагогика фанлари бўйича ҳимоялар сони ҳақиқатдан ҳам кўпми! Рақамларга мурожаат қилайлик:
бугунги кундаги 207 та ОТМда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ҳаммаси (100%) том маънода педагог, улар педагогик фаолият олиб боради. Улар педагогика фанлари бўйича тадқиқот олиб бориш ҳуқуқига эга;
масалани аниқ кўриб чиқиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика университетлари ва институтлари ҳамда Фарғона, Наманган, Андижон, Қўқон, Урганч, Самарқанд, Гулистон давлат университетлари, шунингдек 7 та нодавлат университетининг профессор-ўқитувчилари таркиби таҳлилга тортилди. Унга кўра мазкур ОТМларда 3700 нафар профессор-ўқитувчи педагогика фанлари билан бевосита боғлиқ ҳолда фаолият олиб бормоқда. Математика йўналишида эса 140 нафар ходим ўз фаолиятини математика соҳасида бевосита олиб бормоқда. Агарда уларнинг 10% ишини ҳимоя қилган тақдирда - уларнинг 370 нафари педагогика фанлари бўйича, 14 нафари математика бўйича илмий даражаларда тасдиқланар эдилар. Педагогика фанларидан ҳимоянинг кўплиги мақолада кўрсатилганидек “сифат масаласи”дан эмас, балки улар умумий сонининг кўплиги билан корреляцион боғлиқлигидадир.
Маълумот учун: 2025 йилда Математика институти ҳузуридаги ИКда 25 нафар изланувчи ишини ҳимоя қилган. Математиклар умумий сонининг камлигига кўра 1 йилда (2025) бу ИКда 25 та сифатсиз иш ўтиб кетди деб хулоса қилиш керак эмас-ку!
ж) Ш.Аюпов ФА аъзолигига сайловлар даврида ҳам (IХ-ХII.2023 й.) педагогика фанлари бўйича асосланмаган фикрларни ижтимоий тармоқларда тарқатган. Унинг фикрлари ишчи гуруҳида ўрганиб чиқилиб, у билдирган фикрлар асоссизлиги юзасидан расмий равишда тегишли ташкилотларга, жумладан ФА ва Ш.Аюповга маълумотлар тақдим этилган (1.12.2023 й.).
2. Ш.Аюповга кўра: илмий даража берувчи илмий кенгаш (ИК)лар сони кўпайиб кетган.
Юқоридаги фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.
а) вазирлик ва идоралар томонидан реал ҳолат ва низом талаблари, жумладан илмий салоҳият ва эҳтиёж эътиборга олиниб, заруратга кўра ИКни тузиш юзасидан ОАКга мурожаат қилинади. ИКлар сунъий равишда ёки кимнингдир хоҳишига қараб тузилмайди;
б) бугунги кунда тузилган 360 та ИКлар сони оптимал бўлиб, эҳтиёж мавжудлигига кўра яна 20-30 та ИК тузиш мақсадга мувофиқ;
в) Ш.Аюповнинг эътирози рақамлар билан кўриб чиқилса, у билдирган фикр батамом нотўғрилиги яққол кўзга ташланади:
биринчидан, 1997-2002 йилларда Ш.Аюпов раис бўлиб ишлаганида докторантурани тугатув йили изланувчилари сони 1 300 (бир минг уч юз) нафарни ташкил этиб (4000:3=1300), мос ҳолда 138 та ИК тузилган экан;
иккинчидан, Ш.Аюповнинг 1997-2002 йиллардаги пропорцияси (1300 нафар изланувчига 138 та ИК) қўлланилса, бугунги кундаги 13 000 нафар (ўн уч минг) изланувчига (40000:3=13000) 1380 та ИК керак бўлар экан! Ҳозирда тузилган 360 та ИКга қўшимча равишда яна 1020 та ИК тузиш керак экан-ку! (1380-360=1020);
қиёслов: Ш.Аюпов пропорцияси бўйича ҳозирда 1380 та ИК тузиш керак бўлади. Бу шароитда ИКларнинг ҳозирги 360 та сонини қандай қилиб кўп дейиш мумкин ? Аксинча – жуда кам экан-ку!
3. Ш.Аюповга кўра: кўп ишларда юзакилик, бирёқламалик, тадқиқотларни тез амалга ошириш, плагиат авж олиб кетди.
Юқоридаги фикр ҳақиқатга тўғри келмайди. Барча соҳалар каби таълим-фан, жумладан олий таълимдан кейинги таълим соҳаларида сифатга устувор даражада эътибор қаратилмоқда, жумладан:
а) тадқиқотлар сифатини таъминлашда, жумладан докторантурага қабул жараёнида бир ўринга нисбатан номзодлар сонининг кескин ошгани, саралаш амалиёти сифат жиҳатдан такомиллашгани, 3 йиллик докторантурада таҳсил олиш жараёни сифатли ташкил қилингани кабилар билан изоҳланади;
б) сифатни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар доимий хусусиятга эга бўлиб, у доимий равишда такомиллашиб, мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилиб борилади;
в) ИКлар ва ОАК томонидан сифатга алоҳида эътибор қаратилиб, илмий семинардан кейин, масалан 2022-III.2026 йилларда тақдим этилган ишларнинг 64% (ўрта ҳисобда уч мартагача экспертиза-таҳлил натижаларига кўра 64782 та аттестация иши қайта ишлаш учун қайтарилган (Изоҳ: бу сифатни таъминлашдаги табиий жараён, бу рақамларни ушлаб олиб, уни яна танқидга тортиш керак эмас!);
в) ҳозирда барча фанлар, жумладан математика ва педагогика фанлари бўйича олинган илмий натижалар амалиётга жорий қилинган. Бу натижаларнинг истеъмолчилар томонидан баҳоланиши ва сифатни оширишга хизмат қилади. 1997-2003 йилларда бундай талаб бўлмаган;
г) маълумот учун: Ш.Аюпов педагогика фанлари бўйича ишлар сифатига эътироз билдирганида, ундан маълумотлар мавжуд бўлса, беринг деб сўралган (30.11.2023 й., 29.12.2023 й.). Лекин у бундай материалларни тақдим этмаган. Унинг шубҳасига барҳам бериш, салбий фикрларнинг олдини олиш ва экспертиза холислигини таъминлаш мақсадида ЧДПУ ва ТДПУда ҳимояси ўтган ва кейинги жараёнда ҳам ижобий хулоса берилган
59 та диссертация бошқа ИКларга қайта ҳимояга жўнатилган (29.12.2023 й.). Улар ишларга ижобий хулосалар берган, натижасига кўра талабгорлар илмий даражаларда ўрнатилган тартибда тасдиқланган;
д) ОАК ташаббуси билан (2024) Математика институтида педагогика соҳаси ИКлари раислари иштирокида учрашув ташкил этилган. Учрашувда Ш.Аюпов - сизлар ва ИКларингизга эътирозим йўқ деган фикрни билдирган!
е) тадқиқот муддатининг тезлашуви мустаҳкам асосларга эга, жумладан:
ёшларимиз жуда зукко, уларга илмий фаолият учун кенг қамровли шарт-шароитлар яратилган (яна яратилмоқда), ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмлари мавжуд;
ёшлар ўз соҳаси билан бирга IТ технологиялари ва чет тилларини мукаммал эгаллаган. Авваллари лаборатория натижасини олишга 6 ой муддат керак бўлса, бугун уларни 1 ой, 1 ҳафта ёки 1 соатда олиш имконияти мавжуд; маълумотлар соҳасида очиқлик сиёсати натижасида маълумотларни олиш имкониятлари кенгайиб кетган;
илмий фаолиятни сифат жиҳатдан ривожлантиришга кучли мотивация муҳити яратилган; самарали илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими яратилган; замонавий моддий-технологик база ривожланиб бормоқда;
ҳар бир даражада ёшларни қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда;
асосийси - ислоҳотлар натижасини ўз тақдирида кўраётган ёшларимиз ўз фаолияти ва келажагини таълим-фан соҳаси билан яхши ниятлар билан мустаҳкам боғламоқдалар;
ё) маълумот учун: Ш.Аюпов яқин касбдошининг фарзанди икки йил муддатда тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эришди: ҳалол меҳнат қилган, илмий натижалар олган, уларни амалиётга жорий этган, тартиб-қоидаларга амал қилган ва шунга кўра илмий даражада тасдиқланган;
ж) 1997-2003 йилларда рақамлаштириш орқали плагиат текшируви ўтказилмаган (экспертлар ўз маълумотига кўра плагиатни текширган холос);
ҳозирда плагиат текшируви рақамлаштириш орқали амалга оширилиб,
1,5 млрд.дан ортиқ манбалар базасига эга дастур асосида бир вақтнинг ўзида 3 тилда текширилади (экспертлар ўз маълумотига кўра плагиатини яна текширади). 2025 йилдан бошлаб тест режимида сунъий интеллектдан фойдаланганлик ҳолати бўйича рақамлаштириш асосида текширув ҳам йўлга қўйилган;
з) маълумот учун: Ш.Аюпов 2024 йил февралида ишида плагиат бор деб 8 нафар талабгор бўйича материалларни тақдим этган. Материаллар иш ҳимоя қилинган ИКларга эмас, балки бошқа ИКларга текшириш учун жўнатилган (29.02.2024 й.). ИКлар материалларни текшириб, плагиат йўқ деб хулоса берган. Масалани янада объектив кўриб чиқиш ва салбий фикрлар туғилмаслиги учун Математика институти директорининг ўринбосари А.Худайбердиев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳида ҳам кўриб чиқилган. Ишчи гуруҳи плагиат ҳолати йўқлигини тасдиқлаган.
4. Ш.Аюповга кўра: Олдин математика ўқитиш методикасидан жуда кўп ҳимоялар бўларди. Кейин ВАК шундай қарор қилдики, математика бўйича ишлар Математика институтидан ўтади. Шунда семинардан аксарияти ўтмади.
Юқоридаги фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.
а) 2021 йилдан бошлаб педагогика фанлари соҳасида ОАК томонидан тажриба ўтказилиб, натижаларига кўра 2023 йил 29 декабрдан бошлаб аниқ ва табиий фанлар йўналишидаги педагогика бўйича тайёрланган ишлар ҳимоясини шу соҳаларга бевосита оид бўлган ИКларда ташкил этиш йўлга қўйилган;
б) Ш.Аюповнинг математикани ўқитиш методикасига оид фикрини эътиборга олиб, Математика институтидан (2023) намунавий иш тайёрлаб бериш сўралган. Лекин ҳеч қандай намунавий иш тайёрланмаган. Институт томонидан фақат 2025 йилнинг октябрь ойида “намуна” иши (Абдувахобов) тайёрланиб, тегишли ИКга тақдим этилган. Ушбу “намуна” иши педагогика бўйича аввал ва ҳозирда бошқалар томонидан тайёрланган ишлардан ҳеч қандай устун томони йўқ.
5. Ш.Аюповга кўра: Интернетда чиқяпти. Қалбаки, йиртқич журналларда энг кўп мақола чиқарганлар Ўзбекистондан, ёки энг сифатсиз мақолалар ўзбекистонлик муаллифларники, бу афсусланарли.
Юқоридаги фикр аксарият ҳолатда ҳақиқатга тўғри келмайди.
а) жаҳондаги нуфузли маълумотлар базаси “Retraction Watch”га кўра дунё бўйича тадқиқотчилар тақдим этган мақолаларни қайтарилиш даражаси бўйича 184 та давлат бўйича рўйхат тузилиб, рўйхат аввалида ХХР, АҚШ, Россия, Япония, Германия, Англия, Жанубий Корея, Франция, Италия, Покистон, Канада, Малайзия, Австралия, Туркия, Испания, Нидерландия, Бразилия, Тайван, Швецария каби давлатлардан кейин ўзбекистонлик муаллифлар 31-ўринда.
Таъкидлаш керакки, “Retraction Watch” томонидан мақолалар турли сабабларга кўра қайтарилган, жумладан матн нотўғри расмийлаштирилган; манбаларга ҳавола нотўғри берилган; техник талабларга риоя қилинмаган, плагиат ҳолати ва бошқалар. Ушбуда ўзбекистонлик муаллифлар томонидан тақдим этилган мақолаларнинг фақат 4 фоизига яқини плагиат ҳолати бўйича қайтарилган;
б) маълумот учун: ҳозирги кунда бизда диссертациялар илмий натижаларини чоп этиш бўйича тавсия этилган нашрлар рўйхатига журналлар ОТМ/ИТМ таклифлари асосида киритилади (чиқарилади). Талабга жавоб бермайдиган нашрлар ОТМ/ИТМ тавсияларига кўра чиқариб борилади. Масалан: сифатни таъминлаш учун 2024 йилда жаҳондаги 43 та маълумотлар базасидан 16 та (37%) маълумотлар базаси чиқарилган. Барча ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар веб-сайтга доимий равишда жойлаштирилади.
6. Ш.Аюповга кўра: қизиқ-да, ҳозир раҳбар кадрлар илмий даража поғоналаридан зинадан кўтарилгандай кўтарилиб кетяпти. Икки йилда фалсафа доктори, яна уч йилдан кейин фан доктори. Қанақасига? Раҳбар одам қачон илм қилади? Унда зиммасидаги ишларни ким бажаради? Ўзим илм йўналишида раҳбарман, менга ҳам вақт етишмайди.
Билдирилган фикрга қўшилиб бўлмайди, жумладан:
а) Бош Қомусимизда: Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади;
б) жаҳонда рақобат, айниқса кейинги йилларда глобал даражада кескинлашиб бормоқда. Бу шароитда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ватанимиз нуфузи жаҳонда тобора юксалиб бормоқда. Бу натижаларга эришиш жуда мураккаб, мажмуавий хусусиятга эга бўлиб, ушбу жараёнда соҳа, тармоқ ва турли даражадаги ташкилотлар ходимлари, олим-мутахассислар, раҳбар ходимлар фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Раҳбар ўз-ўзидан раҳбар бўлиб қолмайди;
в) илмий ишлар билан шуғулланган раҳбарлар ўзлари фаолият олиб бораётган соҳалар бўйича тадқиқотлар олиб борганлар;
г) ким бўлишидан қатъий назар, жумладан раҳбар ходим ҳам изланувчи. У ҳам сиз ва биз ўтган олимлик йўлидан ўтган, ўрнатилган тартибга асосан тегишли ишларни бажарган, сиз ва биз каби олимлар уларнинг ишига баҳо берган, шуларга кўра у илмий даражада тасдиқланган. Талаб ҳамма учун бир, жараёнда аттестация талабларининг ягоналиги таъминланган;
д) мақолада ғалати фикр билдирилган: “Раҳбар одам қачон илм қилади? Унда зиммасидаги ишларни ким бажаради?”. Агарда шундай бўлса, фан доктори илмий даражасига эга бўлган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг турли даражадаги раҳбарлари академик бўла оладими!? Чунки, академик бўлиш учун ҳам катта талаблар қўйилган-ку!
е) агарда Ш.Аюповда раҳбар ходимлар илмий фаолиятига оид материал бўлса, уларни асословчи ҳужжатлар билан бирга тақдим этиш сўралади.
7. Ш.Аюповнинг қуйидаги фикрида ғалати ҳолат кузатилади, яъни: математиклар бундай ҳолатларга йўл қўймайди, ФА соҳасида бу нарса деярли йўқ, “фожеа”, кўпроқ олий таълим, таълим, тиббиёт, педагогика, ҳуқуқ...”.
Бу ғалатилик бўйича, жумладан қуйидагиларни таъкидлаш керак:
а) нима, Фанлар академиясида муаммолар йўқми!?;
б) барча соҳалар ва йўналишда муаммо мавжуд, жумладан ФАда ҳам. Асосийси - муаммони вақтида аниқлаш ва уни ҳал этиш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга оширишдир. Бу чора-тадбирлар доимий равишда амалга оширилиб келинмоқда. Бундан “фожеа” ясаш керак эмас;
в) таълим, олий таълим, тиббиёт, педагогика, ҳуқуқ соҳаларида катта ишлар амалга оширилмоқда ва ижобий натижалар қўлга киритилмоқда. Масалан, педагоглар ёшларга таълим бериш билан бир қаторда уларнинг тарбияси борасида жуда самарали фаолият олиб бормоқдалар; тиббиёт соҳаси вакиллари аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона меҳнати билан бир қаторда, унинг илмий таъминотини ҳам ташкил қилмоқдалар; ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида илмий асосларда норматив-ҳуқуқий база янгиланиб борилмоқда.
8. Ш.Аюповга кўра: диссертацияни кўчириб олиб, ҳимоя қилганларни кўрдим. .. Бунда қоида бўйича диплом бекор қилиниши керак... домласи бизга телефон қилиб, яна семинарга киритсак бўладими деб сўради. ....Кейин эшитсам ўша тадқиқотчи, билмадим, шу ишними, бошқасиними ҳимоя қилиб кетибди. Шогирдларим айтишича, . хабари бўлмаган экан. Қандайдир ҳақ эвазига ишни ёздирган экан.
Булар бўйича, жумладан қуйидагиларни таъкидлаш керак:
а) биринчидан, шундай матераллар бўлса, уларни тақдим этиш керак. “эшитсам”, “билмадим”, “шогирдлар айтишича” кабилар асосида бошқаларга айб қўйиш мумкинми !;
б) педагогика фанлари бўйича бу ва бошқа фикрларга авваллари ва юқорида изоҳлар ва тушунтиришлар берилган;
в) Ш.Аюпов 2024 йил февралида ишида плагиат бор деб 8 нафар талабгор бўйича материалларни тақдим этган (бу ҳақида юқорида батафсил келтирилган). Лекин унинг фикрлари тасдиқланмаган. Плагиат йўқлигини Математика институти директори ўринбосари А.Худайбердиев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳи ҳам тасдиқлаган;
г) қандайдир ҳақ эвазига ишни ёздирган экан.. бўйича билдирилган фикр юзасидан тегишли шахс ва олий таълим муассасаси ўзлари махсус равишда Ш.Аюповга мурожаат қиладилар.
9. Ш.Аюпов мақоласи ва оммавий ахборот воситаларида билдирган фикрларига илмий жамоатчилик орасида, айниқса ижтимоий тармоқларда ўта салбий муносабат билдирилмоқда.
Изоҳ: таъкидлаш керакки, улар томонидан ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларда бошқаларнинг чиқишларини сунъий равишда ташкил қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан: Ш.Аюповнинг “а” исмли яқин сафдоши бир неча ой олдин бу ерда жуда катта ҳажмдаги барча “фикрлар” умумлаштирган ҳолда “мақола” лойиҳасини тайёрлаб, вилоят илмий жамоатчилиги номидан чиқаришни ташкил қилмоқчи бўлган. “Мақола муаллифи” сифатида аввал фан номзоди танланган. Лекин “мақола”нинг таъсир кучини ошириш мақсадида “муаллиф”ни фан доктори илмий даражасига эга шахсга алмаштиришган. Фан доктори фидойи, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини яхши биладиган, ўз тақдирида буларни кўрган ИНСОН сифатида “мақола”ни нашр қилишнинг олдини олган (мазкур ҳодиса 4 нафар, жумладан ректор, проректор ва фан доктори орасида муҳокама қилинган).
***
10. Ш.Аюповдан мумкин бўлса, жумладан қуйидагиларни кўзда тутган ҳолда мақола беришни сўраб қоламиз: ФА тизимидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари; “ФА илмий-тадқиқот муассасасининг замонавий модели” қандай бўлиши керак; ФАнинг истиқболлари, жумладан тизимга ёшларни жалб қилиш, академияга ички/ташқи инвестицияларни киритиш; илмий натижаларни тижоратлаштириш; илмий тадқиқотларни молиялаштиришда хорижий инвестициялар улушини ошириб бориб, жами молиялаштириш ҳажмида улар улушини ярмидан ошириш.
Бу масалаларни бир илмий-тадқиқот муассасаси, масалан Математика институти мисолида аниқ кўрсатиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳурматли Ш.Аюповга сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар тилаймиз.
ОАК матбуот хизмати.