Бугунги кунда давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ахборот олиш эркинлиги ҳамда жамоатчилик назоратига устувор аҳамият қаратилмоқда. 8 апрел куни Олий аттестация комиссиясида жорий йил I чорак якуни бўйича ҳисобот анжумани ўтказилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари, докторант ва мустақил илмий тадқиқотчилар, кенг илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таркибида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар хусусида Олий аттестация комиссияси раҳбарияти маълумот бериб ўтди. Хусусан, илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси соҳасида шаффофлик ва холисликни таъминлаш, аттестация жараёнларини рақамлаштириш борасида янгиликларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси устувор йўналишлари доирасида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шуларга мос равишда 2026 йилнинг уч ойи давомида ОАК Раёсати қарорларига мувофиқ 1081 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD), 192 нафари фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқланди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳимояга қўйилган барча диссертацияларнинг илмий натижалари ўрнатилган тартибда амалиётга жорий қилинган. Диссертациялар сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида 652 нафар талабгор илмий унвонда, жумладан 483 нафари доцент, 133 нафари профессор ва 36 нафари катта илмий ходим унвонларида тасдиқланди.
Хорижий давлатлар муассасалари томонидан олинган 26 та илмий даражалар бўйича дипломлар нострификация қилинди. Шунинг 20 таси фалсафа доктори (PhD) ва 6 таси фан номзоди илмий даражалари дипломи ҳисобланади. Хорижий давлатларда олинган илмий даражалар тўғрисидаги 18 та фалсафа доктори (PhD) дипломи тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда фан доктори сифатида тўғридан-тўғри тан олиниши ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат-лари тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлашга ҳам ОАКда устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳисобот даврида ОАК томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 99 та мурожаати ҳисобга олинди (шулардан 1 та оғзаки, 98 та ёзма). Барча мурожаатларга (100%) ўз вақтида жавоб берилди.
Шунингдек, илмий жамоатчилик, айниқса ёш илмий тадқиқотчилар билан 12 та ҳудудда учрашувлар ва сайёр қабуллар ташкил этилиб, ҳисобот даврида 3475 нафар илмий жамоатчилик, шундан 2900 нафари 35 ёшгача бўлганлар ёшлар билан 34 та учрашув ташкил этилди. Уларда 381 та саволга тушунтиришлар берилди, 92 нафар шахсга жойида услубий ёрдам кўрсатилди ва сайёр қабулларда 20 нафар шахсга жойида амалий ёрдам берилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган матбуот анжуманида журналист ва илмий жамоатчилик вакиллари омонидан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёни, унинг илғор халқаро тажрибалар асосида такомиллашуви, соҳани рақамлаштиришнинг аҳамияти ва илмий-техник янгиликларнинг амалий фаолиятга татбиқ этилишига доир долзарб қўшимча саволлар ҳам ОАК масъуллари томонидан атрофлича жавоб берилди.
ОАК Ахборот хизмати.